Бекхэм номи еттинчи рақамли футболка билан ёнма-ён келади. Аммо афсонавий футболчи доим ҳам еттинчи рақамда ҳаракат қилмаган. Бекхэм 21 йиллик фаолияти давомида жами бешта йирик жамоалар шарафини ҳимоя қилиб, турлича рақамларни таққан. Масалан, "Реал" ва "ЛА Гэлакси" учун Бекхэм 23 рақамни, "Милан" ва "ПСЖ"да эса 32 рақамни олган. Қуйида бунинг сабабларига тўхталамиз.
Нега Бекхэм "МЮ"да 7 рақамдан фойдаланган?
Бекхэм "МЮ"да порлай бошлаганида 10 рақамни олади. 21 ёшли ҳужумчи 1996 йилни 12 та гол билан якунлайди. Янги мавсум олдидан эса Фергюсон ундан ўнинчи рақамни олиб қўйиб, уни янги харид бўлган Тедди Шерингемга беради. Бу ҳақида Бекхэмнинг ўзи шундай дейди: "Энг яхши мавсумимни ўтказганимга қарамасдан, мендан ўнинчи рақам олиб қўйилди. Таътилдан қайтгач эса, бош мураббий менга бундан кейин еттинчи рақамда ўйнашимни айтди".
Нега Бекхэм "Реал" ва "ЛА Гэлакси"да 23 рақамдан фойдаланган?
2003 йилда Бекхэм "Реал"га келади. Бу пайтгача у дунёга машҳур бўлиб улгурган эди. У Мадридда еттинчи рақамни ололмасди. Негаки, унга Раул эгалик қилган.
"Мен ҳаттоки, бу рақамни оламан деб ўйлаб ҳам кўрмаганман. Мен жамоадан қайси рақамни олсам бўлади деб сўраганимда, улар мавжуд рақамларни айтишган. Мен ёшлигимдан Майкл Жорданни мухлиси эдим. Шу сабабли 23 рақамни танлаб олдим. Ҳатто, Америкага кетганимда ҳам 23 рақамни ташламадим. Бу мени Жордан билан боғлиқ эканимнинг нишонаси эди", – деб эслайди Бекхэм.
Нега Бекхэм "Милан" ва "ПСЖ"да 32 рақамдан фойдаланган?
2009-2010 йилги мавсумни Дэвид Бекхэм "Милан"да, ижара асосида ўтказишга қарор қилади. Аммо бу ерда ҳам футболчи "Реал"даги муаммоларга дуч келади. Еттинчи рақам Александр Патода бўлса, 23га Массимо Амброзини эгалик қиларди. Бу ҳақида Бекхэмнинг ўзи шундай дейди: "Мен "Милан"га келганимда 23 рақам банд эди. Еттинчи рақам ҳақида гапирмасам ҳам бўлади. Мен яна бир баскетболчи Межик Жонсонни яхши кўрардим. Шу сабаб унинг 32 рақамини танлаб қўя қолдим".
2013 йилдан бошлаб бир муддат Бекхэм "ПСЖ"да ҳаракат қилган. Парижда ҳам 7 ва 23 рақамлар банд экани сабабли, 32 рақам Бекхэм учун танловга айланади.
ИСМАТОВ Ж.