Айни дамда "Реал" Ла-лига етакчиси эмас. Аммо клуб аллақачон ўз мухлисларининг ишончини ошириб бўлди. Ҳозир кўпчилик Беллингем билан бу жамоа кўп нарсаларга қодир деб ҳисобламоқда. Мавсум аввалида Бенземанинг кетиши, Анчелоттининг келажаги номаълумлиги ва Мбаппе масаласининг ҳал этилмагани, кўплаб саволлар келтириб чиқараётганди. Ҳозир эса, гўёки ҳаммаси жойида. Аслида эса "Реал" ичида ҳам муаммолар бисёр. Қуйида "Реал"нинг ноябрь танаффусларида ҳал қилиши керак бўлган масалаларга эътиборингизни қаратамиз.
Тиббий жамоа билан бўлаётган келишмовчиликларга барҳам бериш
Афсуски, жароҳатлар футболнинг бир қисми саналади. Баъзида ҳаммаси жойида бўлса, баъзида арзимаган ўн дақиқа ичида иккита муҳим футболчингиз сафдан чиқиши мумкин. Бундай муаммони тезроқ ечиш учун яхши, тажрибали ва катта тиббиёт ходимлари керак. Яқинда "Реал" шифокорлар раҳбарини ишдан олди. Бу эса саҳна ортида нималардир бўлаётганидан дарак беради. Буни Арда Гюлернинг қайтиши кечикаётганида ҳам кўриш мумкин. Ёш туркиялик футболчи тиззасидан жароҳат олган. Аммо ҳалигача жарроҳлик амалиётини ўтказмади. Ўзи унга жарроҳлик керами ёки йўқ, бу ҳам маълум эмас. Шундай бир вазиятда раҳбарият профессионалларга муҳтож бўлиб турибди.
Беллингемни сафга қайтариш керак
Беллингемнинг Мадриддаги ҳаёти ажойиб бошланди. Унинг номи сўнгги ойларда нашрлар муқовасидан тушмай қолганди. Аммо жароҳат ҳаммасини пачавасини чиқарди. 20 ёшли ярим ҳимоячи тиззасидан жароҳат олган. Уни қайтариш эса яна тиббий гуруҳ зиммасида. 13 та ўйинда 14 та гол урган футболчининг жамоадаги ўрни муҳим бўлади, албатта. "Реал"нинг титул ютиши бутунлай Беллингемга боғлиқ бўлиб қолмоқда. Шу сабабли унга яхши парвариш зарур.
Ҳужумчиларнинг гол уриш маҳоратини ошириш
Беллингемнинг голлари Бенземадан қолган катта бўшлиқни ёпишда "Реал"га ёрдам берди. Аммо айни дамда у жароҳат олди. Энди ҳужумчилар ўзларини кўрсатиши керак. Родриго ва Винисиуслардан ноқулай позицияларда ўйнашни сўраган Анчелотти учун ҳақиқий синов даври бошланади. Мавсумнинг ҳозирги қисмига қадар ҳар икки бразилиялик вингерларнинг рақиб дарвозаси олдидаги ҳаракатлари етарли бўлмади. Масалан, Вини ҳозирга қадар 4 та гол урган бўлса, Родриго 5 яримта гол "ясаш" керак бўлган имкониятлардан 3 тагина гол чиқарди холос. Шундай экан, Беллингем йўқлигини билдирмаслик учун ҳужумчилардан унумдор ҳаракатлар талаб этилади.
Пикега "кўрсатиб қўйиш"
Собиқ футболчи ва "Барса" афсонаси Пике яқиндагина "Реал"ни ерга урувчи фикр билдирди. У шундай дейди: "Ҳар сафар "Реал" ЕЧЛни ютганида, бу одатийдек кўрилади. Охирги, 2022 йилдаги ғалаба шунчаки мўжиза эди. Негаки, ҳар бир босқичда "Реал" ўз рақибларидан кучсиз бўлган. Шу сабаб уларнинг ғалабаси эсланмайди. "Барселона" зафарлари эса ЕЧЛ тарихида абадий эсланади".
Айнан мана шу назарияни чиппакка чиқариш учун бу мавсумда "Реал" қаттиқроқ ҳаракат қилиб, ЕЧЛни бутунлай доминантлик асосида ютишга уриниб кўриши керак бўлади.
ИСМАТОВ Ж.