Бир неча кун аввал Англия пойтахти Лондонда футбол агентлари ва дунёнинг 150дан ортиқ клублари йиғилиши ташкил этилишини хабар қилиб ўтгандик. “Арсенал” клубининг ўй аренаси — “Эмирейтс” стадионида ўтказилган ушбу форумда Ўзбекистондан футбол агенти Санъат Шарипов ҳам иштирок этди. Куни кеча Шарипов билан боғланиб, халқаро форумда иштирокидан олган таассуротлари ва яна бир қатор саволларга жавоб олдик.
— Санъат ака, Лондонда ташкил этилган футбол агентлари форумида иштирок этдингиз. Ундан олган таассуротларингиз қандай?
— Аввало шуни айтишим керакки, бундай йиғилиш ҳар йили икки марта ўтказилади. Бу халқаро форум футболчилар учун ўзига хос ярмарка вазифасини бажаради. Ўтган йили Миланда ташкил этилган форумда қатнашгандим. Мана бу йил Лондондагисида иштирок этдим. Ушбу форум “Арсенал” клубининг “Эмирейтс” стадионида бўлиб ўтди ва унда 120дан ортиқ клуб вакиллари, 100дан кўп агентлар ҳамда бир қатор ассоциациялар қатнашди. Мазкур йиғилишда “Манчестер Сити”, “Ливерпуль”, “Челси”, “Боруссия” (Дортмунд), “Боруссия” (Мёнхенгладбах), “Ювентус”, “Рома”, “Парма”, “Сьон”, ЦСКА, “Крилья Советов”, “Алания” каби Европанинг кўплаб номдор клублари вакиллари билан учрашдим. Бу жамоаларнинг номини санаб саноғига етиш қийин. Икки кун мобайнида йиғилишда бўлиб кўплаб жамоалар менежерлари билан фикрлар алмашдим. Шунингдек, мазкур йиғилишда қатнашган агентлар билан ҳам мулокотда бўлиб тажриба оширдим. Мана шу икки кунлик жараён клубларга ва агентларга маълумот алмашиш муҳитини яратди. Бошқа агентлар каби мен ҳам керакли маълумотларни олиб ўзига яраша малакамни оширдим.
— Хорижий клублар ва агентлар ўзбекистонлик футболчилар ҳақида қандай фикрда?
— Улар сўнгги вақтларда халқаро майдонларда эришаётган ютуқларимизни билишади. Лекин бу муваффақиятларимиз хорижликларни бизнинг ўйинчиларга бор эътиборларини қаратиш учун етарли бўлмаяпти. Ёшлар ва ўсмирлар терма жамоаларимиз халқаро майдонларда муваффақиятга эришиб жаҳон чемпионати йўлланмаларини қўлга киритишди. Шунга қарамай, улар бундан кейин ҳам мана шундай ютуқларга эриша олишимизга ишонишлари учун барқарорлигимизни кузатишмоқда. Ўзбекларнинг ютуқлари тасодифийми ёки уларда чиндан ҳам олдинга силжиш борми, деган ҳолда улар бизни кузатишни давом эттиришяпти. Албатта, жаҳон чемпионатларида қатнашиш биз учун катта ютуқ ҳисобланади. Бироқ улар учун бу одатий туюлмоқда. Хориж клублари ва агентлари ўзбек футболидан хабарлари бор. Масалан, “Бунёдкор”ни билишади, шунингдек, Луиз Филипе Сколари бу ерда ишлаганини ҳамда Ривалдо тўп сурганини яхши биладилар. Шундай бўлса-да, уларга футболимиз тўғрисида кўпроқ маълумотлар бериш керак.
Бразилия-2014 саралашида имкониятларимиз яхши эканлигини билишади. Аммо мен бунга кўп урғу бермадим. Ўтган йили Миландаги форумда олимпиячиларимиз ҳақида гапиргандим. Аммо якунда улар яхши имкониятни бой беришди. Шунга миллий терма жамоамизга кўз тегмасин дедим. Бразилияга чиқиб олайлик, кейин бемалол бот-бот гапирсак арзийди.
— Айтингчи, халқаро йиғилишларда қатнашиш агентлик фаолиятингизга қандай ўзгаришлар беряпти?
