"Челси" ва унинг мухлислари учун бундан баттари бўлмаса керак. Opta тақдим этган маълумотларга кўра, Лондон клуби 2023 йилда энг расво натижа қайд этган жамоа бўлиб турибди. Куни кеча Маурисио Почеттино қўл-остидаги жамоа "Эвертон" майдонига сафар қилиб, 2-0 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйган эди. Шундай сўнг, қуйидаги статистика вужудга келди. "Челси" жорий календар йилида 39 марта АПЛ баҳсларида иштирок этиб, 39 очко тўплай олган холос. Бу эса ўтган ва жорий мавсумда АПЛда ҳаракат қилаётган клублар ичида энг ёмон натижа ҳисобланади.
Ҳа, қуйида жадвалга қарасангиз, "Кристал Пэлас" ва "Ноттингем Форест"да ҳам вазият шунақа эканини кўрасиз. Бироқ, бу икки клуб "Челси"дан битта кам ўйин ўтказганини унутмаслик лозим. Айни дамдаги ҳисоб-китоблар "Кристал Пэлас" ва "Ноттингем"ни ҳар бир баҳсда 1.02 очко олганини кўрсатади. Бу эса "Челси"дан яхшироқдир. Улардан кейинги ўринни "Борнмут" эгаллайди. "Олчалар" кўзда тутилган давр ичида 42 очко тўплаган. Агарда 10 очколик жазони ҳисобга олмасак, "Эвертон"ни 44 очко билан юқорироқда турганини кўриш мумкин. Бундан вазиятни кўрган "Челси" ишқибозлари ўз фикрларини ижтимоий тармоқларда ёзиб қолдирмоқда.
Уларнинг айримларини келтириб ўтамиз. Мухлислардан бири истеҳзо билан шундай изоҳ қолдирган: "Бундай "натижа"га эришиш учун неча миллион сарфланди экан?". Иккинчиси эса "Ҳамма бу жамоанинг юз миллионлаб фунт турадиган таркиби ҳақида гапирмоқда. Ҳеч ким ҳисоб-китоб қилиб кўрмайди. Бу йили биз учун ҳар бир очко 25 миллион фунтга тушмоқда", – дейди.
Учинчи мухлис бундай дейди: "Ҳақиқий Чемпионшип жамоаси. Одамни кулгиси қистайди".
Тўртинчиси: "Биз АПЛдаги энг ёмон клубмиз. Яшасин, раҳбарият!".
Бешинчи мухлис: "Икки йил ичида Европа чемпионлигидан АПЛда қолиш учун курашадиган клуб даражасига тушиб қолиш ҳаммага ҳам эмас. Бундай "ҳислат" фақат ва фақат "Челси"га хосдир. Пулни шу йўсинда сарфлашни давом эттиринглар".
"Манчестер Сити" календар йили жадвалида пешқадамлик қилиб турибди. Бу клуб ҳар бир ўйиндан ўртача 2.2 очко олмоқда. Кейинги поғонани Унаи Эмерининг "Астон Вилла"си эгаллади. Бирмингемликлар бу борада 2.05 очколик кўрсаткичга эга.
Маурисио Почеттинодан илгари Фрэнк Лэмпард ва Грэм Поттерлар жамоада ишлади. Уларнинг натижалари эса ўта қониқарсиз эди. Бу мавсумнинг 16 та турида "Челси" 5 та ғалабага эришди. Ҳозирда клуб 12 ўрингача тушиб кетди. Таққослаш учун "Челси"нинг сўнгги 3 трансфер ойнасидаги харажатлари 1 миллиард фунтдан ошиб кетди. Бу АПЛдаги рекорд ҳисобланади. Аммо натижалар фақат ёмонлашиб бормоқда. Яқин келажак эса мавҳум бўлиб турибди. Почеттино ҳали муаммоларга барҳам бера олмаган кўринади...
ИСМАТОВ Ж.