Қозоғистоннинг "Иртиш" клуби ушбу мавсумда Премьер-лигада кумуш медалларни қўлга киритди ва мамлакат кубоги финалига чиқди. Павлодарликлар бош мураббийи Талғат Байсуфинов "Проспорт" нашрига интервью берди ва суҳбат давомида Улуғбек Бақоев ҳақида ҳам тўхталиб ўтди.
— Ушбу мавсумда яна тўпурарликни қўлга киритган Улуғбек Бақоев мавсум аввалида "Иртиш" ўтиш таклифига дарҳол рози бўлдими ёки уни кўндириш учун анча ҳаракат қилиндими?
— Хабарингиз бор, Бақоев ўтган мавсумнинг сўнгги 2та турида ўйнамади ва БАА чемпионатига ўтиб кетганди. Ўша пайтда бизда ҳужумчи олиш масаласи турганди ва биз Улуғбек билан қизиқдик. Клубимиздаги баъзи йигитлар орқали Бақоев билан алоқага чиқдик ва у билан суҳбатлашдик. Мен, албатта, Бақоевнинг жамоага ўтишига бажонудил рози эдим. Боиси, у ўтган мавсумда кўпгина жамоаларни "кўмганди", жумладан Павлодарни ҳам. Улуғбекнинг ўзи ҳам бизга ўтишга қарши бўлмади ва биз келишиб олдик. Клуб раҳбарияти ҳам бунга ижобий фикр билдиришди ва тезда бу масалани ҳал қилдик.
— Менга маълум бўлишича, унинг молиявий шартлари бошқа футболчиларникидан кескин фарқ қиларкан...
— Ҳар бир футболчи нимага муносиб бўлса, ўшанча олади. Футболчининг шартномаси ҳақида гапириш - ноўрин бўларди. Баъзи қозоғистонлик футболчилар борки, уларнинг шартномаси Бақоевникидан юқори. Осмондан олинган суммалар йўқ, улар футболчиларнинг савиясига мос келади.