— Бундай форумларда иштирок этиб ўзим учун тажриба орттиряпман. Мен агентлик фаолиятимни яқинда бошлаган бўлсам, 20-30 йилдан бери шу соҳада ишлаётган агентлар кўп. Мисол учун, Лондонда мен футбол қироли Марадонанинг биринчи агенти билан алоҳида суҳбатда бўлдим. Албатта, улардан кўп нарсаларни ўрганяпман ва керакли маълумотлар билан танишиб боряпман. Бу борада сизга бир нарсани айтиб ўтсам, яъни бугунги кунда футболчини танлашда унинг яхши ўйин кўрсатишигагина эътибор қаратилмаяпти. Масалан, футболчининг феъл-атвори, ўзини тутиши ва хулқини ҳам назардан четда қолдириш керак эмас. Футболчи зўр ўйин намойиш этиши мумкин. Лекин инсонийлик жиҳатдан яхши хулққа эга бўлмаса, 3-4 ойдан сўнг йўқ жойдан қандайдир муаммолар пайдо бўлади. Унда клублар зиён кўриши ҳам ҳеч гап эмас. Улар бундай футболчини катта пулга сотиб олишганидан кейинчалик норози бўлишлари мумкин. Агентлар шунга ҳам яхши эътибор қаратишлари лозим бўлмоқда. Бундан ташқари футболчилар чет тилларини билиши ҳам муҳим аҳамият касб этади. Яна шундай футболчилар тоифаси борки, бугун бир агент билан ишлашни бошлайди-да, эртага бошқасининг олдига ўтиб олади. Бунақанги беқарорликда эса ишлаш мушкул.
— Наҳотки қўшни рус ва украин клублари ҳам бизнинг футболчиларимизга эътибор қаратишмаяпти?
— Айни пайтда Россия ва Украина клубларида маблағ катта. Шу боис уларнинг асосий эътибори 4-5 миллиондан кам бўлмайдиган футболчиларга қаратилмоқда. Ҳозирда улар бизнинг футболчиларга бироз узоқдан қарашяпти. Гуёки, бизнинг ўйинчилар Украина ва Россия клублари даражасида эмас ҳамда уларнинг талабларига жавоб бермайдигандек. Албатта, бундан Одил Аҳмедов мустасно. Ёдингизда бўлса, Аҳмедовни бошида “Анжи” ярим йил ижарага олганди. Бу вақт ичида у ўзини кўрсата олгач, футболчимиз билан кўп йиллик шартнома тузишди. Масалан, бизнинг клубларга Таиланд ёки малайзиялик футболчиларни тавсия килишса, уларнинг савияси паст деб эътибор қаратишмайди. Вазиятга реал баҳо берадиган бўлсак, рус ва украин клублари ҳам бизга шундай муносабатда бўлишмоқда. Бироқ уларга ўзбекистонлик футболчилар ҳам бошқалардан кам эмаслиги ва улар ҳам юкори даражада ўйнай олишларини ишонтиришга ҳаракат қиляпман.
— Яқинда трансферлар ойнаси очилади. Футболчиларни хориж жамоаларига ўтказишда қандай муаммоларга дуч келяпсиз?
— Биринчи навбатда футболчиларнинг сабрсизлиги асосий муаммо бўлмоқда. Хориж клубларидан ўз-ўзидан чақирув бўлиб қолмайди. Шу боис футболчи таклифни кутиши керак. Масалан, Россияда трансфер ойнаси 24 январдан очилади ва 24 февралгача давом этади. Агар футболчиларимиз кучли чемпионат ҳамда яхши савиядаги жамоаларда ўйнашни мақсад қилса, сабр қилишлари керак. Лекин бизнинг футболчиларда кутиш деган нарса йўқ ва ўз клублари билан шартномани янгилаб ёки узайтириб четга чиқиш учун ўз йўлларини тўсиб қўйишмоқда. Қолаверса, баъзи ўйинчилар гоҳида ўзига юқори баҳо бериб юборишяпти. Яъни нархларини баланд қўйишмоқда.
— Хориж клубларига борганда футболчиларимиз қандай сифатларга эга бўлиши керак деб ўйлайсиз?
