Мадриднинг "Реал" клуби ярим ҳимоячиси Аурелиен Тчуамени "Эл-Класико"дан сўнг клуб шифохонасига ётқизилди. Матбуот "Барселона" футболчиси Гави Тчуаменининг оёғига босиб олган вазиятни муҳокама қила бошлади. "Қироллик клуби" ярим ҳимоячиси бу борада фикр билдирди.
"Бу Гавининг айби эмас. Биринчи бўлим охирида жароҳат олдим", — деб пост қолдирди Тчуамени ижтимоий тармоқда.
Эслатиб ўтамиз, шанба куни Мадриднинг "Реал" клуби меҳмонда "Барселона"ни 2:1 ҳисобида мағлуб этганди. Мадридликлар таркибида Жуд Беллингем дубль қайд этди.
"Реал Мадрид" айни дамда Испания чемпионати турнир жадвалида биринчи ўринни эгаллаб турибди.