Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

Эден Азардан «тепки» еган «Болбой» тарихи

Баҳо:
+ | -

2013 йил 23 январь. Уэльснинг «Суонси» клуби шу куни Англия Лига кубоги ярим финалида «Челси» билан тўқнаш келди ва ғалаба эвазига ўз тарихида илк марта турнирнинг ҳал қилувчи баҳсида ўйнаш ҳуқуқини қўлга киритди. Бироқ эртасига ОАВда камтарин клубнинг ютуғи ҳақида умуман ёзилмади ҳисоб. Чунки бошқа бир воқеалик диққат марказига тушганди...

Ўша ярим финални эсласак, финал ҳуштаги янграшига чамаси 10 дақиқа қолган вақт «Челси» ҳужуми пайти тўп майдон четига чиқиб кетди. Табиийки, шу атрофда турган Эден Азар ўйин тезроқ давом эттирилишини истади ва тўпни рақиб дарвозабонига олиб бериш учун унинг ортидан югурди. Бироқ 17 ёшли «болбой» Чарли Морган тўпни беришни хоҳламади. Охир-оқибат, бельгиялик футболчи ўзини ирода этолмай, болани оҳиста тепиб юборди. Яна бир неча сониядан кейин бош ҳакам Крис Фой ярим ҳимоячига ўз ҳаракатига яраша «насиба» улашди - қизил карточка. Азар бунинг ортидан 3та ўйинга дисквалификаcия қилинганини ҳам эслатиш керак. Чарли эса ўйиндан кейин отаси билан бирга интервью бериб, Эден-нинг хатти-ҳаракатига нисбатан қандайдир даъво шикояти ёзмаслигини маълум қилди. Бельгиялик футболчи ҳам «болбой» билан гаплашиб, ҳаммасини тушунтирганини таъкидлади. «Тўғриси, «болбой» эмас, тўпни тепишни ўйлагандим. Ўхшовсиз ҳаракатим учун узр сўрайман. Чарли ўйиндан кейин «Челси» кийиниш хонасига бош суқди ва у билан тезда чиқишиб кетдик. Ўзидан ҳам узр сўрадим, у эса қайсарлик қилганини тан олди. Шу билан можаро ёпилди», - дея интервью берди Эден клуб телеканалига.

Воқелик эффектига келсак, шундан сўнг атиги бир неча соат ичида Чарлининг «Твит­тер»даги саҳифасига 100 минг­дан кўпроқ одам ёзилди. Шу аснода нотаниш ўсмир қўққисдан мислсиз машҳурликка эришди. Хўш, ўша Чарли ҳозир қандай юмушлар билан банд? Жавоб кўпчиликни ҳайрат кўчасига етаклаши турган гап. Диққат қилинг, The Sunday Times журналининг талқинига кўра, собиқ «болбой» яқинда Буюк Британиянинг 35 ёшгача бўлган энг бой одамлари рўйхатига киритилди. Айни пайт умумий бойлиги 55 миллион фунтга баҳоланаётган Чарли Морган бу рейтингда ҳаттоки, Гарри Кейн ва модель Кара Делевиндан ҳам юқорида. Қойилмисиз? Йўқ, у Азар «тепки»си ортидан бо­йиб кетмади, албатта. Чунончи, Чарли болалик дўсти Жексон Куинн билан ҳамкорликда олтин тусли шишаларда сотиладиган юқори сифатли ичимликларни ишлаб чиқаришни йўлга қўйган. «Британия анъаналари ва ҳашаматли қўшимчаларни бирлаштирган ҳолда, чиндан ҳам, ажойиб ультра-премиум ичимлик яратдик. Олтин тусли шиша - бу бренд белгиси. Маҳсулотларимиз индивидуал услубни афзал кўрадиганларга мўлжалланган», - дейилади Чарлига тегишли компания сайтида берилган изоҳда.

Хуллас, Чарли ва унинг дўс­ти бизнесда ўз йўлларини топиб улгуришди. Дейлик, улар ўз маҳсулотлари рекламасига бокс афсонаси Флойд Мейвезерни ҳам жалб этишди.  Дунёдаги энг машҳур блогерлардан бири Жейк Полни эса ҳаттоки, компания логотипини ўз баданига татуировка шаклида босди. Маълумотларга қараганда, икки ҳамкор биргина 2020 йили 1,7 миллион шиша ичимлик сотди - бу коронавирус пандемияси даври учун ажойиб кўрсаткич. Натижада Суонсидаги кичик офисда иш бошлаган компания бир йил ичида Буюк Британиянинг энг йирик премиум брендларидан бирига айланди. Эндиликда Морганнинг маҳсулотлари жаҳоннинг 40тадан кўп мамлакатида сотилмоқда. Тўғри, шу жойда таъкидлаш керак, Чарли бизнесда мустақил равишда катта муваффақиятга эришгандир, аммо ота-онасидан озгина ёрдам олганини инкор этиш қийин. Бинобарин, унинг отаси Мартин Морган меҳмонхоналар тармоғи соҳиби саналади (катта Морганнинг умумий бойлиги 10 миллион фунт стерлингга баҳоланмоқда айни пайт).

Д.АЛИМОВ тайёрлади

Манба: «Интерфутбол» газетаси
Киритилди: 22:47, 04.07.2023.
Ўқилди: 3276 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.