Қозоғистоннинг www.vesti.kz сайти "Узбекский феномен" сарлавҳаси остида Улуғбек Бақоев ҳақида мақола чоп этди.
Қозоғистон клубларида маҳаллий тўпурар ҳужумчилар танқислиги сезилаётган пайтда ўзбек ҳужумчиси Улуғбек Бақоев тўртинчи марта мавсумнинг энг яхши тўпурарига айланди. Бундан ташқари, унинг голи терма жамоаси учун Эрон устидан ғалаба қозонишда жуда муҳим аҳамиятга эга бўлди. Энди қўшниларимиз ҳар қачонгидан ҳам жаҳон чемпионатида иштирок этишга яқин туришибди.
Бақоев замонамизнинг типик ҳужумчиларидан бири бўлса-да, ёши улғайиб қолганига қарамай, унда ҳужумчи учун керакли бўлган хусусиятлар мавжуд. Шунинг учун ҳам энг яхши тўпурарлар сафида келмоқда. Бунда футболчининг жисмоний тайёргарлиги, ишга тўғри ёндашуви ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда. Ахир ҳужумчи дангаса эмас, аксинча, у ўйинни ўзига олишга ҳаракат қилади. Универсаллик Бақоевга ёрдам бериб келган ва бундан кейин ҳам ёрдам беради. Унинг ўйин савияси эса рақибларга боғлиқ эмас. Улуғбек ўз йўлидан оғишмай юришда давом этди. Йўл-йўлакай турли тўсиқларга ҳам дуч келди. Якунда эса у тан олинди.
Ўзбекистонлик футболчи ўз фаолиятини "Бухоро" клубида жуда самарали бошлаган. У бир мавсумда 30та гол урганидан кейин Россия клубининг қизиқиш доирасига кириб қолди. Москванинг ЦСКА клуби бошқа клубларга нисбатан қатъиятлироқ чиқди ва ҳужумчини ўз сафига қўшиб олди. Тўғри, футболчи у ерда ўйнаб кета олмади. ЦСКАнинг асосий таркибида бор-йўғи 7та ўйинда майдонга тушган футболчи кейинчалик "Торпедо-ЗИЛ"га ўтиб кетди. Янги жамоада Бақоев нисбатан кўпроқ ўйин амалиётига эга бўлса-да, фақат ўринбосарлар таркибида урган голлари билан ёдда қолди. Ўйинчи фаолиятидаги ушбу босқични муваффақиятсизликка йўйсакда, бу давр у учун тажриба тўплаш босқичи бўлди. Ўзбекистонга қайтган Улуғбек яна ўзининг тўпурарлик хусусиятини намойиш қила бошлади ва уни яна Россияга таклиф этишди — бу сафар Биринчи дивизион вакили "Нефтехимик"ка. Бақоевнинг 4 голи нижнекамскликларга дивизионда қолиш учун ёрдам берди. Футболчининг ўзи эса қишда "Тобол"га қўшилди. Қўстанойлик мухлислар уни яхши қабул қилишди, ўз навбатида Улуғбек ҳам бу шаҳарни иккинчи ватани деб атади.
"Бақоев — клубнинг жуда қадрли футболчиси", - деганда жамоанинг ўша пайтдаги бош мураббийи Владимир Муханов. "Унда ажойиб гол сезиш қобилияти мавжуд. У ҳар қандай баҳсни бир ўзи ҳал қилиши мумкин".
"Ула" (Қозоғистонда уни шундай аташади) кўп ва истаганча голлар урди. Албатта, у ҳам хатодан холи эмас, баъзи эпизодларда эринчоқлик қилади. Лекин, ишонч билан айтиш мумкинки, у майдонда содир бўлаётган воқеаларга бефарқ қараб тура олмайди. Шунингдек, майдонга йиқилиш ва ҳакамдан пенальти сўраш одати учун мухлислар уни танқид қилишган. Унинг юқори маҳоратига эса ҳеч ким шубҳа қилмаган.
2008 йилнинг қишида у ўз ватанидан яхши таклиф олди ва бирданига яхши бюджетга эга бўлган "Бунёдкор" ("Қурувчи") таркибига қўшилди. Юлдузли жамоа таркибида (аввал Зико, кейин Миржалол Қосимов қўлостида) у асосан захирадан майдонга тушириб турилди. Мураббийлар кўпроқ Хосе Луис Вильянуэвага ишонч билдиришди. Шунга қарамай, футболчи бу жамоада ҳам голлар уриб турди. Шундан сўнг "Динамо" (Самарқанд)да бир неча ой тўп сурган футболчи яна Қўстанойга қайтишга қарор қилди ва бундан жамоа аъзолари ва мухлислар хурсанд бўлишди.
