Сўнгги 15 йил ичида футбол майдонида доминантлик қилиб келган Роналду ва Месси эраси ўз якунига етди. Бу икки афсона Европада энди бўй кўрсатмайди. Уларнинг бири Саудия Арабистонига, иккинчи эса АҚШга йўл олган эди. "Олтин тўп"нинг сўнггисини қўлга киритган Карим Бензема ҳам Роналду ортидан Ўрта Шарққа равона бўлди. 2018 йилги ғолиб Модрич эса "Реал"да қолганига қарамасдан, фаолияти охирлаб қолганига ишора қилди. Шундай экан, афсоналар даври тугамоқда. 2023 йилги "Олтин тўп" яна Мессига насиб этиши кутилмоқда. Аргентиналик ҳужумчи ўз жамоаси билан мундиал ғолибига айланган эди. Бу тушунарли. Аммо 2024 йил учун нима дея оламиз? Қуйида бир йилдан кейинги "Ballon d'Or" даъвогарлари ҳақида сўз боради.
Жуд Беллингем – "Реал"
Қатардаги Жаҳон чемпионатининг ёрқин юлдузларидан бири бўлган Беллингем, футбол тарихидаги учинчи энг қиммат футболчига айланган эди. У 103 миллион евро эвазига "Реал" сафига ўтди. Афсуски, Англия терма жамоаси аъзоси "BvB"ни Германия чемпионига айлантира олмади. Аммо у ўз клубида 19 ёшидаёқ сардорлик боғичига эга чиқди. Ўтган мавсумда ярим ҳимоячи 42 та ўйинда майдонга тушиб, 14 та гол ва 7 та ассистга муаллифлик қилганди. Беллингем ҳаммани рад этиб, Мадрид клубига қўшилишни афзал кўрди. Келажакда бунинг натижаси намоён бўлади.
Эрлинг Холанд – "Манчестер Сити"
Холанд АПЛ бош соврини ва турнирнинг энг ёш футболчиси номини бирданига қўлга киритган тарихдаги илк футболчидир. Норвегия терма жамоаси аъзоси Месси ва Роналдунинг энг муносиб вориси сифатида катта майдонга кириб келди. Холанд Англияда бир мавсумда энг кўп гол уриш борасида ҳам рекордларни янгилаганди. 22 ёшли ҳужумчи мавсумни 53 та учрашувда 52 та гол билан тугатди. Шунингдек, у Англияда сўнгги 95 йилда, ягона мавсумда 50 тадан кўп гол урган илк ҳужумчига айланди. Ҳозирга қадар клуб ва мамлакат учун 229 та гол уришга улгурган Холанд, Роналдунинг 837 талик рекордини янгилаш учун энг асосий даъвогардир.
Винисиус Жуниор – "Реал"
Ўтган март ойида Карло Анчелотти Вини Жуниорни "Ливерпул"га қарши баҳсдан кейин "дунёдаги энг кучли футболчи" дея таърифлаганди. Бразилиялик ҳужумчи 2021-2022 йилги ЕЧЛ мавсумида "Манчестер Сити" ҳимоясини пароканда қилиб ташлади. У ўтган даврда 23 та гол ва 21 та ассист билан маҳсулдорлик бобида Европада учинчи ўринга эришган.
Афсуски, шундай талант, мавсум давомида кўплаб ирқчилик билан боғлиқ муаммоларга дуч келди. Аммо жаҳон ҳамжамияти қаршилиги билан бунга барҳам берилди. Ҳозирда Жуниор ФИФАнинг ирқчиликка қарши кураш қўмитасига бошчилик қилмоқда.
Килиан Мбаппе – "ПСЖ"
Франция терма жамоаси сардори 2017 йилда "ПСЖ" сафига келади. У шундан буён 260 та ўйинда 212 гол ва 98 та ассист қайд этди. Мбаппе олти йилда 13 та титул ютишга эришган. 2018 йилги мундиалда ғолиб чиққан Франция таркибида Мбаппе муҳим рол ўйнайди. Ҳатто, у 2022 йилда ҳам Жаҳон чемпиони бўлиши мумкин эди. Аммо финалда қайд этган хет-триги, Месси Аргентинасини енгишга етмади. Афсуски, шундай ҳужумчи "ПСЖ"ни тарк этишга қарор қилган. Мбаппенинг нияти – "Реал" сафига қўшилиш. Аммо бу иш осон бўлмайди.
Неймар – "ПСЖ"
Гарчанд 31 ёш бўлса ҳам, Неймарнинг даражаси ҳали ҳам юқори. Вингер ўтган мавсум давомида 35 та голда иштирок этди. Мундиалда Хорватия дарвозасига гол уриш орқали у Пеленинг Бразилия сафидаги рекордига тенглашиб олди (77 та). Шундай экан, Неймардан ҳали кўп нарса кутиш мумкин. "Олтин тўп"га даъвогарлар рўйхатидан уни чиқармай турамиз.
ИСМАТОВ Ж.