Кириш Регистрация
22/12 00:45 Лечче 1-2 Лацио
22/12 01:00 Барселона 1-2 Атлетико
22/12 16:30 Рома 5-0 Парма
22/12 18:00 Валенсия 2-2 Алавес
22/12 19:00 Фулхэм 0-0 Саутгемптон
22/12 19:00 Лестер 0-3 Вулверхэмптон
22/12 19:00 Ман. Юнайтед 0-3 Борнмут
22/12 19:00 Эвертон 0-0 Челси
22/12 19:00 Венеция 2-1 Кальяри
22/12 20:15 Реал Мадрид 4-2 Севилья
22/12 21:30 Тоттенхэм 3-6 Ливерпуль
22/12 22:00 Аталанта 3-2 Эмполи
22/12 22:30 Леганес 2-5 Вильярреал
22/12 22:30 Лас-Пальмас 1-0 Эспаньол
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

«Металлург-2023»: Мавсум сарҳисоби

Баҳо:
+ | -

Мамлакат  XXXII  миллий чемпионати тарих саҳифаларидан жой олганига ҳали бир ҳафта бўлмади-ку, Суперлига баҳсларига кўникиб қолган мухлислар уни соғина бошлашди. Қишки бўшлиқни ортда қолган мавсум сарҳисоби, янги мавсум тадориги, клубда амалга оширилаётган ишлар, трансфер янгиликлари билан тўлдириб турамиз.

2023 йилги футбол мавсимини кўпчилик турлича талқин этмоқда. Кимдир чемпионат муросасиз, қизиқарли курашларга бой бўлди, деяпти. Буни чемпионлик учун курашнинг охирги тургача ҳал бўлмаганлиги ёки Суперлигада жон сақлаш учун курашган жамоаларнинг ҳар бир ўйинни қизитиб берганлиги билан исботлашмоқда. Баъзи мутахассисларнинг наздида эса шунчаки аксарият клубларнинг кучи тенглашган, шунинг эвазига кескин рақобат кузатилди. Биз бу мулоҳазаларни таҳлил этиш фикридан йироқмиз. Шунчаки “Металлург” сарҳисобига назар ташламоқчимиз. Бекободликлар учун мавсум қандай ўтди? Мухлисларнинг жамоа иштирокидан кўнгли тўлдими? Шу ва бошқа саволларга эса рақамлар мисолида жавоб ахтарамиз.

Даставвал эса “Металлург” футболчиларининг 2023 йилги мавсум ўйинларидаги улуши тақвимини эътиборингизга ҳавола этамиз.

"Металлург"нинг биринчи даврадаги ўйинларида футболчиларнинг ҳиссаси



"Металлург" нинг иккинчи даврадаги ўйинларида футболчиларнинг улуши


"Металлург" ўтган йилги поғонани банд этди

2023 йилги мавсум “Металлург” мухлислари учун осон кечмади. Чемпионатнинг қаторасига иккита йирик мағлубият билан бошланиши мутасаддиларимизни ҳам, мухлисларни ҳам ўйлантириб қўйганди. Тезда тегишли чоралар кўрилди. Жамоа бошқарувида ислоҳатлар амалга оширилди. Янги бош мураббийнинг жамоага кўникиб кетиши учун вақт керак бўлди. Клуб ичидаги муҳит мўътадил кўриниш олгач, трансфер сиёсатида йўл қўйилган нуқсонлар тўғрилашга киришилди. Иккинчи даврадан “Металлург” карвони равон ҳаракатлана бошлади. Лигада энг кўп гол ўтказаётган жамоанинг ҳимоя қўрғони мустаҳкамланди. Саъйи ҳаракатлар натижаси бўй кўрсатди. Жамоа мусобақа жадвалида ўнталикка кириб олди ва мавсумни хотиржам руҳда якунлади. 2022 йилги ўрнимизни банд этдик. Мавсум охирида мураббийлар ишидан қониқиш ҳосил қилган Клуб мутасаддилари черногориялик мураббий билан шартномани 2026 йилгача узайтиришга қарор қилди. Жамоа олдига янги вазифалар, марралар қўйилди...

“Металлург” 2023 йилги мавсумда 26 учрашувнинг 8 тасида ғалаба қозонди, 6 та ўйинда битимга имзо чекди. 12 та ўйинда имконият бой берилди. Киритилган ва ўтказиб юборилган тўплар фарқи 26:35, 30 очко жамғарилди.

Сафар ўйинлари кўпайди...