— Тўғриси, бизнинг менталитетимиз баъзида футболчиларга бироз панд бериб қўймоқда. Мисол учун, четга чиққанда ўйинчиларимиз бир ёки икки ойдан кейин зерикишни бошлайди ва уйга боргиси келиб қолади. Бирор-бир кичик танаффус бўлиб қолса, уйга бориб келиш мақсадида клуб мутасаддиларидан рухсат олиб беришим учун менга мурожаат қилган пайтлар ҳам бўлган. Албатта, ўйнаш мақсадида четга чиққандан кейин футболчи ўша мамлакатнинг иқлимига ва маданиятига кўникиб бориши керак. Бизнинг ўйинчилар эса хориж клубларига борганда негадир ўз устиларида камроқ ишлашаётгандек бўлиб қолмоқда. Шу боис ёш ва ўз олдига улкан мақсадларни қўйган футболчиларнинг ота-оналарига таклифларим бор эди. Ўз болаларига футбол ўйнашдан ташқари хорижий тилларни ўрганишларига ҳам эътибор беришларини сўрардим. Масалан, футболчи яхши ўйин кўрсатса, унга тилни билишни нима кераги бор деб айтишингиз мумкин. Аммо бундай дейишлик нотўғри. Чунки айни пайтда хориж клубларининг талабларидан бири ҳам шу бўлмоқда. Агар тилни билмаса жамоадагилар билан яхши чиқиша олмайди ёки машғулотларни бажариши мумкин, лекин мураббийнинг айтганларини тушунмайди. Бунинг натижасида у ўсмай қолиши ҳеч гап эмас. Ахир футбол майдон ташқарисидан бошланадику. Футболчи майдон ташқарисида ўз жамоадошлари билан яқин мулоқотда бўлиши лозим. Улар билан чиқишиб кета олиши керак. Азиз Ҳайдаров бунга ёрқин мисол бўла олади. Унда шу ҳусусият бор. У ҳозирда “Ал-Шабаб”нинг юрагига айланган... Шунинг учун ёш футболчиларнинг ота-оналари шунга эътибор беришларини хоҳлардим.
— Санъат ака, гапингиздан бизга ҳали анча бор кўринади. Унда бундай халқаро форумларда иштирок этишдан не ҳожат?
— Мен олдиндан ҳеч кимга ваъда бермаганман. Яъни мана шундай форумда иштирок этиб улкан ишларни амалга ошираман деб ваъда бермаганман. Ўтган йили илк бор қатнашганимда уларга ўзбек футболини яқиндан таништирдим. Бу сафарги форумда эса хорижликлар биз ҳақимизда энди янада яхшироқ билишади. Бир нечта тилларни билишим ҳам мулоқотда менга қулайлик туғдиряпти. Халқаро йиғилишда учинчи марта қатнишишни ҳам мақсад қилганман. Ўшанда улар мени янада яхши билиб олишади. Бу форумда иштирок этишдан асосий мақсад хориж клубларининг ўзбекистонлик футболчиларга эътиборини қаратиш. Бундай форумларда қатнашишнинг фойдаси бор деб ўйлайман. Қолаверса, бунақанги имконият доим ҳам бўлавермайди. Ҳаётда шундай бир учрашув бўлиши мумкинки, айнан ўша биргина учрашув тақдирингизда катта роль ўйнаши мумкин. Шунга майда шансни ҳам қўлдан бой бермаслик даркор.
— Ёшлар ва ўсмирлар терма жамоаларимиз муваффақиятларга эришишмоқда. Агент сифатида уларни ҳам четга тавсия қиляпсизми?
— Ёшларимиз келаси йили Туркияда бўладиган, ўсмирларимиз эса БААда ўтадиган жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритишди. Албатта, мундиалларда хорижлик скаутларнинг ёш футболчиларга катта эътибори қаратилади. Лекин менга бир нарса ғалати туюляпти: айрим жамоаларимиз ёшларга ишонч билдиришмаяпти. Масалан, “Бунёдкор”ни оладиган бўлсак, асосий таркибида ёшларни кўрмаймиз. Мана “Пахтакор” ёшларга ишонди ва бу ўз натижасини берди. Шунинг учун ёшлар ва ўсмирлар терма жамоамиз асосини “Пахтакор” вакилларигина ташкил этишмоқда. Ўйлайманки, бошқа жамоалар ҳам ёшларни асосий таркибга жалб этишса мақсадга мувофиқ бўларди.
