Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

Пессимистлар ўқиши шарт эмас!

Баҳо:
+2 | -

Мақола бироз кеч ёзилаяпти. Аслида Эрон устидан қозонилган ғалабадан кейиноқ, бундай ҳисоб-китобларни қилиб, вазиятни ойдинлаштирсак ҳам бўлар эди. Аслида Олимхўжа Бўроновнинг «Баҳоргача чидолмадим!» номли мақоласида Ўзбекистон миллий терма жамоасининг гуруҳдаги ҳолати ёритилган, ЖЧга тўғридан-тўғри йўл олишимиз учун бизга неча очко етарли бўлиши ҳақида сўз юритилганди. Аммо яна баъзи янги вариантлар ҳам чиқиб қолди денг...

Футболда кўп бора гувоҳ бўлганмиз, айтайлик гуруҳ босқичида бирон жамоа 6-7 очко фарқ билан яққол пешқадам бўлиб олади-ю, лекин мутахассислар назарий жиҳатдан охирги ўриндаги жамоада ҳам имконият бор деб туришади. Уларнинг назарияси амалга ошишига балки ҳеч ким ишонмас, аммо бутунлай рад этишимизга ҳам аниқ асос тополмай қоламиз. Чунки бирон кучли жамоа ўз уйида кучсиз жамоани ютади дея аниқ ишонишимизнинг ўзи ҳам назария-ку! Балки унақа бўлмас. Футболда бундай вазиятларни кўп кўрганмиз-ку, тўғрими?

Хуллас, кеча Twitter тармоғида Ўзбекистон терма жамоасининг имкониятлари ҳақида мунозара бўлиб ўтди. Аслида ҳаммаси кабиса йилидан бошланди, ҳа, майли, бу бошқа мавзу.

Мунозара вақтида илгари сурилган ва бошқа НАЗАРИЯлар ҳақида мақола ёзиб, Сизга илинишни маъқул топдим.

Демак, бошладик. Компьютер қаршисига маҳкам жойлашиб олинг, назарияларни баъзи жойларида кулгудан ёки ҳайратдан йиқилиб тушманг тағин...

1-НАЗАРИЯ. МУДДАТИДАН ОЛДИН ЖЧГА ЧИҚИШ ИМКОНИЯТИ

Келинг, яхшиси жамоамизнинг ўта муваффақиятли иштироки ҳақидаги назариядан бошлаймиз. Муддатидан олдин, яъни 9-турнинг ўзидаёқ, охирги турда уйда Қатар билан ўйнашимиздан олдиноқ ЖЧга тўғридан-тўғри чиқиш имкониятимиз ҳам бор. Бунда асосан иккита вариантни кўриб чиқдик.

1-вариант. Олимхўжа Бўронов варианти: Ўзбекистон ва Жанубий Корея

Ушбу вариантда воқеалар ривожи қуйидагича кўриниш олади:

7-тур

Ўзбекистон – Ливан — Ўзбекистон ютади 
Ж.Корея – Қатар — Ж.Корея ютади

Гуруҳдаги вазият: 
Ўзбекистон – 11 
Ж.Корея – 10 
Эрон – 7 
Қатар – 7 
Ливан - 4

8-тур 
Ливан – Ж.Корея — фарқи йўқ, келинг биз Ж.Корея ютади деб ҳисоблаймиз. 
Қатар – Эрон — дуранг

Гуруҳдаги вазият: 
Ж.Корея –13 
Ўзбекистон – 11 
Эрон – 8 
Қатар – 8 
Ливан – 4

9-тур

Ж.Корея – Ўзбекистон — дуранг 
Эрон – Ливан — Ливан ютади

Гуруҳдаги вазият: 
Ж.Корея – 14 
Ўзбекистон – 12 
Эрон – 8 
Қатар – 8 
Ливан –7

Кўриб турганингиздек, Ўзбекистон муддатидан олдин, Ж.Кореяда дуранг ўйнаб ҳам, ЖЧ йўлланмасини қўлга киритди. Ушбу назарияда фақат битта сенсация бўлади холос, яъни Ливан Эронни Озодийда ютиши керак. Қолгани ҳақиқатга яқин. Умуман олганда барчасидан умидини узган ва ўзининг энг охирги ўйинини ўтказаётган Ливан ҳар қандай босимдан ҳоли тарзда, мухлислари учун ўйнаб, ютиб қўйиши ҳам мумкин-ку...

