Ўзбекистон терма жамоасида Аргентина билан ўртоқлик учрашуви ўтказиш имконияти бўлганми қабилидаги саволлар берилмоқда.
Биздаги маълумотларга кўра, Қатарда Жаҳон чемпионлиги қўлга киритилгач, Аргентина терма жамоаси шу йилнинг март ойида ҳақиқатдан ҳам Ўзбекистон терма жамоасини Буэнос-Айресда қабул қилиш бўйича қизиқиш билдирган. Ҳаттоки, Ўзбекистон терма жамоасининг Аргентинадаги маҳаллий харажатларини қоплашга ҳам розилик билдирган.
Кўпчилик учун бу таклиф мантиққа зиддек туюлиши мумкин, аммо Жаҳон кубоги мухлислар олдида намойиш этиладиган илк ўйинда Аргентинага ўз даражасидан пастроқ спарринг рақиб зарур эди. Ўзбекистон эса Аргентинага ўртоқлик ўйинлари бўйича тез-тез таклиф билдириб келганини инобатга олсак, аргентиналиклар биз ҳақимизда эслаб қолганининг ҳайрон қоларли жойи йўқ.
Лекин Аргентина ўртоқлик учрашуви бўйича таклифни жуда кеч, яъни Ўзбекистон терма жамоаси Венесуэла ва Боливия билан келишувга эришганидан сўнг берган. Шу сабабдан, Ўзбекистон келишув имзолаган рақибларига ҳурматни сақлаган ҳолда, Аргентинага рад жавобини беришга мажбур бўлган.
Охир-оқибат, Аргентина терма жамоаси Жаҳон чемпионатидан кейин, март ФИФА кунларидаги ўртоқлик ўйинларида Панама ва Кюрасао терма жамоаларини ўзида қабул қилганини яхши эсласангиз керак.