Суперлиганинг 24-туридан ўрин олган "Қизилқум" — "Андижон" учрашувидан кейин мезбонлар бош мураббийи Жамшид Саидов ўйин ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди.
— Ўйин ҳақида...
— Шогирдларим учрашувнинг муҳим аҳамиятга эга эканлигини англаб туришганди. "Олимпик"га қарши муваффақиятсиз ўйиндан кейин мазкур баҳсга жиддий тайёргарлик кўрдик. Йигитлар масъулиятни ҳис қилиб туришганди ҳамда кўрсатмалар ва ўзларига бириктирилган вазифаларни бажарди, шу боис, улардан жуда миннатдорман.
— Ҳисоб 3:0 кўринишига келишини кутмаганмидингиз?
— Нима десам экан, кутмагандим дея олмайман-у, фақат ғалаба қозонишга умид қилгандим. Чунки йигитлар руҳан ғалабага тайёр эди.
— Акаки Шулая дисквалификациясининг бекор қилиниши қандай содир бўлди?
— Акаки бизнинг ҳужумкор асосий таркиб ўйинчиларидан бири саналади. "Олимпик"га қарши ўйиндан сўнг дарҳол апелляция бердик, чунки мен ҳам учрашувни кузатдим. Сариқ карточка кўрсатилиши баҳсли ҳолат эди. Худога шукр, апелляцияда ютиб чиқдик, бугун унинг катта фойдаси тегди.
— Кухианидзенинг жароҳати жиддий эмасми?
— Очиғини айтсам, у билан гаплашмадим. Георгий жиддий шикастланган ва мамлакатида даволанмоқда. Унинг кейинги фаолияти қандай бўлишини вақт кўрсатади. Биз ҳали ҳеч нарсага эришмадик, кураш давом этади. Олдинда бизни иккита ўйин бизни кутиб турибди, максимал даражада курашамиз.