Кириш Регистрация
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед

Африка футболига хос ёзилмаган қонун

Баҳо:
+ | -

Ўтган йили март ойининг охирида ОАВ саҳифалари ўта ёввойи кадрларга тўлиб кетганди.

Нигерия терма жамоасининг мухлислари Ганага қарши ЖЧ-2022нинг саралаш учрашувидан кейин йўлларида дуч келган нарсаларни яксон қилишга киришдилар.

60 000 кишилик оломон ғазабини жунбишга келтирган сабаб - 1:1 ҳисобидаги дуранг туфайли Нигериянинг Қатар мундиалидан четда қолганлиги. 2006 йилдан бошлаб қаторасига 4та ЖЧда қатнашган жамоа бу гал йўлланмани қўлга кирита олмади. Оқибатда оммавий муштлашувлар, ур-йиқитлар юзага келди. Хавотирга тушиб қолган футболчилар кийиниш хоналарида жон сақладилар, полиция оломонни тарқатиш мақсадидакўзни ёшлантирувчи газдан фойдаланишга мажбур бўлди. ФИФА Нигерия ФФни жарима ва битта учрашувни бўш трибуналарда ўтказиш шарти билан жазолади.

Четдан қараганда, даҳшатли воқеа, аммо Нигерия учун кам учрайдиган ҳодиса эмас. Бу мамлакат учун маҳаллий ташвиш мақомидаги «ёввойи» фанатлар охир-оқибат, замонавий футболдаги ёзилмаган қонунни жорий этдилар - ички чемпионатнинг сафар ўйинларида ғалаба қозонишнинг иложи йўқ. Мана шу жиҳат бизни Нигерия футболи билан яқиндан танишишга мажбур этди. Бу юртда ҳамма нарса - давлат клублари ҳам, сотилга ҳакамлик ҳам, фанатларнинг «ўзи хон, кўланкаси майдон» эканликлари ва коррупция ҳам етарли.

Аввало, Нигерия хусусида муҳим маълумот

Нигерия - Африканинг аҳолиси ўта зич давлати. У нефтни қазиб олишда етакчи давлатлар қаторида бўлсада, қарзлари тобора ортиб бормоқда, инфляция ва ишсизлик кучаймоқда. 216 миллионли аҳолининг 90 миллиони қашшоқлик мақомида. Ўтган йили ўтказилган сўров натижаларига кўра, фуқароларнинг 70 фоизи уларга имконият берилса, мамлакатни тарк этишга рози эканлигини маълум қилган. Мусулмонлар истиқомат қиладиган шимолда исёнчилик ҳаракатлари кузатилаётган бўлса, жануби-шарқда тартибсизлик, қотиллик ва одам ўғирлаш каби жиноятлар авжига чиқмоқда.

Мамлакат футболи учун энг оммавий спорт тури таърифи яққол камлик қилишига шак-шубҳа йўқ. У маҳаллий аҳолининг яккаю-ягона қувончи. АМК турнирининг кўп карра ғолиби, 1996 йилдаги Олимпиа­да чемпиони ва ЖЧларининг 6 карра иштирокчиси бўлган «Супербургутлар»ни эшитмаган мухлис бўлмаса керак. Ва албатта, яқин ўтмиш афсоналари - Жей-Жей Окоча, Даниэль Амокачи, Финиди Жорж, Нванкво Кану, Селестин Бабаяро ва Тижани Бабангидуларни ҳам. Ҳозир эса Келечи Ихеаначо, Виктор Осимхен каби юлдузлар жавлон урмоқдалар. Лекин маҳаллий чемпионат ҳақида ҳеч нарса билмаймиз.

10 мавсумда атиги 1 марта, 2013 йилда ўз уйида мағлуб бўлганди

Нигерия чемпионати 20та жамоадан иборат. Фақат 2019 йилда мусобақада 12та жамоали 2та гуруҳ ташкил этилганди. Турнир одатий тартибда ўтказилади: 38та ўйин, 19тадан уйда ва меҳмонда. Уйда ва меҳмонда қайд этилган ғалабалар сонини инобатга олмасак, ҳаммаси барча мамлакатлардагидек. Лекин айрим жиҳатларга аниқлик киритиш лозим:

• 2016 йилда 18-турдан кейин қаторасига 3та уй учрашувини ўтказа олмаган «Гива» клуби мусобақадан четлатилган, у билан қайд этилган барча натижалар бекор қилинганди;

• 2018 йилда чемпионат 24-турдан кейин маъмурий муаммолар туфайли муддатидан аввал якунланганди;

• 2019/2020 йиллар мавсумида аввалига мусобақа тўхтатилди, кейин пандемия туфайли барвақт якунланди. Бу турнирда иккита жамоа уй учрашувларида 7та мағлубиятни қайд этган, лекин рақибларини нейтрал майдонда қабул қилганди;

• 2021/2022 йиллар мавсумида ҳам иккита жамоа нейтрал майдонда меҳмон жамоаларга 3 марта имкониятни бой берганди.