Бақоев ўзининг 16та голи билан доимий "иккинчи" номига эга бўлган "Тобол"га чемпион бўлиш учун ёрдам бериб юборди. Мавсум сўнгида эса бош мураббийи Равил Сабитов билан юзага келган келишмовчилик сабаб жамоани тарк этди. Мураббий бошқа футболчилар билан ҳам жамоа тузиш мумкин деб ҳисоблаганди, аммо у хато қилганди.
Тез орада "Жетису" футболчини сотиб олди, айрим маълумотларга қараганда, 50 минг долларга. Трансфер суммаси у қадар юқори эмас, аммо у тўп сурган мавсумда "Жетису" ўз тарихида илк марта чемпионат кумуш медалларини қўлга киритди. Асқар Қожабергенов жамоаси ўйини комбинацион эмас, "Жетису" ўйини ўзининг етакчисига боғлиқ, деган фикрлар айтилди. Жамоа Бақоевсиз қандай ўйнашини сўнгги турлар кўрсатиб берди. Чемпионлик масаласи ҳал қилинадиган "Шахтёр"га қарши баҳсдан олдин Улуғбек жамоани тарк этишга ва БААнинг "Дубай" ФКга қўшилишга мажбур бўлди. Бақоевнинг ўзи эса интервьюсида Толдиқўрғонни афсуслар билан тарк этаётганини ва мухлислар уни тўғри тушунишларини айтди. 32 ёшли ҳужумчига қулай шартнома таклиф қилингандида.
Амирлик биринчилигида ўзини кўрсатиш футболчига насиб этмади. Ўзбекистонлик футболчи бу ҳолатни жамоадошларининг ҳаддан ташқари индивидуал ўйин кўрсатиши билан изоҳлади. Шунингдек, у ҳаракат қилган ўйинларда футболчида гол уриш учун имкониятлар ҳам пайдо бўлгани йўқ. Бу орада "Иртиш" клуби президенти футболчини жамоага таклиф қилиш мақсадида Дубайга учиб борди ва Бақоевни "қўлга киритди".
Биринчи даврани Бақоев у қадар самарали ўтказа олмади. Иккинчи даврага келиб эса Улуғбексиз "Иртиш"ни тасаввур қилиш қийин бўлиб қолди. Мутахассислар эса Бақоевсиз павлодарликларнинг ўйини ҳеч нарсага арзимаслиги ҳақида гапиргани қулоғимизга чалинди.
Бу фикрга қисман қўшилиш мумкин. Ахир кўп ўйинларнинг тақдирини айнан унинг зарбаларини ҳал қилди. Худди бир йил аввалгидек вазият юзага келди. Ўзбек ҳужумчисининг меҳнатлари эвазига финалга чиққан "Иртиш", ҳал қилувчи баҳсда Бақоевсиз ҳаракат қилишга мажбур бўлди. Боиси, у Ўзбекистон терма жамоасидан таклиф олганди. Павлодарликлар финалда "Астана"га мағлуб бўлишди, Улуғбекнинг ўзи эса бундан афсусда эмас. Унинг Эрон дарвозасига урган гол мамлакат учун муҳим аҳамиятга эга бўлди. Улуғбекнинг эса терма жамоада йўқотган нарсаларини қайтариб олмоқда. Йиллар давомида мураббийлар Максим Шацких, Жаъфар Ирисметов (Қозоғистон чемпионатининг яна бир қаҳрамони), Александр Гейнрих ва Анвар Солиевга ишонч билдириб келишди. Қаҳрамонимиз эса доимий равишда йиғинларга таклиф этилиб келган бўлса-да, камроқ ўйин амалиётига эга бўлаётганди.
Умид қиламизки, ажойиб ҳужумчини ҳали олдинда ёрқин йиллар кутиб турибди. "Иртиш" ва Ўзбекистон терма жамоаси мухлислари эса унинг голларидан ҳали кўп баҳраманд бўлишади. Улуғбек Бақоевнинг ўзи эса ҳар қандай футболчи орзу қилиши мумкин бўлган мақсад — Жаҳон чемпионатининг финал босқичида иштирок этиш учун жуда яқин турибди!