Ўзбекистонлик ҳужумчи Игорь Сергеев ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионатининг ярим финалида Жанубий Корея терма жамоаси дарвозасини ишғол қилди ва ўз голлари сонини 7тага етказиб олди. Афсуски, турнирнинг энг сўнгги ўйинида терма жамоамиз иштирок эта олмайди ва 17-рақамли футболчимизнинг голлари сони 7талигича қолади.
Финалда баҳслашадиган Ироқ ва Жанубий Корея терма жамоалари таркибида энг кўп гол урган футболчи ироқлик Муҳанад Каррар бўлиб, унинг ҳисобида 4та гол бор. Кореялик сафида эса Чанг Чжиннинг голлари 3тани ташкил қилади (у кеча Ўзбекистон дарвозасини пенальтидан ишғол қилганди). Қолган футболчилар ҳисобида голлар камроқ.
Игорь Сергеев билан мусобақа тўпурарлиги учун кураш олиб бораётган австралиялик Кори Гамейро (6та гол) ярим финалда пенальтидан гол ура олмади ва унинг жамоаси финалга чиқа олмади. Шунингдек, турнирда 6та голга муаллифлик қилган суриялик Маҳмуд ал-Мавас эса мусобақани чорак финалда тарк этган.
Демак, 17 ноябрь куни бўлиб ўтадиган финал баҳсида Муҳанад Каррар 3та, Чанг Чжин 4та гол уриб қўймаса, энг яхши тўпурар учун бериладиган шахсий соврин Игорь Сергеевга топширилади.
Мусобақанинг барча тўпурарлари рўйхати билан қуйидаги саҳифада танишиб олишингиз мумкин.