"Арсенал" тез орада Деклан Райс трансферидан қуруқ қолиши мумкин. Негаки, пойгага "Манчестер Сити" қўшилди. Бу клубда пул етарли ва бу "Вест Хэм"нинг талабларини қондиришга етади. Шундай экан, воқеалар ривожи айни дамда тўпчилар фойдасига бўлмаяпти. Аммо хавотирга ўрин йўқ. Сен бўлмасанг, бошқаси деганларидек, Райс ўрнини босадиган номзодлар кўп. Қуйида шулардан айримлари санаб ўтилади.
1. Жоау Пальинья
"Арсенал"нинг ярим ҳимояси қайта қурилиши кутилмоқда. Негаки, таркибнинг асосий вакиллари бўлган Гранит Жака ҳамда Томас Партилар Лондонни тарк этиши мумкин. Микель Артета эса юзага келадиган бўшлиқларни тўлдириши керак. Эҳтимолий тўлдиришлар бир-биридан фарқ қилади. Яъни, ярим ҳимоячи деб номланган марказ вакиллари ҳам майдонда бажарадиган вазифаларига қараб фарқли бўлади. Агарда Райс "Ман Сити"га кетса, "Арсенал" яна Мойсес Кайседо вариантига қайтиши мумкин. Шунингдек, ёш ва чаққон Ромео Лавия варианти ҳам бор. Аммо у Райснинг ўрнига муқобил бўла олмайди. Шу сабабли тўпчилар бу борада ўз қўшниларига юзланишга мажбур бўлади. "Фулхэм" юлдузи Жоау Пальинья дебют мавсумидаёқ ҳамманинг назарига тушишга улгурди. Португалиялик юлдуз ўзининг ўйинни ўқиш қобилияти билан ажралиб туради. Шу сабабли у майдон маркази учун идеал танлов бўлган бўларди. Бироқ, Пальиньяга қўйилган 90 миллионлик нарх ақлга сиғмайди!
2. Калвин Филлипс
"Лидс" ва Англия сафида порлагач, Филлипс "Манчестер Сити"дан таклиф олди ва бунга рози бўлди. Ярим ҳимоячи янги жамоасида захира вариантига айланиб қолди. Родри соясида қолиб кетган ярим ҳимоячи жами 593 дақиқа майдонда ҳаракат қилишга муваффақ бўлган холос. Шунга қарамай, Филлипс "шаҳарликлар" сафида қолмоқчи эканини билдирган. Аммо Гюндоганнинг ўрнига Райс келса, у ҳолда Филлипс ўрни янада чуқурроққа тушиб кетади. Родрининг асосий таркибдаги ўрни ўзгармас бўлгани ҳолда Ковачич унга ўриндошлик қилади. Филлипс эса яна захирада қолиб кетаверади. "Арсенал" 26 ёшли футболчини жалб этиб, унга кўпроқ ўйин вақти тақдим этиши мумкин.
3. Кефрен Тюрам
"Ливерпуль" Тюрамга энг асосий даъвогар. Аммо мерсисайдликлар "Ницца" юлдузига Европа чемпионати (U21) тугамагунича, таклиф юбора олмайди. Шундай экан, "Арсенал"да курашиб кўриш учун имконият бор. Ёш француз жисмоний ва функционал жиҳатдан афзалликларга эга. Хусусан, унинг баланд бўйи яккакурашларни ютиб олишда муҳим аҳамиятга касб этади. Рақиб ҳужумини бузишда, Тюрам ўтган мавсум давомида Франциядаги энг яхшилардан бири эди. Қолаверса, мослашувчанлик қобилияти, уни ҳар икки жарима майдончаси ичида унумли ҳаракат қилиш имконини беради. "Ницца" 20 ёшли ярим ҳимоячи эвазига 40 миллион фунт талаб қилмоқда.
4. Амаду Онана
АПЛда Онананинг жамоаси анча аянчли аҳволда қолган эди. Аммо ёмон жамоанинг энг яхши вакили сифатида айнан Онанани эътироф этиш мумкин. Агарда "Арсенал" "Манчестер Сити"ни чемпионлик пойгасида мағлуб этмоқчи бўлса, у ҳолда жамоага кўпроқ жисмоний куч керак бўлади. Бу борада Онана ажойиб вариантдир. Бельгия терма жамоаси аъзоси ҳимоя ва ҳужумда фойдали бўлиши билан бирга, ҳаводаги курашларда устунликка эга. "Арсенал" Онана учун шундоқ ҳам асосий даъвогар бўлиб турибди. Райс масаласи муваффақиятли ҳал бўлмаса, Онана Артетага ёрдамга келади.
ИСМАТОВ Ж.