Энди Нигерия лигасининг бошқа ўзига хос жиҳатларига ўтамиз

• 10 мавсум давомидаги барча уй учрашувларида голлар нисбати бўйича фақат битта жамоа - 2014 йилда қуйи лигага тушиб кетган «Нембе»да салбий натижа қайд этилганди;

• 2013 йилда 2-ўринни эгаллаган «Эньимба» ўз дарвозасидан бирорта гол ўтказиб юбормаган - 28:0. 19 учрашувнинг 17тасида ғалаба қозонган, битта ғалабани сафарда қўлга киритганди;

• Амалдаги чемпион ва пеш­қадам 10 мавсумда атиги 1 марта (2013 йилда) ўз майдонида мағлубиятини тан олганди;

• Баъзан жамоалар ўз майдонларида мағлубиятларида мағлубиятга учрамаган ҳолда лигани тарк этадилар. «Шаркс» 2015 йилда, «Саншайн Стар» 2018 йилда шундай омадсизликни қайд этганди.

Ишончимиз комилки, шу пайт­гача биз бу ноодатий статистикани чоп этмаган, сиз эса танишмаган эдингиз. Нигериядаги букмекерлик идоралари меҳмонлар жамоасининг ғалабаси учун 10 баллдан паст баҳо қўйишгани деярли учрамайди. Ўйлашимизча, статистик натижаларнинг фантастик ҳолати у ердагилар учун янгилик эмас. Деярли барча клублар маҳаллий штатлар ҳукумати тасарруфида бўлгани боис, лигада ўйнаш ҳуқуқини сотиб олиш мумкин. Мутасаддилар клуб бошқарувига давлат хизматчилари орасидан номзод танлашади. Бу раҳбарлар жамоанинг салбий натижалари учун жавобгарлар ва кучли босим остида бўладилар. Шу сабабли ўз майдонларидаги устунликдан имкони борича тўлиқ фойдаланишга уринадилар. Штатлар ҳукумати томонидан ажратиладиган молиявий ҳамда маъмурий воситалар асосан ижобий натижа учун сарфланади. Клубнинг муваффақияти ўша штат ва унинг раҳбарияти муваффақияти сифатида баҳоланади. Ўз майдонидаги омадсизлик эса ўта кучли зарба ўрнида қабул қилинади.

Нигерияда маблағ ва ҳокимиятнинг таъсири кучли. Шу сабабли бу ерда Европа мамлакатларида учрамайдиган келишувлар бўлиб туради. Масалан, 2019 йил апрелида эндигина элитага чиққан «Када Сити» соҳиби «мураккаб молиявий вазият» туфайли Дельта штатига сотиб юборди. Аниқроғи, 154 000 доллар эвазига клублар лигалардаги ўринларини алмаштириб олишди. Бироқ расмий ҳужжатларда «Дельта Форс» соҳиблари «Када Сити»ни харид қилганликлари ва ўз жамоалари номи билан атаганликлари қайд этилди. Таажжубки, «янги Дельта» элитага «ютилган» жамоа натижалари билан йўл олди. «Када Сити» эса қуйи лигада пайдо бўлди. Бу ҳам ҳеч нарса эмас, ўша йилнинг ўзида, фақат янги мавсумнинг 5-туридан кейин «Дельта Форс» элитага қай йўсинда чиққан бўлса, худди шундай усулда ўз ўрнини «Квара Юнайтед»га сотиб юборди.

Натижага эришишнинг асосий услуби 2та - ҳакамларни сотиб олиш ва расмий шахсларга нисбатан иғвогарлик

Ҳакамлар мезбон жамоа вакилларидан компенсация олади. Нигериялик ҳакамлар қитъа­даги энг малакасиз мутахассислар ҳисобланадилар. Натижаларга оид найрангларда айнан уларни айблашади. Лекин очиғи, уларнинг иш шароити ўта оғир. Ҳакамларнинг иш ҳақи ҳатто мамлакат мезонича ҳам жуда оз - 150-250 доллар. Лекин лига уларнинг сафар харажатларини мезбон жамоа зиммасига юклаган. Шу тариқа ҳакамлар молиявий қарамликка маҳкум этилганлар.

Уй стадионларидаги зўравонлик

Афсонавий «Супербургутлар»нинг ЖЧ-94даги ярим ҳимоячиси Эдема Фулуду ҳозирги безориликка сабаб бўлаётган айрим муаммоларга тўхталиб ўтди: «Мухлисларнинг кўпчилиги аслида, фанатлар эмас. Улар менежерлар ёки клублар раҳбарларидан пул олиш эвазига учрашувнинг расмий вакилларига босим ўтказадилар. Чунки ғалаба уларга мўмай даромад келтиради. Шахсан ўзим ўйинлар учун нафақат ўйинчилар, балки ўша жамоа мухлисларига ҳам бонус ажратадиган клуб ҳақида эшитганман».

Лига мунтазам равишда хавфсизликни таъминлаш борасида тегишли чоралар кўрилгани ҳақида хабар берсада, вазият ўзгармаяпти. Яъни, қўрқув ҳамон «тирик». Ҳатто пандемия давридаги мухлисларсиз ўтган ўйинларда ҳам меҳмонлар ғалабалари 10 фоиздан ошмади. Яна бир ишониш қийин бўлган ҳақиқат - телекомпаниялар айрим ҳудудларда учрашувларни намойиш этишга ҳам қўрқадилар. Нигерия футболи эса қанчадан-қанча манфаатли шартномалардан бенасиб қолмоқда.

Содиқ СОБИР тайёрлади

Манба: «Интерфутбол» газетаси
Киритилди: 13:13, 23.05.2023.
Ўқилди: 1864 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.