Бу йилги мавсум "Металлург" ўз майдонида 5 та ғалаба, 4 та дуранг, 4 та мағлубият билан, 39 имкониятдан 19 очко қўлга киритди. Голлар фарқи – 15:14. Сафар натижалари эса: 3 ғалаба, 2 дуранг, 8 мағлубият, тўплар нисбати – 11:21, 11 очко.

Келтирилган рақамларга қараб, “Металлург” уйда яхшироқ ўйнабдида, деган хулосага келиш мумкин. Аммо “Металлург” амалда сафарда кўпроқ тўп сурди. Август ойидан кейин ЎзПФЛнинг талаби билан Бекободдаги “Металлург” марказий стадиони таъмирлаш учун “ёпилди”. “Металлург” рақибларини Олмалиқ шаҳридаги ОКМК стадионида қабул қила бошлади. 26-турдаги уй учрашувини эса рақиб майдонида ўтказди. Шундан келиб чиқадиган бўлсак, “Металлург” 9 та учрашувни уйда, 16 та учрашувни сафарда ўтказган бўлиб чиқади.

Қизиқарли ФАКТ: Ортда қолган мавсумда “Металлург” тўртта жамоа – “Нефтчи”, “Пахтакор”, “Насаф” ва “Сурхон”дан очко ололмади. Ўз навбатида учта рақиб – “Қизилқум”, ОКМК ва “Олимпик”ка очко бермади. “Турон” билан эса ҳар иккала ўйинда дурангга имзо чекди.

Қуйидаги тақвимда “Металлург”нинг 2023 йилдаги барча ўйинлари натижаси эътиборингизга ҳавола этилаяпти:


Жамоа гвардиячилари

Бу йилги мавсумни Испаниялик мураббийлар штаби билан бошлаб, Черногорияликлар билан якунлаган “Металлург” асосий таркиб ўйинларида 32 футболчи хизматига таянди. Энг кўп майдонга чиққан футболчи Шаҳзодбек Ғофурбеков бўлди. У 25 та учрашувда майдонга тушди. шулардан 24 тасини бошланғич таркибда бошлаган бўлса, битта ўйинда заҳирадан қўшилди. Аброрбек Тошқўзиев ва Керим Паличлар 24 та баҳсни асосий таркибда ўтказди. Рўйхатда тўртинчи ўринда қолган Забихилло Ўринбоев ҳисобида 23 та ўйин бор. 23-тургача узлуксиз барча ўйинларда жамоадошларини ўз ортидан эргаштириб келган сардоримиз Қаршидаги учрашувда  жароҳат олмаганида мавсумнинг барча баҳсларида майдонга тушармиди?

Майдонда бўлиш – дақиқалар ҳисобидан келиб чиққанимизда эса пешқадамлик Керим Паличга тегишли – 2159 дақиқа. Аброрбек Тошқўзиев ҳамда Шаҳзодбек Ғофурбековлар ҳам икки минг дақиқалик давондан ошиб ўтишди. Уларнинг кўрсаткичи мос равишда – 2089  ва 2086 дақиқа.

Футболчиларнинг 2023 йилги мавсумдаги улушини қуйида келтирилаётган тақвим орқали ўзингиз таҳлил этишингиз мумкин.



Жамоа сардори - жамоа тўпурари...

Суперлигада “Металлург” рақиблари дарвозасига 26 та гол киритди. Мавсум давомида 12  нафар ўйинчимиз ўз исми шарифини стадион таблоларига ёздириб қўйди. Жамоамиз тўпурари Забихилло Ўринбоев бўлди. У рақиблар дарвозасини 7 марта ишғол этди. Голларидан бирини 11 метрлик жарима зарбасидан киритди. Иккинчи даврадан жамоамизга келиб қўшилган 2020 йилги “бомбардиримиз” Шаҳзодбек Убайдуллаев ўз ҳисобига тўртта гол ёзди. Жамоамизнинг универсал ўйинчиларидан бири Ҳусниддин Ғофуров ҳам 4 марта муваффақият қозонди. У 2 та пенальтини аниқ амалга оширганлигини ҳам қайд этиш лозим. Биринчи даврадан кейин “Олимпик”ка ижарага берилган Иброҳим Ибрагимов рақиблар дарвозасига 2 та гол урди. Шунингдек, U20 Жаҳон чемпионатида ўз исми шарифини тарихга муҳрлаб келган бекободлик истеъдодли ҳужумчимиз Шаҳзоджон Неъматжонов ҳам 2 марта муваффақият қозонди. Ёшлар терма жамоамиз йиғинлари, Мундиаль билан банд бўлган, Жаҳон чемпионатидан жароҳат билан қайтган Шаҳзоджон 2 та голни 7 та учрашувда урди. Агарда мавсумни асосий таркибимизда тўлиқ ўтказганида Ш.Неъматжоновнинг фойдаси бунданда салмоқли ва баракали бўлиши мумкин эди.

