Мазкур матбуот анжуманида Миржалол Қосимов билан биргаликда, миллий терма жамоада ўйин ўтказиш бўйича рекордчи саналган ярим ҳимоячи Темур Кападзе ҳам иштирок этди. Ўзбекистон терма жамоаси ярим ҳимоячиси ҳам журналистларнинг саволларига жавоб бераркан, Қатар терма жамоасини яхши шакллаган жамоа эканлигини таъкидлаб ўтди.
«Қатар билан кўп бора ўйнаганмиз. Ҳар сафар ўйнаганимизда уларнинг ҳар томонлама шаклланган жамоа эканига ишонч ҳосил қилганмиз. Қатар Осиёдаги кучли жамоалардан бири. Эртага бизга осон бўлмайди. Ўйин ҳам қоқ жазирамада бошланишига қарамай, биз баҳсга тайёрмиз. Биз ғалаба учун келганмиз. Қатарга ҳам ғалаба керак. Шу сабабли ҳам қийин ўйин бўлади. Биз ниҳоят ютишни бошламоқчимиз» - дейди Кападзе.
Эслатиб ўтамиз, ЖЧ-2014 сўнгги саралаш босқичи 5-туридан ўрин олган Қатар ҳамда Ўзбекистон миллий терма жамоалари ўртасидаги учрашув, 16 октябрь куни бўлиб ўтади. Мазкур учрашув Тошкент вақти билан 17:25да бошланади. Учрашувда Ўзбекистон миллий терма жамоаси кўк либосларда, Қатар терма жамоаси эса оқ рангли либосда ўйнайди.