2-вариант. Меники: Ўзбекистон ва Қатар (!)

Бунда ўйинлар қуйидагича кўриниш олади:

7-тур

Ўзбекистон – Ливан — Ўзбекистон ютади 
Ж.Корея – Қатар — Қатар ютади

Гуруҳдаги вазият: 
Ўзбекистон – 11 
Қатар – 10 
Ж.Корея – 7 
Эрон – 7 
Ливан - 4

8-тур 
Ливан – Ж.Корея — Ливан ютади 
Қатар – Эрон — Қатар ютади

Гуруҳдаги вазият: 
Қатар – 13 
Ўзбекистон – 11 
Ж.Корея –7 
Эрон – 7 
Ливан – 7

9-тур

Ж.Корея – Ўзбекистон — дуранг 
Эрон – Ливан — дуранг

Гуруҳдаги вазият: 
Қатар – 13 
Ўзбекистон – 12 
Ж.Корея – 8 
Эрон – 8 
Ливан –8

Кўриб турганингиздек, бу ерда ҳам муддатидан олдин чиқамиз. Ушбу назарияда фақат Қатар меҳмонда Кореяни ютишига ишониш қийин. Ливан ўз уйида Кореяни аввал ҳам ютган, Эронни ҳам ютганди, агар эсласангиз, демак бунга ишонса бўлади. Қаллай? :) 

Мени вариантимни энг кулминацион жойи – бу охирги турда Тошкентда Қатар билан бўладиган ўйин. Муддатидан олдин ЖЧга чиққан икки жамоа мухлислар учун ҳақиқий шоу уюштириб беришади, футболчилар эса қарсаклар остида кутиб олиниб, кузатиб қўйилади. Эҳ, байраммисан, байрам бўлади, ўзиям!

2-НАЗАРИЯ. ИККИТА МАҒЛУБИЯТГА УЧРАГАНИМИЗДА ҲАМ ЖЧГА ЧИҚАМИЗ 
(бунинг сал бошқачароқ кўриниши О.Бўронов мақоласида ҳам бор)

«Ҳе, нафасингни ел учирсин, биз ютамиз албатта» деган бўлсангиз керак-а? Гап ютиш, ютқизишда эмас, шунчаки энг минимал вариантларни ҳам ҳисоблаб қўйдик. Бу вариантларни биронтаси бўлмаслиги, ҳатто яқинлашмаслиги ҳам мумкин, шунчаки кўнгилни хотиржам қилиш учун холос.

Демак, мабодо 3 та ўйиндан иккитасида мағлуб бўлсакчи? Ж.Кореяда ютиш осон эмас-ку, тўғрими? 
Охирги турда катта босимда Қатарни ютиш ҳам осон деб ўйлайсизми? Энди вариантларга тўхталамиз:

Агарда биз фақатгина Ливанни ютиб, Ж.Корея ва Қатардан ютқазсак, 11 очко тўплаймиз. Хўш, бундай вазиятда қанақа қилиб ЖЧга тўғридан-тўғри чиқишимиз мумкин? Жуда оддий! Имкон бор!

Бунда, Ж.Корея барчани ютади. Ливанда Ливанни, ўз уйида Қатар, Ўзбекитон ва Эронни. Ишонса бўлади, тўғрими?

Эрон эса Қатарни ютади, Ж.Корея ва Ливандан ютқазади. Жами: 10 очко!

Қатар эса Ўзбекистонни ютади, лекин Ж.Корея ва Эрондан ейди! Жами: 10 очко!

Бу ерда ҳам, фақат битта жойига, яъни Ливан Эронни ютишига ишониш қийин холос. Аммо улар олдин ҳам Эронни ютган-ку! Демак, бу таҳминда ҳам асос бор! Қаллай? Энди тайёр туринг, икки марта «Қаллай?» дейиладиган вариантга келдик!

3-НАЗАРИЯ. 10 ОЧКО БИЛАН ҲАМ ЖЧГА ТЎҒРИДАН-ТЎҒРИ ЧИҚИШИМИЗ МУМКИН! МИНИМАЛИЗМНИНГ ЁРҚИН КЎРИНИШИ!

