"Арсенал" ярим ҳимоядаги танловларини янада яхшилаш учун янги футболчи сотиб олиши керак бўлади. Лондон клуби ўзининг муҳим фигураларидан бири бўлган Томас Партидан янги йилга қадар фойдалана олмаслиги маълум бўлгач, бу масала янада жиддийлашди. Парти 2020 йилда "Атлетико"дан 45 миллион фунт эвазига харид қилинган эди. Аммо ганалик футболчи сўнгги 3 йилнинг деярли 1 йилини жароҳатлар сабабли майдондан ташқарида ўтказди. Мана, ҳозир ҳам 30 ёшли ярим ҳимоячи узоқ муддат сафга қайта олмайди. Шу сабабли, уни сотиш керак. Парти ҳафтасига 200 минг фунт маош олади ва бу клуб молиясига ортиқча юк бўлиши мумкин. Ҳатто, Парти январь ойида қайтган тақдирида ҳам, у Африка Миллатлар кубогида қатнашиш учун кетади. Шундай экан, янги харид жуда зарур. Шундай пайтда номзодлар қидириш бошлаб юборилган. Қуйида эҳтимолий нишонлар номи келтирилади.
Дуглас Луис – "Астон Вилла"
Луис анчадан бери кузатиб келинади. Бироқ, "Астон Вилла"нинг ўзи ҳам уни сотишни истамайди. Артета барибир таклиф билан чиқиши мумкин. Фабрицио Романо Дуглас Луисни энг катта нишон сифатида кўрилишини билдирган. 25 ёшли футболчи бу мавсумда 11 та турда 5 та гол ва 1 та ассист қайд этганди.
Мартин Субименди – "Реал Сосьедад"
Субименди ўтган мавсумдаёқ тўпчилар назарига тушганди. У ўтган ёзда ҳам трансферлар рўйхатида бўлган. 24 ёшли ярим ҳимоячи ўз жамоаси билан 2027 йилга қадар мўлжалланган битимга эга. Субимендининг товон пули 52 миллион фунтга тенг. "Арсенал" қишда уни фаоллаштирилиши мумкин.
Калвин Филлипс – "Манчестер Сити"
27 ёшли футболчи Евро-2024 да ўйнашни истаса, доимий ўйин вақтида эга бўлиши керак. Буни Филлипс яхши тушунади. Гвардиола унга имконият бермаслиги аниқ бўлиб улгурган. Собиқ "Лидс" юлдузи қишда жамоасидан аниқ кетади. Унга даъвогарлар кўп бўлади. Қаерда бўлса ҳам, доимий ўйин вақтига эга бўлиш, Филлипс учун муҳим саналади.
Рубен Невеш – "Ал-Ҳилол"
АПЛ клублари бир эгага тегишли бўлган клублар ўртасида футболчи алмашинувига қарши овоз беришди. Агарда бу қонун кучга кирса, "Ньюкасл"га қийин бўлади. Негаки, "қарғалар" "Ал-Ҳилол"дан Невешни ижарага олмоқчи эди. Бу икки жамоа Саудия жамоат фонди васийлиги остидадир. Бу нарса айни пайтда "Арсенал"га қўл келади. Қишда Невешни 47 миллион фунтга сотиб олиш мумкин бўлади. Португалиялик футболчи АПЛ тажрибасига эга.
Орельен Тчуамени – "Реал"
"Вест Хэм"дан Деклан Райснинг олиб келиниши "Арсенал"га етарли эмас. Артетага яна бир майдон маркази вакили керак. Шу мақсадда Тчуамени варианти кўриб чиқилмоқда. Франция терма жамоаси аъзоси 2022 йилда "Монако"дан 85 миллион фунт эвазига олиб келинган. Бу мавсумда Тчуамени доимий асосий таркибга кира бошлаганди. Аммо яқинда олинган жароҳат жиддий бўлиб чиқди. Унинг чап оёғи суягида ёриқ аниқланди. Шу сабабли 23 ёшли ярим ҳимоячи янги йилга қадар майдонга тушмайди.
ИСМАТОВ Ж.