Ўзбекистон Суперлигасининг якунига етган мавсумига кўра қайси ҳакамлар энг кўп учрашув бошқаргани, сариқ ва қизил карточка кўрсатгани ҳамда энг кўп пенальти белгилаганини биласизми?
Энг кўп ўйин бошқариш бўйича бу мавсум 3 нафар ҳакамимиз тенг натижа қайд этди. Унга кўра, Илгиз Танташев, Акобирхўжа Шукуруллаев ҳамда Шавкат Насибуллаев жорий мавсумда 13 та Суперлига баҳсида ишлаган. Улардан кейинги ўринларни эса 12 та баҳсда ҳакамлик қилган Темур Тўхтасинов ва Аскер Нажафалиев, шунингдек, 11 тадан учрашув бошқарган Раҳимбек Каримов ва Фирдавс Норсафаров эгаллаган.
Сариқ карточкалар бўйича Аскер Нажафалиев етакчилик қилмоқда. Унинг ҳисобида 12 та ўйинда кўрсатилган 68 та сариқ ва 4 та қизил карточка бор. Бундан ташқари, у ушбу баҳсларда 5 марта пенальти белгилаган.
Қизил карточкалар бўйича етакчи ҳакам эса бу мавсум Раҳимбек Каримов бўлди. Суперлиганинг 11 учрашувида ишлаган ушбу ҳакам чўнтагидан жами 10 марта қизил рангли карточкани чиқарган. Бундан ташқари, унинг ҳисобида 45 та сариқ карточка ҳам бор.
Пенальти белгилаш бўйича Фирдавс Норсафаров — мутлақ етакчи. У Суперлиганинг 11 учрашувида 7 бора 11 метрлик нуқтага ишора қилган.