Мен ёшларимиз масаласида “Спартак” (Москва), ЦСКА клублари билан мулоқотда бўлдим. Лекин улар россиялик мутахассисларда бизнинг футболчиларнинг ёшлари тўғрилигида хавотирлар борлигини билдиришди. Бизни тўғри тушунинглар, биз ўзбекистонлик ва тожикистонлик ёш футболчиларга қизиқиб, уларни ўрганганимизда, икки-уч марта ҳужжатлардаги ёшлар билан асл ёшларда фарқларни аниқладик. Бу нозик масала. Шунинг учун таваккал иш тутишдан қочяпмиз.
Биз ютуқларимиздан ўзимизни ўзимиз хурсанд қилиб юраверамиз. Футболимизда авлодлар алмашаверади. Аммо вақт ўтиб, мухлис ва мутахассислар кўплаб хориж клублари таркиблари билан интернет ёки бошқа ОАВ орқали танишишганда, у ерда Ўзбекистон байроғи кўриниб туришлигини мен жуда истардим.
— Ёшлар терма жамоамиз ўйинчиларига бўлган ишончингиз қандай?
— Бу борада мен бошқача фикр билдирган бўлардим. Аввало шуни айтишим керакки, Аҳмаджон Мусаев шогирдлари олдинги ёшлар терма жамоамиздан кучли. Аммо терма жамоа негизини 2-3та клуб ўйинчиларигина ташкил этади. Аҳмаджон ака билан яхши танишман ва у кишини жуда ҳурмат қиламан. Албатта, қитъа биринчилиги билан жаҳон чемпионати ўртасида фарқ бор. Масалан, Осиё чемпионатида тўп сурган ёшлар мундиалда ўзларини кўрсата олмасликлари мумкин. Осиё чемпионатида 5-6та гол уриб, тўпурар бўлган ўйинчи жаҳон чемпионатида хатто битта ҳам гол ура олмаслиги мумкин. Мундиалга йўл очиш бошқа, жаҳон чемпионати финал босқичи эса умуман бошқа дунё. Шунинг учун футболчиларимиз ЖЧга қаттиқ тайёргарлик кўришларини истардим. Қолаверса, мураббийларамиз терма жамоага бошқа клублардан ҳам ўйинчиларни таклиф этиб уларни синаб кўришларини хоҳлардим. Терма жамоанинг 80 %ни бир клубдан ташкил қилиш – буни тушуниш қийин. Чунки “Насаф”, “Олмалиқ”, “Нефтчи” жамоаларида ҳам иқтидорли ёшлар жуда кўп. Ўзбекистон чемпионати ёшлар лигаси ўйинларини кўп бора стадионларга бориб кузатишим жараёнида бунга ўзим бевосита гувоҳ бўлганман. Терма жамоада соғлом рақобат юзага келтириш керак. U-19 жамоасини тузишда фақатгина бир-икки йил олдинги U-17 таркиби билан чекланиб қолиш керак эмас. Ёшлар лигаси ўйинларини жойларга бориб кўриб, янги кашфиётларни топиб бориш яхши бўларди. Шунинг учун Аҳмаджон акага 2013 йили ёшлар лигаси ўйинларини тинмай кузатишни маслаҳат берардим. Фақат “Пахтакор” ва “Бунёдкор” иштирокидаги учрашувларгагина эмас, имкон топиб, ҳаммасига боришини хоҳлардим.
Туркиядаги мундиал орқали хориж клублари ва агентларига ўзбек футболи жаҳон чемпионати даражасида эканлигини уларга сингдиришимиз керак. Туркияга терма жамоамиз вакиллари ўз клубларининг ёшлар жамоаси аъзоси эмас, балки асосий таркиб ўйинчилари сифатида боришларини хоҳлардим.
Туркияда ёшларимизни 8-10та атрофида клублар скаутлари кузатиб боришади. Мен ўзим ҳам ёзда Туркияда ўша скаутлар билан бирга бўламан.
— Айни пайтда қайси футболчиларни хориж клубларига тавсия қилдингиз?
— Олдиндан шуни айтишим лозимки, хориж жамоаларига мен фақат ўзим билан ишлайдиган футболчиларни тавсия қилдим. Мисол учун, Фозил Мусаев, Акмал Шораҳмедов ва унга ўхшаган яна бир нечта футболчиларни тавсия қилдим. Ёшлардан эса Забихилло Ўринбоев ва Сардор Собирхўжаевни тавсия этдим. Ўйлайманки, яқин кунларда мана шу футболчиларга Европа ҳамда Россия клубларининг кўригида бўлиш таклифи бўлади.
