Роппа-роса бир ой олдин “Андижон” Тожикистон Республикаси Сўғд вилояти Гулистон шаҳридаги Қайроққум сув омбори соҳили яқинида жойлашган спорт комплексига ўқув-машғулот йиғинини ўтказиш учун келганди. Орадан бир ой ўтиб, 9 июль куни жамоа аъзолари яна Тожикистонда! Бу сафар давралар оралиғидаги ёзги йиғин тайёргарлик режасига биноан “Бургутлар” яна ушбу сўлим ва гўзал масканга ташриф буюрди.
Хабарингиз бор, “Андижон” биринчи даврадаги охирги ўйинини 29 июнь куни Тошкентда “Пахтакор”га қарши ўтказганини яхши биласиз. Шундан кейин футболчилар бир неча кунлик таътилга чиқди ва бугундан иккинчи даврага тайёргарликка киришилди.
“Андижон”нинг бу ердаги ёзги йиғини 20 июлга қадар давом этиши режалаштирилган. Шу вақт давомида жамоамиз 3 та назорат учрашувларида иштирок этади ва рақиблар Тожикистон олий лигаси қатнашчиларидир.
Дастлабки беллашув 12 июль кунига белгиланган. Шу куни “Эсхата” спарринг-рақиб вазифасини ўтаб беради. Иккинчи учрашув 16 июль куни “Равшан Кулоб” жамоасига қарши бўлиб ўтади. Маълумот учун, ушбу жамоани ўз вақтида “Андижон” клубида тўп суриб, ёрқин ўйинлари билан мухлисларнинг қалбидан жой эгаллаган Тоҳир Мўминов бошқариб бормоқда. Тожикистон йиғини мобайнидаги сўнгги назорат учрашуви 20 июлда “Хўжанд”га қарши бўлиб ўтади.
5 июлдан юртимизда ёзги трансфер ойнаси очилган ва бу 31 июлга қадар давом этади. Табиийки, таркиб масаласидаги янгиликлар ҳам ишқибозларни қизиқтириши турган гап.
Нодари Кавтарадзе ҳамда Сардор Азимов жароҳати сабабли ҳозирча жамоа билан бирга эмаслар. Тожикистонлик легионер футболчи Ахтам Назаров оилавий сабабларга кўра (қизи жарроҳлик амалиётини ўтказаётгани учун) рухсат сўраган. Шерзод Эсановни эса “Олимпик” клубига ижарага бериш бўйича клуб раҳбарлари ўртасида музокаралар олиб бориляпти. Шунингдек, Асилбек Айсаров ва Иззат Абдулҳақовга мураббийлар ўйин амалиётини ошириш учун бошқа жамоада ўзларини синаб кўришга рухсат беришган ва ҳозирда улар “Турон” клуби машғулотларида қатнашишмоқда.
Бугун “Андижон” машғулотига “Пахтакор” клуби тарбияланувчиси, 20 ёшли иқтидорли ҳужумчи Аббос Эргашбоев қўшилди. Қолаверса, жароҳат сабабли даволанишда бўлган Владимир Бубанья ҳамда Шаҳбоз Эркинов яна жамоа ихтиёрига қайтдилар. Игорь Литовка билан Леван Арвеладзе ҳам йиғинга қўшилишди. Тўпурар ҳужумчи Рубин Хебай эса 12 июль куни қайтади.
Шу билан бирга бош мураббий Александр Хомяков мазкур йиғинга U-21 жамоасидан бир қатор истеъдодли футболчиларни ҳам жалб қилган. Жумладан, ҳимоячи Абдулатиф Ойбеков, ярим ҳимоячилар Сардор Каримов, Саидумар Содиқов, Оятилло Обиджонов ва ҳужумчи Саидмурод Каримов асосий таркиб билан бирга шуғулланишмоқда.
Бугун биринчи кунги машғулотларни мураббийлар икки қисмга бўлган ҳолда ўтказдилар. Аввалига футболчилар тренажёр залида астойдил шуғулланишган бўлса, кейин табиий майдонда тўп билан ишладилар.