Ўзбекистон кубоги ярим финал жавоб баҳсидан ўрин олган "Бухоро" - "Насаф" учрашувидан сўнг (3:3) майдон эгалари бош мураббийи Тачмурод Агамуродов матбуот анжуманида иштирок этди.
"Бизда ўйин бошидан ҳисобдаги муаммо бор эди, биз 0:2 ҳисобида мағлуб ҳолда ўйинни бошладик. Биринчи бўлиб гол ҳам киритдик, лекин тайм охирида керак бўлмаган жойда ва вазиятда гол ўтказиб юбордик. Иккинчи бўлимнинг дастлабки сонияларида яна олдинга чиқиб олдик, имконият яна пайдо булганидан йигитлар катта куч билан олдинга ташланишди, лекин ҳимоячиларимизнинг ўта қўпол хатолари туфайли яна ҳисоб тенглашди. Хуллас, биз финалга чиқа олмадик. Футболда қайсидир жамоа ғалаба қозонса, бошқаси мағлуб бўлади, бугун биз дуранг қайд этиб мағлуб бўлдик. Бу футбол. Қайсидир маънода футболда омад ҳам керак, бугун биздан омад юз ўгирди.
Ўйлашимча, бугун футболчиларимиз менинг қўл остимдаги энг чиройли футболни намойиш эта олишди. Тактик ва жисмоний жиҳатдан, руҳий мувозанат ва устунлик борасида бугун улар энг зур ўйинларини кўрсата олишди" - дейди Тачмурод Агамуродов.
— Пенальти ҳақида нима дея оласиз?
— Бугун хакамлар жуда куплаб хатоларга йўл қўйишди. Мен тушунаман — улар ҳам одам, биз ҳам хато қиламиз. Лекин, бизнинг хатомиз икки томонлама бўлади. Бугунги ҳакамлар эса фақат бир томонга хато қилишди, негадир барча хатолар бизнинг зараримизга бўлди. Биринчи бўлимда иккита яққол пенальтига тортадиган вазият бор эди, ҳеч бўлмаганда "Насаф" дарвозасига битта пенальти белгиланиши шарт эди.