Суперлиганинг 25-туридан ўрин олган "Насаф" – "Сўғдиёна" (0:0) учрашувидан сўнг мезбонлар бош мураббийи Рўзиқул Бердиев ўз фикрларини билдириб ўтди.
"Рақиб 1 очко олишни истаган эди. Бизнинг вазифа эса уларнинг ушбу режасини бузишдан иборат эди. Гол киритганимизда, ўйин бироз енгил ўтарди. Афсуски, бу амалга ошмади. "Сўғдиёна" қанчалик вақт чўзгани ёки дуранг учун ҳаракат қилгани ҳақида, гапирмасам ҳам бўлади. Бу ҳеч бир жамоага ярашмайди.
Етакчиларнинг баъзилари йўқлиги ва Насруллаевнинг жароҳат олиб майдонни тарк этиши режаларимизни ўзгартириб юборди. Шунга қарамай, иккинчи таймда рақиб жарима майдони атрофида босим уюштира олдик, аммо қулай вазиятлардан фойдалана олмадик. Шифокорларнинг таъкидлашича, Шерзоднинг бурни шикастланган. Умид қиламанки, Ал Файсалига қарши баҳсда жамоамизга ёрдам бера олади.
Бошкович мени устоз деб билмаса керак. У "Насаф"да ўйнаган вақтда мен ёрдамчи мураббий эдим. Бош мураббий бўлганимда эса у жамоани тарк этган эди. "Сўғдиёна" бизнинг ғоямизни ўрганиб, биздан устунлик қилди деб ўйламайман. Бизга қарши кўплаб жамоалар айнан шундай ҳаракат қилишади. Вазиятларимизни голга айлантирганимизда, ҳозир бу ҳақида гаплашиб ўтирмаган бўлар эдик.
Суперлигада бундан ҳам яхшироқ қатнашишимиз мумкин эди. Баъзи беллашувларда барқарорлик етишмади. Медалларга эга чиқишимиз керак. Фақат чемпионатни эмас, умумий мавсум ҳақида гапирсак, бу йил Насаф учун энг ҳар йилгидан ҳам яхши ўтди”, – деди Бердиев.