Франция терма жамоаси бош мураббийи Дидье Дешам жарроҳлик амалиётидан сўнг келаси йилги Европа чемпионатининг шанба кунги қуръа ташлаш маросимида қатнашмайди.
Франция федерацияси жума кунги баёнотида Дешам бир неча ҳафта давомида бел оғриғидан кейин шу ҳафта бошида операция қилинганини айтди. Унинг ўрнига Франция номини ёрдамчи мураббий Ги Стефан ҳимоя қилади.
«Мен қуръа ташлаш маросимига бормасликка қарор қилганим бежиз эмас эди. Бу ҳар доим ёқимли лаҳза, бу вақтда мен ҳамкасбларим билан суҳбатлашишни жуда ёқтираман. Аммо бир неча кунлик дам олишимни буюришди», – деди Дешам.
Эслатиб ўтамиз, Германия ва Франция, Португалия, Испания, Бельгия ва Англия Гамбургдаги 24 жамоадан иборат қуръа ташлаш маросими учун 1-саватчадан жой олган.