ОФК лицензияси учун 25 та клуб ҳаракат қилган бўлса, шулардан 8 таси муваффақиятсизликка учради. Қуйида шу ҳақда.
«Сурхон». Суперлига клублари орасидан фақатгина «Сурхон» лицензияга эга чиқа олмади ва ўзининг лигадаги ўрнини хавф остида қолдирди. Боиси «Сурхон» собиқ футболчи ва мураббийлар олдидаги қарзларини тўлиқ бартараф этгани йўқ. Футбол клубининг янги инвесторлари жамоани молиялаштириш ҳамда «Сурхон» аренани таъмирлаш ишларини олиб бораётган бўлсада, Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ўз чекига тушган эски қарздорликни бартараф этиш вазифасини шу йилнинг 31 март санасига қадар ҳал қила олмади.
Шунингдек, «Сурхон» арена прожекторлари талаб қилинган вақт ичида ОФК талабларига мослаштирилмади. Айнан шу сабаб туфайли Лига кетма-кет иккинчи мавсум «Сурхон»га ўз аренасида ўйнаш учун рухсат бермайди.
Маълумот учун, «Сурхон» арена прожекторлари 17 июнь санасига кўра талабга мослаштирилди ва айни вақтда Лига мутахассиси буни кўздан кечириш учун Термизда бўлиб турибди.
«Қўқон-1912». Клубда ёшлар билан ишлаш тизими раҳбарида А лицензияси мавжуд эмас. Маълумот учун, айни вақтда клубни бошқариб келаётган мутахассисда ҳам Про лицензияси мавжуд эмас.
«Хоразм». Бош мураббий Про лицензиясига эга эмас. Шунингдек, ёрдамчи мураббийда А лицензияси йўқ.
«Ғиждувон». Бош мураббий Про лицензиясига, техник директор А лицензиясига эга эмас.
«Андижон-SGS». Бош мураббийда Про лицензияси йўқ.
«Дўстлик Тошкент». Бош мураббий Про лицензиясига, техник директор А лицензиясига эга эмас. Шунингдек, клубда жисмоний тайёргарлик бўйича мураббий фаолият олиб бормайди.
«Зомин». Бош мураббий Про лицензиясига, техник директор А лицензиясига эга эмас. Стадион прожекторлари ҳам ОФК талаби даражасида эмас.
«Янгиер». Ёшлар тизими билан ишлаш дастури йўқ. Стадион прожектори йўқ. Бош мураббий Про лицензиясига, техник директор А лицензиясига эга эмас. Аудиторлик ҳисоботи тақдим этилмаган.
«Сурхон»дан бошқа клубларда қарздорлик йўқми?
Бор. Ойлик-маошларда кечикишлар бўлиб туриши табиий. Лига лицензиялаш жараёни бошлангунга қадар бу каби ҳисоботларни тўплаб боради. Вазият кескинлашаётган клублар иши ЎФА тегишли қўмитасига оширилади. Бу каби ҳолатларда қўмита айрим футбол клублари учун трансфер ойнасига нисбатан чекловлар киритиши мумкин.
Бироқ ОФК лицензиясидан тушиб қолиш учун қарздорлик цикл аввалидан қолиб келаётган бўлиши керак. Мисол учун айни вақтда ўз ишчи-ходимларидан қарздор бўлган клублар ёзги трансфер ойнасидаги ҳаракатлари учун июль ойига қадар қарзни ёпишга ҳаракат қилади. Шунингдек, лицензиялашда муваффақиятли иштирок этиш учун эндиликда 31 декабрга қадар юзага келган қарзлар 31 март санасига қадар тўлиқ бартараф этилиши лозим. Ундан кейин юзага чиққан қарздорлик кейинги лицензиялаш циклига тааллуқли бўлади.
«Сурхон»да эса қарзлар икки циклдан буён қолиб келмоқда. Бу эса ОФК лицензиялаш талабларига зид ҳисобланади. Шундан келиб чиқиб, фақатгина «Сурхон» рўйхатдан тушиб қолди. Қолган клублардаги қарздорлик масаласи эса Лига ҳамда ассоциация томонидан ҳисобда ушлаб турилибди.