Куни кеча Украинанинг "Черноморец" клуби билан икки ярим йиллик шартнома имзолаган Максим Шацких клубнинг "Майдон марказида" телекўрсатувининг саволларига жавоб қайтарди.
— Максим, "Черноморец" клубига ўтишингиз жуда тез ва кутилмаганда содир бўлди. Ахир 10 январь куни ҳам сиз "Арсенал" клубидаги ишлар ҳақида интервью бериб юргандингиз...
— Энг аввало мен ўз жамоам билан юзага келган муаммоларга ойдинлик киритиб олиши керак эди. "Арсенал" клуби мени ортиқча муаммосиз қўйиб юборишига ишонч ҳосил қилганимдан кейин "Черноморец" раҳбарияти билан музокара бошланди.
— Сизни "Волинь" ва Россиянинг "Кубань" клублари ўз сафида кўришни исташганди. Нима учун Одессани танладингиз?
— Ҳа, бир неча клублар томонидан қизиқишлар бўлганди. "Черноморец"ни мен, энг аввало, сўнгги пайтларда кўрсатаётгани ўйини учун танладим. Клуб чиройли ўйин намойиш қилмоқда. Шунингдек, клуб олдига қўйилган мақсадлар ҳам мени қизиқтирарди. "УЕФА зонаси"га тушишни ва еврокубокларда иштирок этишни истайман. Айнан халқаро аренада клубнинг ва футболчиларнинг нималарга қодирлиги маълум бўлади.
— Одессадаги ўйинларга кўплаб мухлислар ташриф буюришади. Мухлислар билан тўлган стадионни соғиндингизми?
— Тўғрисини айтсам, ҳа. Чала-ярим тўлган ёки бўш стадионларда ўйнаш — тўғри эмас. Чигалёзди машғулотига чиққанингда стадион лиқ тўла бўлса — бу бошқа гап. Ҳайқириқлар сени жунбушга келтиради. Бу қўшимча адреналин ва ўйинни юқори кайфиятда бошлаш мумкин.
— "Черноморец"да анъанавий 16-рақамни танладингизми?
— Ҳа, мен деярли бутун фаолиятим давомида айнан шу рақамда ўйнаб келаман. Албатта, бу принципиал аҳамиятга эга эмас. "Черноморец"да бу рақам бўш экан, мен бажонудил қора-кўк рангли 16-рақамдаги футболкани кияман.
— Одессага кўчиб ўтганингизга киевлик мухлислар қандай муносабатда бўлишади?
— Бугунги кунда мен "Черноморец" футболчисиман. Ўйлайманки, шу кунгача менга нисбатан яхши муносабатда бўлган "Динамо" клуби мухлислари бундан кейин ҳам менга нисбатан ўз муносабатларини ўзгартиришмайди.
— Футболчи учун ёшингиз улуғ бўлиб қолган бўлса-да, ҳамон ажойиб формадасиз. Бунинг сири нимада?
— Менимча, бу иттифоқ пайтидан қолган футболчининг ёшига аҳамият берадиган ёмон одат бўлса керак. Ҳозир ҳақиқий профессионаллар футболчининг паспортига эмас, унинг футболдаги маҳоратига қарашади. Европада 39-40 ёшда ҳам футбол ўйнаб юрган талайгина футболчилар топилади. Менинг сирим ҳақида тўхталадиган бўлсам, бу ерда ҳаммаси оддий: меҳнат, меҳнат ва меҳнат. Меҳнат, иштиёқ ва ақл эвазига ҳар қандай инсон ривожланиши ва ўзидан талаб қилинган ишни амалга ошириши мумкин. Узоқ муддат футбол ўйнаш шунга боғлиқ. Инсоннинг ўзи буни хоҳласа, албатта.
— Собиқ жамоангиз "Арсенал"да ҳозир нималар содир бўляпти?
— Вазият муваффақиятсиз давом этадиган бўлса, барчаси ачинарли якун топиши мумкин. Агар "Арсенал" раҳбарияти ва футболчилар ўзаро бир қарорга кела олишса, клубни ёзгача тортиш мумкин. Билишимча, ҳозирги кунда клубга инвестор бўлишни ва уни сотиб олишни истаган кишилар бор. Бу нарса бугун, бир ҳафтадан кейин ёки бир ойдан кейин амалга ошиши мумкин. Умид қиламан, "Арсенал" бундан кейин ҳам ўз фаолиятини давом эттиради.
— "Черноморец" апрель ойида "канонирлар" билан Украина кубоги чорак финал доирасида учрашади. Бу ўйин сиз учун қанчалик принципиал аҳамиятга эга бўлади?
— Биз бу ўйинда ғалаба қозонишимиз керак. Ҳозирда мен "Черноморец" ўйинчисиман ва менга кимга қарши ўйнашнинг аҳамияти йўқ. У "Арсенал", "Шахтёр" ёки "Динамо" бўладими... Клубимиз олдида ё чемпионат, ёки Кубок орқали Европа лигаси йўлланмасини қўлга киритиш вазифаси турибди. Апрель ойида "Арсенал" устидан қозонилажак ғалаба бизга ярим финал йўлланмасини тақдим этади. Кейин эса финалгача ярим қадам қолади.