Эрик тен Хаг олдида навбатдаги тур баҳслари олдидан катта муаммо турибди. Негаки, "МЮ"нинг ҳужумида муаммолар вужудга келган. Жамоа эса ўз майдонида "Брайтон"ни қабул қилиши керак. Ундан кейин эса "Бавария" меҳмони бўлади. Клуб ўз расмий сайтида Антонининг майдонга туша олмаслигини тасдиқлади. Негаки, бразилиялик футболчига зўровонлик айби тиркалмоқда. Унинг позициясидаги яна бир ҳужумчи Санчодир. Аммо у Эрик тен Хаг билан "сен-мен"га бориб қолгани сабабли майдонга тушмаслиги мумкин. Шундай бир пайтда тен Хаг яхшилаб ўйлаши ва ҳужумдаги муаммоли масалага ечим топиши зарур.
Қанотдаги бўшлиқни тўлдиришнинг бир йўли - бу Факундо Пельистридан фойдаланиш. 21 ёшли ҳужумчи ёз давомида ижара шартномаларини қабул қилмади. Энди эса унда асосий таркибга кириб олиш учун яхши имконият бор. Ўтган март ойида тен Хаг Пельистрини асосий таркибга лойиқ деб атаган. Шунингдек, Амад Диалло варианти ҳам йўқ эмас. Бироқ у тиззасидан операция қилингач, қайтиш вақти анчагача чўзилади. Қолаверса, ўнг томонга Алехандро Гарначони ҳам қўйиш мумкин. Аргентиналик ҳужумчи "Арсенал"га қарши баҳснинг қаҳрамонларидан бири бўлиши мумкин эди. Аммо унинг сўнгги дақиқаларда урган голи оффсайд туфайли бекор қилинган. Аслини олганда, Гарначо чап қанот футболчиси. Аммо ўтган мавсумда "МЮ" ўйинларини кузатган мухлис биладики, 19 ёшли иқтидор ўнгда ҳам бирдек ҳаракат қила олади.
Эрик тен Хаг фойдаланиши мумкин бўлган учинчи тактик схема бу ўнгга Бруну Фернандешни қўйишдир. Шунингдек, Мейсон Маунт ҳам айни ролга мос келади. Ҳар икки ярим ҳимоячи ўз фаолияти давомида шундай вазифани бажариб кўрган. Айниқса, Фернандеш ўтган мавсумда қанотда анча фойдали бўла олганди. Ҳа, 29 ёшли ярим ҳимоячи майдон марказида жамоага кўпроқ ёрдам беради. Аммо ярим ҳимояга Софьян Амрабатни қўшиш орқали Бруну Фернандешнинг ўрнини тўлдирса бўлади. 1 сентябрь куни сотиб олинган Амрабатдан кўпчилик катта нарсаларни кутмоқда. Афсуски, у ҳам жароҳат олиб, бир неча ҳафтани ўтказиб юборишга мажбур бўляпти.
Мейсон Маунт ўз жароҳатидан халқаро танаффуслардан сўнг қайтиши кутилмоқда. Бунга қўшимча равишда 18 ёшли Кобби Мейну ҳам ой охиригача тузалиши айтилган.
Эрик тен Хагнинг асосий таркиби ўзгаришлар бўсағасида турибди. Ҳимоядаги Диегу Далотнинг ўрни Серхио Регилонга бўшатиб берилади. Марказий ҳужум эса Хёйлунн ва Марсьяль ўртасида дақиқалар асосида тақсимланади.
ИСМАТОВ Ж.