Жамоанинг қолган голлари 7 нафар футболчимиз ҳисобига ёзилди.



Жарималар жафоси...

“Металлург” 2023 йилги мавсумни жуда интизомли ўтказди дейиш қийин. Учрашувни бошқариб борган ҳакамлар бекободлик футболчилар қаршисида жами 51 марта сариқ карточкани кўтаришди. Шулардан бир нафари битта учрашувда иккита сариқ карточка олиб, майдондан четлатилганди. Тўғридан тўғри қизил олган футболчиларимиз эса 4 нафар: булар – Владислав Касминин, Иброҳим Ибрагимов, Ҳусниддин Ғофуров, Искандар Шайқулов. Фақатгина Шаҳзодбек Ғофурбеков битта ўйинда икки марта огоҳлантириб, майдонни вақтли тарк этганди.



Ўринбосарларда ўсиш бор

Асосий жамоамизга яқин ўринбосарларни етиштириб берувчи U-21 ҳамда U-19 чемпионатларида қатнашган ёшларимизнинг натижалари кишини хурсанд этади. “Металлург” футбол клуби қошида “Реал” (Мадрид) академияси билан ҳамкорлик қилувчи “Эл Голасо” футбол академиясининг очилиши ўз самарасини бера бошлади.

Хусусан, “Металлург U-21” жамоаси кетма кет иккинчи мавсумни тўртинчи ўринда якунлаяпти. Ўтган йили Баҳром Умаров бошчилигида, бу йил эса Абдували Мўминов етакчилигидаги ёшларимиз бутун мавсум ҳужумкор футбол намойиш этиб, мухлисларимиз олқишига сазовор бўлди. Энг асосийси бош жамоага муносиб ўринбосарлар етишиб келаётганлиги кўзга ташланмоқда. Фикримиз исботи ўлароқ бош мураббий Веско Стешевич асосий таркибига U21 жамоасидан кўплаб ўйинчиларни жалб этди: булар – Самандар Муратбоев, Алишер Хайруллаев, Носир Абдусаломов, Сарвар Абдуҳамидов, Зафарбек Раҳимжонов, Рўзибоев Файзуллаевлардир... Уларнинг барчаси Ўзбекистон ўсмирлар ва ёшлар терма жамоаларига ҳам жалб этилаётганлиги бежиз эмас.

Яна битта маълумот: 2005 йилда туғилган бекободлик истеъдодли ҳужумчи Беҳруз Абдуллаев мавсумни “Металлург U19” сафида бошлаб, “Металлург U21”да якунлади. Бошқа футболчиларга нисбатан майдонга камроқ тушишига қарамасдан 13 та голи билан Ўзбекистон U21 чемпионатининг тўпурарига айланди.

Шуҳрат Юлдашев мураббийлигидаги “Металлург U-19” жамоамиз эса 2023 йилги мавсум қаҳрамонлари бўлишди, дейиш мумкин. Мамлакатимизнинг энг кучли футбол академиялари тарбияланувчиларини ортда қолдириб, Ўзбекистон U19 чемпионатида биринчи ўринни эгаллади. Чемпионатнинг олтин медаллари ва Кубогини Бекободга олиб келишди. Жамоанинг аксарият ўйинчилари Ўзбекистон U-17, U-18, U-20 терма жамоаларига жалб этилган.

Шунингдек, “Металлург” футбол академиясининг барча ёш тоифасидаги жамоалари Тошкент шаҳар биринчилиги – Премьер лигада муваффақиятли қатнашмоқда. “Металлург U13” жамоамиз ЎФА кубогининг финалига қадар етиб борди. Акмал Холматов шогирдлари “Пахтакор” жамоасига қарши ҳал қилувчи ўйинни фақатгина пенальтилар сериясида бой беришди холос. Мурод Тўйчиев бошчилик қилаётган “Металлург U16” жамоамиз эса ЎФА кубогининг ярим финалигача етиб борди. Фақатгина омадсизлик боис ўсмирларимиз шоҳсупага кўтарила олишмади.

Суперлиганинг 2023 йилги якуний мусобақа жадвали



Жамоаларнинг уй учрашувлари натижалари бўйича якуний жадвал


Жамоаларнинг сафар учрашувлари натижалари бўйича якуний жадвал.

Манба: https://t.me/metallurguz
Киритилди: 15:00, 07.12.2023.
Ўқилди: 1366 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.