"Галатасарой" вингери Хаким Зиеш "Челси"даги қийинчиликлар ҳақида фикр билдирди.
Марокашлик "кўклар" сафига 2020 йилда "Аякс"дан 40 миллион евро эвазига ўтган эди. Ҳужумкор ярим ҳимоячи Лондон жамоасида ўзини намоён қила олмади ва шу йилнинг август ойида у "Галатасарой"га кейинчалик сотиб олиш мажбурияти билан ижарага берилди.
"Биз "Челси"даги муаммолар ҳақида узоқ вақт гапиришимиз мумкин. Умумий хулоса шуки, ҳамма нарса кутгандек бўлмади. Мураббийлар истеъфолари, раҳбарият билан боғлиқ муаммолар ва "ПСЖ"га муваффақиятсиз ўтишим билан тўла давр бўлди. "Челси"да юқори савияли ўйинчилардан иборат учта таркибга эга эдик - бу жуда кўп эканлиги аниқ, сабр-тоқат тугади", - дея Зиеш сўзларини келтиради VoetbalZone.