— Қишки трансфер яқинлашиб қолди. Айтингчи, қайси футболчиларни ўтказишни режалаштиргансиз?
— Тўғрисини айтсам, бир нимадан таажжубланяпман. Яъни, футболимиз ҳозир ривожланмоқда, “Бунёдкор” ОЧЛда яхши натижа қайд этди. Қолаверса, миллий терма жамоамиз ЖЧ-2014 саралаш баҳсларида яхши ўйин кўрсатмоқда. Шунга қарамай, айни пайтда негадир футболчиларимизга четдан талаб бироз сусайгандек. Хитойдек доимо қизиқиши баланд бўлган давлатдан ҳам бирорта чорлов йўқ. Нега ундай деб ўзимга савол бердим ва бошқалардан фикрларини сўрадим. Уларнинг айтишича, ўзбекистонлик футболчилар жамоавий ҳолатдагина яхши ўйин кўрсатишаётганини айтишди. Индивидуал ҳолатда ўйинчиларимизни қониқарли деб баҳолашмаяпти. Масалан, Кападзе, Ҳасанов, Гейнрих БААда тўп сурган клублари олий лигадан тушиб кетишди. Айни пайтда Сервер Жепаров ҳам захирада ўтирибди. Арабларда ҳам бизникиларга қизиқиш бироз пасайган. Фақат бугунда Азиз Ҳайдаров барқарор ўйин кўрсатмоқда. Шунингдек, футболчиларимиз ўзларига баланд нарх қўйиб юборишган. Шу сабабли араблар бизнинг футболчилардан кўра Иордания ва Ливан терма жамоаларининг ўйинчиларини 2-3 баробар арзонроқ нархда ҳарид қилишни афзал кўришмоқда. Худди Одил Аҳмедов сингари иш тутиб, футболчиларимиз аввал ярим йил ўйнаб, ўз ҳаракатлари билан янги клублари хўжайинларини ром этишсин ва шундан кейин уларнинг нархи ўз-ўзидан кескин ошади. Ўзларига нарх белгилашдан олдин футболчиларимиз ўзларига “мен шу суммага аслида лойиқманми” деган саволни беришларини истардим.
Бундан ташқари баъзи мураббийларимиз ва жамоаларимиз ўз футболчиларини хорижга қўйиб юборишни исташмаётгани ҳам мени ҳайрон қолдиряпти. Энг қизиғи, клубларимиз 28-30 ёшдаги футболчиларини қўйворишмаяпти. Германия, Бельгияни қаранг, футболчиларни “пачкалаб” етиштиришяпти. Ўзбекистон ҳам футболчи етиштиришда Осиё Бразилияси бўлиши керак. Аммо бизда жамоалар бир футболчига ёпишиб олиб, гувоҳ бўляпмизки, уларни 35-36 ёшгача олиб юришибди. Бу орқали улар ёшлар билан ишлашни хоҳламасликларини кўрсатишяпти. Ёшларнинг йўлини тўсишяпти. Натижа ортидан қувишмоқда. Агар ўз футболчилари четга чиқишса бундан клубларимиз ҳам молиявий фойда кўришади-ку. Қолаверса, уларнинг ўрнига бошқа футболчиларни тарбиялашлари мумкин. Буни мураббийларимиз ҳам тушунишлари хоҳлардим. Асосийси, хориж клубларида ўйнашни мақсад қилган футболчилар биринчи навбатда сабр қилишлари, сабрли бўлишлари керак. Менга ўйинчилар “ака, бир ҳафта ичида жамоа топиб беринг, акс ҳолда ҳозирги клубим янги шартнома имзолашга мажбурлаяпти, мана бу муддатгача қўл қўйсанг қўйдинг, бўлмасам керакмассан, деб босим қилишяпти” деб қолишмоқда. Хориж клубларига буни айтсам. “Марҳамат, ўша жамоаси билан қўл қўяверсин. Биз у футболчини танимаймизку, билмаймизку. Қанақасига билмай туриб уни ўзимизга чақирамиз”, — дейишяпти. Мен ҳам уларнинг фикрига қўшиламан. Бизнинг футболчилар ҳали у даражага чиқишмаганки, уларни бир ҳафтада биров олиб кетса. Россия, Украина ва Туркия клублари менга жавобларини январнинг ўрталарида айтишларини билдиришган. Аммо бизнинг мураббийлар футболчиларга январь ўртасигача кутишга имкон қолдиришмаяпти: босим остида янги шартномага имзо чектиришмоқда. Агар футболчилар ҳақиқатдан ҳам юқори даражадаги чемпионатга кетишни исташса, ўйинчилар биз агентларга ҳайрихоҳ бўлишлари керак. Фақат ўз клублари ва мураббийларигагина эмас.
