"МЮ" АПЛда бўлгани каби, ЕЧЛда ҳам омадсиз старт олди. Гарчанд "Бавария"га бир тўп фарқи билан мағлубиятга учралган бўлсада, бу нарса томонлар даражасини кўрсатиб бермайди. Яъни, ўйин сўнггидаги Каземиронинг 2 та голигина "МЮ" учун ҳисобни нисбатан нормал ҳолга келтирди. Бу нарса Эрик тен Хагдаги босимни камайтирмайди. Қуйида ушбу ўйиндан "МЮ" учун олинган хулосалар ҳақида сўз боради.
Андре Онана ўз устида ишлаши керак
Онанани мағлубиятдаги асосий айбдор дейиш мумкин. Дарвозабоннинг ўзи ҳам буни тан олиб, "МЮ"даги старти омадли бўлмаганини таъкидлади. Ҳа, бу яхши. Аммо фактни инкор қилиб бўлмайди. "Манчестер Юнайтед" янги мавсумдаги 6 та ўйинда 14 та гол қабул қилиб олди. Бу нарса бизга Де Хеанинг "қизил иблислар" сафига келган илк дамларини ёдга солади. Испаниялик посбон ҳам, аввалига жуда ёмон старт намойиш этганди. Кейинчалик эса, у сайёрамиздаги энг яхши киперлардан бирига айланган. Ҳаммаси раҳбариятнинг сабрига боғлиқ. Онанага ҳам Де Хеа каби вақт керак(дир).
Ярим ҳимоя доимгидек муаммоли
"МЮ"нинг мавсум аввалидан энг катта муаммоси ярим ҳимояда экани маълум бўлганди. Мейсон Маунтнинг келиши вазиятни яхшилаганича йўқ. Каземиро ҳам формада эмас. Унинг "Бавария" майдонида урган иккита голи статистика учун хизмат қилади холос. Негаки, унинг асл спорт формасини, атлетизмга бой бўлган АПЛда кўрдик. Хуллас, Каземиро ўзида эмас. Қолаверса, Эриксенда қарилик аломатлари кузатилди. Тезкор ўйинларда унинг фойдасидан кўра зиёни кўпроқ тегмоқда. Уни плеймейкер зонасига қўйиш керак. У ерда эса Бруну Фернандеш бор. Ҳа, ҳали Софьян Амрабат бор дерсиз. Аммо унинг ҳам 100 фоизлик жамоага қўшилиб кетишига, ҳеч ким кафолат бермайди.
Факундо Пельистри "МЮ" асосий таркиби даражасида эмас
Пельистри "Бавария"га қарши яхши имкониятларга эга бўлди. Аммо бу нарса рақиб ҳимоячиси Алфонсо Девиснинг хатолари сабаб юз берди. Имкониятдан фойдалана олмаслик эса ёш футболчига босим юклади. Тен Хаг Уругвай терма жамоаси аъзосидан энди асосий таркибда фойдаланмаслиги аниқ. Хуллас, ҳозир мураббий олдида ўнг қанот ҳужумида ҳақиқий бўшлиқ бор. Уни Фернандеш ва Марсьяль билан тўлдириш имконсиз. Гарначо эса ўнг учун мослашган. Антони ва Санчонинг қачон қайтиши номаълум бўлиб турибди.
Рафаэль Вараннинг йўқлиги жамоага панд берди
Ўйиндан кейин Эрик тен Хаг жамоа ҳимоячиларига қарата "ойнадаги аксга разм солиш кераклиги"ни уқтирди. Негаки, мудофаадаги қўпол хатолар кутилмаган голларни келтириб чиқарди. Виктор Линделёф ва Лисандро Мартинеслар "Бавария"га қарши, даража намойиш этиб бера олмади. Оқибатда, рақиб ҳужумчиларга осонгина ёриб ўтиб кетиш учун имконият туғилди. Мартинес билан тандемда ҳаракат қилувчи Вараннинг майдонга қайта олмагани, бу ерда "МЮ"га панд берди дейиш мумкин. Франциялик ҳимоячи ҳафта сўнгидаги "Бёрнли" билан ўйингача сафда бўлиши айтилмоқда.
ИСМАТОВ Ж.