Суперлига 25-туридан ўрин олган "Турон" – "Андижон" (1:3) учрашувидан сўнг меҳмонлар бош мураббийи Александр Хомяков ўз фикрларини билдириб ўтди.
“Тўғрисини айтадиган бўлсам, фақат натижадан кўнглим тўлди. Менинг наздимда, биз ўйин сифати бўйича янада яхшироқ ҳаракат қилишимиз керак эди. Биринчи таймдаги қизил карточкадан кейин янада яхшироқ ўйнашни бошладик. Лекин айрим вазиятларда хатолар ҳам бўлди. Шундай экан, учрашувнинг натижасидан кўнглим тўлди, бироқ ўйинни ташкил қилиш бўйича кўнглим у қадар тўлгани йўқ.
Бир томондан қараганда, ўйинчиларимни ҳам тўғри тушунаман. Мавсум ўз якунига етмоқда. Ўз майдонимизда ОКМКга қарши учрашувда очко йўқотгандик. Ўша мағлубият ўйинчиларнинг руҳиятига салбий таъсир кўрсатди. Тикланиш жараёни қийин кечди. Қисқа қилиб айтганда, футболчиларимиз қўлларидан келганича ҳаракат қилишди. Уларни ҳам тушуниш мумкин. Олдимизда яна битта ўйин бор. Ўйлайманки, ўз майдонимиздаги ёпилиш ўйинимизда керакли натижани қўлга киритамиз.
Биласизми, Рубинни жамоамиз билан яна бир йиллик шартномаси бор. Мен шуни биламанки, "Пахтакор" клубимизга расман мурожаат қилмади. Шундай экан, бу борада ҳеч қандай фикр билдира олмайман”, – деди Хомяков.