Мана клубларимиз ОЧЛда тўп суришди. “Бунёдкор” кучли тўрт клуб сафига кира олди. Аммо қайси мураббий мен мана бу футболчини кашф қилдим, у мана бу ерга кетди, деб мақтана олади? Клуб учун яхши натижа бўлди. Лекин шу ижобий натижа учун тер тўккан футболчи учун ҳам бундан фойда бўлиши керакми?..
“Насаф” ОЧЛдаги фаолиятини тугатгач, унинг бир футболчисига хориждан таклиф топдим. Бу футболчи ҳатто миллий термамиз аъзоси эмас. Аммо Усмон Тошев у менга керак, клубимиз олдида алоҳида вазифалар бор деган баҳоналар билан ўйинчини қўйиб юбормади. ОЧЛда ўйнаб бўлдинг, бу ёғига бир футболчисиз ўйнаса бўларди-ку! Унинг ўрнига ёш бошқа футболчини чиқарса бўларди-ку! Йўқ. Унамай туриб олиб, Тошев ўша футболчининг халқаро карьерасига нуқта қўйди. “Насаф”га бу обрў бўларди: мана бу футболчимиз хорижга кетди деган. Охир-оқибат Тошевнинг ўзи клубдан кетди. Мураббийларимизга халқаро аренада футболчиларимизнинг ютуғи эмас, аксинча, мураббийларнинг кўзига кўпинча шахсий ютуқлари муҳим кўринади. “Олдимда вазифа бор, уни қилишим керак, буни қилишим керак”. Хой, барака топгур, бу вазифа фақат сен ва атрофингдагиларга кўриняпти. Хориждагилар буни билишмайди. Ахир футболчи етиштириб чиқарсанг ва уни вақтида қўйиб юборишни билсанг, мана шу ҳам сен учун катта ютуқ эмасми? Нима учун Голландияда футболни тўғри тушунишади: бу мени футболчим деб ёпишиб олишмайди, яхши таклиф чиқса, ўйинчига бажонидил оқ йўл тилашади. Футболчи етиштириш инкубатор сингари ишлайди.
Шундай клубларимиз ҳам борки, “агар бизга ўтсанг, 1-2 йилдан сўнг сени ўзимиз фалон жойга юборамиз, бу ёққа жойлаймиз, хориждан албатта зўр клуб топиб берамиз” деб футболчиларни бошини қотиради. Ва шундай йўл билан ўйинчиларга жуда узоқ йиллик шартномаларга қўл қўйдирмоқда. Якунда эса маълум вақт ўтиб футболчининг ўзи қаттиқ афсус чекяпти. Бироқ кеч бўляпти. Кейин ўша футболчилар мамлакатимизни ижарама-ижара кечиб юришга мажбур бўлишяпти.
— Трансфер бозорига алоқадор яна бир масала. “Бунёдкор”нинг ёш ярим ҳимоячиси Алибобо Раҳматуллаев билан боғлиқ можарога сизнинг фикрингиз қанақа?
