Ереванда бўлиб ўтган бокс бўйича ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида ҳамюртимиз Акмалбек Қосимов чемпионликни қўлга киритди.
Ҳозиргина якунланган финал жангида Қосимов украиналик чарм қўлқоп устаси Артём Соловьевни катта устунлик билан доғда қолдирди. Акмалбек жанг бошидан ҳужумкор тактика танлади ва дастлабки 3 дақиқаликдан сўнг ҳисобни 8:2га етказди.
Кейинги раундларда ҳам ўзбекистонлик боксчи ишонч билан ҳаракат қилди ва жангни мантиқий якунига етказди — 17:7.
Бунгача 49 кило ванз тоифасида боксчимиз Муроджон Аҳмадалиев кумуш медалга эга бўлганди.
Ўзбекистон делегацияси Ереванда бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида битта олтин ва битта кумуш медалларини қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида юқори ўринлардан бирини эгаллади.
Бокс бўйича ёшлар ўртасида жаҳон чемпионати
Финал. 69 кг.
Акмалбек Қосимов (Ўзбекистон) - Артём Соловьев (Украина) - 17:7 (8:2, 3:2, 6:3)
Финал. 49 кг.
Муроджон Аҳмадалиев (Ўзбекистон) - Бин ЛВ (Хитой) - 8:11 (3:4, 3:2, 2:5)