Бу йил қўшни Қозоғистон чемпионатида тўп сурган ҳамюртларимиз Улуғбек Бақоев, Александр Гейнрих, Марат Бикмаев ва Темур Кападзе учун мавсум муваффақиятли якунланди. Бақоев жамоаси «Иртиш» билан кумуш медалини қўлга киритди. Шунингдек, чемпионатнинг энг яхши тўпурари бўлди. «Актобе» шарафини ҳимоя қилган Кападзе, Гейнрих ва Бикмаев бронза медаллари билан тақдирланишди. Айтиш керакки, бу ҳамюртларимиз ўз клублари сафида етакчи ўйинчилар бўлишди. Уларнинг муваффақиятли ўйинлари туфайли Қозоғистон жамоаларининг футболчиларимизга эътибори ҳам ошиб боряпти.
Маълумотларга қараганда, ушбу ҳафтада қозоғистонлик бир қатор селекционер мураббийлар юртимизга ташриф буюришади. Хабарингиз бор, 17 ва 21 ноябрь кунлари олий лигада иккита тур ўйинларидан кейин чемпионатимиз ниҳоясига етади. Мана шу учрашувларни кузатиш учун Улуғбек Бақоев ўйнаётган «Иртиш», Қозоғистоннинг ўтган йилги вице-чемпиони «Жетису», жорий мавсумда 5-ўринни қўлга киритган «Тараз» ҳамда «Ордабаси» клубларининг селекционерлари Ўзбекистонга келишади. Хўш, бу скаутлар қайси футболчиларимизга эътибор қаратишган?
Маълумотларга кўра, қозоғистонлик селекционерлар 25-турнинг марказий учрашуви - «Насаф» ва «Локомотив» баҳсини кузатишади. Бу ўйинда скаутлар эътиборларини «Насаф»дан Жаҳонгир Жиямуродов ва Эркин Бойдуллаевга қаратиши кутилмоқда. Бир неча йилдан бери қаршиликлар сафида тўп суриб келаётган Жиямуродов ўнг қанот ҳимоя ва ярим ҳимоясида фаол ҳаракат қилиши билан бошқалардан ажралиб туради. Бойдуллаев эса миллий чемпионатимиздаги ишончли таянч ярим қимоячилардан бири. «Локомотив» таркибида эса Дилшод Раҳматуллаев билан Дилшод Жабборов селекционерларнинг «нишони»да бўлади. Бу иккала футболчи ҳам жорий мавсум темирйўлчилар сафида муваффақиятли ўйин намойиш этишмоқда. Раҳматуллаев майдон марказида яхши тўп сурган ҳолда мунтазам равишда асосий таркибдан жой олиб келяпти. Жабборов эса таянч ярим ҳимоячиси вазифасини яхши уддаламоқда. Қолаверса, у керак пайтда ҳимоя чизиғида ҳам ишончли ўйнай олади.
Бундан ташқари, қозоғистонлик скаутлар 26-турда бўладиган «Локомотив» - «Шўртан» беллашувини ҳам томоша қиладилар. Ғузорликлар таркибида ҳам уларнинг эътиборига тушадиган футболчилар йўқ эмас. Тўрт йилдан буён «Шўртан» шарафини ҳимоя қилиб келаётган Игорь Таран ва Вадим Афонинни алоҳида айтиб ўтиш жоиз. Айниқса, Таран ушбу чемпионатда сермаҳсул ўйин намойиш этмоқда. У шу кунгача чемпионатда 14та гол уришга эришди. Қолаверса, Таран сўнгги пайтларда миллий терма жамоага ҳам жалб этилмоқда. Ўз вақтида «Рубин» клубида фаолият кўрсатган Афонин ҳам «Шўртан»нинг асосий фигураларидан бири ҳисобланади. Шу боис селекционерлар бу икки футболчига ҳам алоҳида эътибор қаратишларига шубҳа йўқ. Шунингдек, қозоғистонлик скаутлар ўйинлар чоғида яна кўплаб футболчиларимизни кўз остига олиб қўйишлари ҳам мумкин. Кўрамиз, улар қайси ўйинчиларни ён дафтарчаларига ёзиб қўйишаркин.
Б.ТУРСУНОВ, «ФЭ»