— Бу воқеани албатта эшитдим. Мен Алибобонинг “Пахтакор”га ўтганини эшитиб, аввалига интернетдаги шахсий твиттеримда “аҳмоқона қарор” деб баҳолаган эдим. Сабаби, мен ўйинчи “Пахтакор” билан ёздаёқ шартнома имзолаганини билмасдим. Агар ўйинчи шартномага ёзда, яъни “Бунёдкор” билан шартномаси тугашига 6 ой қолганда қўл қўйгани рост бўлса, қонуний жиҳатдан “Пахтакор” тўғри иш тутган ва бу ҳолат футбол қонунларига зид эмас. Бу ерда, очиқ гапириш керак, “Бунёдкор” раҳбарияти имкониятни қўлдан бой берган. Шунчаки эътиборсизлик дейилади бу, нопрофессионаллик. Эшитишимча, бундай нуқсон “Бунёдкор”да биринчи марта юз бераётгани йўқ. Бундай ҳолатларни назорат қилиш клуб спорт директорининг биринчи галдаги вазифаси. Наҳотки “Бунёдкор”дек нуфузи баланд клубда спорт директори лавозими футболни яхши тушунадиган замонавий мутахассисга берилмаган... “Бунёдкор” Алибобони тарбияладими, тайёрладими, бошқами, бу ҳақда вақтлироқ ўйлаш керак эди. 2000-йиллар ўрталарида катта тортишувларга сабаб бўлган воқеалар ёдимга тушди: “Спартак” (Москва) клубининг тарбияланувчилари Дмитрий Сичёв, Дмитрий Торбинский раҳбариятнинг уларга бўлган беҳурмат муносабати учун “қизил-оқлар” билан шартномалари тугаб, якунда ашаддий рақиб – “Локомотив” (Москва)да қўним топишган эди. Уларнинг воқеалари ҳам бутун мамлакатга овоза бўлган. Икки клуб ўртасида можаро кўтарилган. Лекин “Спартак” барибир ҳеч вақо қила олмаган. Бу футболчилар ўшандан буён “Локо”дан ҳалигача кетишмади. Ҳозир ҳам тўп суришяпти “Локо”да. Аксинча, иқтидорли футболчиларнинг келажагига, бу орқали эса клубнинг келажагига беэътибор бўлганликлари учун “Спартак” бош директори Сергей Шавло ҳамда клубнинг техник ва спорт директори Александр Шикунов ўшанда ишдан олинишганди.
Кейин яна бир жиҳат. Бизнинг мураббийлар натижа ортидан қувишгани-қувишган. Масалан, “Бунёдкор”даги Ўринбоев ва Собирхўжаев, менимча, секин-секин асосий таркибда синалиб кўриладиган даврга етишиб бўлган. Улар ўтган йили Мексикадаги ўсмирлар ўртасидаги ЖЧда ўйнашди. Яқинда БААда ўтган Осиё чемпионатида (U-19) қатнашдилар. Ҳозирда Туркиядаги ЖЧга тайёрланадиган Ўзбекистон U-20 ёшлар терма жамоаси таркибидан ўрин олишган. Уларни “Бунёдкор” асосий таркибига қўшиш учун яна нима қилиш керак? Тўғри, бошида улар хато қилишлари мумкин. Хато ҳаммада ҳам бўлади. Агар ёшлар лигасидан у ёққа ўтишмаса, уларда мотивация асло қолмайди. Ва шунақа муносабатдан кейин улар ҳам бир кун келиб бошқа клубга кетиб қолишлари ҳеч гап эмас. Уларнинг ортидан “Пахтакор” қанчадан буён “ов қилиб юрибди”. Ота-оналари билан учрашувлар уюштиришяпти. Аммо ёш футболчилар ота-оналари “Бунёдкор”га вафодорлик қилишяпти. Агар улар “Пахтакор”да бўлганларида, менимча, уларни ўтган чемпионатнинг ўзидаёқ асосий таркибда синаб кўрган бўлишарди. Бироқ “Бунёдкор”да иш ҳозирча унақа эмас. Мураббийлар натижани бирламчи сифатида кўришяпти. Кел, таркибга секин-аста мана бу ёшларни етиштириб борай, клубнинг эртанги кунини ҳам ўйлай, дейишмайди. Аввало фақат шанба ёки якшанба кунги ўйинда бўлади уларнинг ўй-фикри. Кел, мана бу муҳим ўйинни ўтказиб олайлик, ёшларни кейинроқ жалб қиларман, деб юраверишади ва ёшларнинг очилишини чўзаверадилар. Оқибатда, мавсум шу зайлда давом этиб бориб, ёшлар ўринбосарлар таркибидан нарига ўтмай қолаётган ҳолатларга кўп бор гувоҳ бўляпмиз. Шанба-якшанба кунги учрашувларни клуб мутасаддилари ва администрация ўйласин. Мураббий эса аввал ёш футболчиларни етиштириб чиқиш устида бош қотириши ва шу йўсинда тинмай ишлаши керак.
Б.ТУРСУНОВ ёзиб олди.