Эҳ, бу фантазия одамни  нималарга ундамайди-я! Бежизга математика фанлар отаси дейилмаганда, эҳтимоллар назарияси деган ажойиб нарса, инсонда доим умид учқунларини милтиллатиб туради!

Хўш, айтайлик биз, гуруҳдаги хозирги муваффақиятимиздан руҳланиб, хотиржамликка берилиб, 3 та ўйиндан бор-йўғи 2 очко ололсак, нима бўлади? Расво бўлади албатта! Юртимиздаги қанчадан-қанча тошойналар синади... Аммо, тушкинликка тушманг! Бунда ҳам вариант бор!

Бу вариантни мен мажозий маънода «Халқлар дўстлиги» деб номладим. Нега дейсизми? Чунки бунда асосан дуранглар синдроми рўй бериши керак.

Келинг, кўриб чиқамиз:

7-тур

Ўзбекистон – Ливан — Ливан ютади, 1 тўп фарқи билан 
Ж.Корея – Қатар — дуранг

Гуруҳдаги вазият: 
Ж.Корея – 8 
Ўзбекистон – 8 
Қатар – 8 
Эрон – 7 
Ливан - 7

8-тур 
Ливан – Ж.Корея — дуранг 
Қатар – Эрон — дуранг

Гуруҳдаги вазият: 
Ж.Корея –9 
Қатар – 9 
Ўзбекистон – 8 
Эрон – 8 
Ливан – 8

9-тур

Ж.Корея – Ўзбекистон — дуранг 
Эрон – Ливан — дуранг

Гуруҳдаги вазият: 
Ж.Корея – 10 
Ўзбекистон – 9 
Эрон – 9 
Қатар – 9 
Ливан –9

Даҳшат-а! Қўрқиб кетяпсизми? Охирги тур:

10-тур

Ўзбекистон – Қатар — дуранг 
Ж.Корея – Эрон — Ж.Корея ютади ёки дуранг

Гуруҳдаги якуний вазият: 
Ж.Корея – 11 ёки 13 
Ўзбекистон – 10 
Қатар – 10 
Эрон – 9 ёки 10 
Ливан –9

Энди диққат қилинг. Агар Эрон дуранг ўйнаса, бира тўла 3 та жамоада бир хил 10 очко бўлади. Бундай вазиятда регламентга кўра тўплар нисбатига қаралади.

Бугунги ҳолатга кўра, тўплар нисбати Ўзбекистонда +1 (5-4), Эронда 0 (2-2), Қатарда -2 (3-5).

Ўз-ўзидан аёнки, Қатарда 3 та дурангдан кейин вазият ўзгармайди, минус иккилигича қолади. Демак, Қатар аут!

Энди Эрон қолди. Эронда 0 ва дуранглардан сўнг ноллигича қолади.

Бизда +1, агар Ливанга бир тўп фарқи билан ютса, бизда ҳам ноль бўлади! Дуранглардан кейин ўзгармайди.

Регламентга кўра, агарда жамоалар очкоси ҳам, тўплар нисбати ҳам бир хил бўлса, унда ким кўпроқ гол урган бўлса, ўша чиқади. Биз 5 та гол урганмиз, Эрон 2 та. Ураааа! Сизларни ЖЧга чиққанимиз билан табриклайман!  ))))

 

Хуллас, хозирча шулар. Ҳаёлот уммонидан ҳақиқийликка қайтган ҳолда, барчамиз чин дилдан Ўзбекистон миллий терма жамоасига омадлар тилаб қоламиз! Қандай натижа бўлишидан қатъий назар, асосийси ватанимиз байроғи Бразилия яшил майдонларида ҳилпирасин! Футболчиларимизга ҳам Бразилияга бориш насиб қилсин. Лекин музқаймоқ егани эмас...

Ҳа, айтганча, мабодо 9 очко билан ҳам чиқиш имкониятимиз пайдо бўлиб қолса, албатта хабар қиламиз! :)

Хушнуд ХУДОЙБЕРДИЕВ.

Манба: http://xushnudbek.blogspot.com
Киритилди: 12:41, 27.11.2012.
Ўқилди: 8926 марта.
Фикрлар: 44 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.