Ўзбекистонлик UFC жангчиси Маҳмуд Муродов UFC Fight Night 224 мусобақасида навбатдаги жангини ўтказди.
Муродовга Америка вакили Брайан Барберена рақиблик қилди. Учала раундда ҳам Муродов фаоллик кўрсатди.
Биринчи раундда Муродов активроқ ишлади. Курашга ҳам тортмоқчи бўлди. Очколар бўйича устунликка эришди. Энг муҳими, рақибининг фаол ишлашига йўл қўймади.
Иккинчи раундда тўлиқ устунлик Муродов томонида бўлди. Ҳамюртимиз рақибга бир нечта аниқ ва кучли зарбалар йўллади. Ҳаттоки, раунд бошида Барбарена нокдаунга ҳам тушди.
Учинчи раунд оғирроқ кечди. Муродов шубҳасиз кўпроқ ва кучлироқ урди. Бироқ Брайан таваккал олдинга борди, очиқ жангга интилди. Якунда ҳакамларнинг барчаси ғалабани Маҳмудга берди — 30:27, 30:27, 30:27.
Шу тариқа Муродов UFC’даги олтинчи жангида ғалабани қўлга киритди.
Маълумот учун, Муродов UFC’даги дебют жангида италиялик Алессио ди Кирикони очколар ҳисобига кўра, иккинчи жангида Тревор Смитни учинчи раундда нокаут эвазига мағлубиятга учратган. Учинчи жангида Маҳмуд Эндю Санчесни нокаутга учратганди. Тўртинчи жангда Жералд Миршертга имкониятни бой берганди. Бундан аввалги жангда эса бразилиялик Каё Борральога мағлуб бўлганди.