"Челси" раҳбарияти январдаги трансферлар ойнасида нима қилиш кераклиги ҳақида ўйламоқда. Улар яна янги футболчилар учун пул сарфлаш ёки маблағини тежаш борасифа бир қарорга келиши керак.
Клуб турнир жадвалида 10 ўринни эгаллаб турибди. Бу эса бош мураббий Маурисио Почеттинога босим юклайди. Аргентиналик мутахассис интервьюларидан бирида жамоага яна янги футболчилар керак эканини таъкидлаган эди. Демак, Почеттинога ёздаги жами 460 миллион фунтлик Кайседо, Лавия, Нкунку, Палмер, Жексон, Дисаси ҳамда Угочукву харидлари камлик қилибди. Умуман олганда, сўнгги 18 ой ичида "Челси"нинг харидлари қиймати 1 миллиарддан ошиб кетди. Бироқ, бу ечим бўла олмади. Шундай вазиятда яна янги трансферлар нега керак? Суперкомпьютер берган жавобга кўра, Почеттино яна 3 та футболчи сотиб олиши лозим. Бу орқали "Челси" яна кучли олтиликка қайтиб, мавсумнинг иккинчи ярмини яхши ўтказиши мумкин бўлади. Демак, қуйида уларнинг кимлигини билиб оласиз.
1. Саша Боэ, "Галатасарай" – 22 миллион фунт
"Челси"нинг кучайтириши керак бўлган дастлабки жойи бу ўнг қанот ҳимоясидир. Жамоа сардори Рис Жеймс жароҳат олди. Унинг ўрнига Мало Гюстодан фойдаланиш мумкин. Аммо бу етарли бўлмайди. Сунъий интеллект Почеттинога "Галатасарай" юлдузи керак эканини кўрсатмоқда. Боэ бу мавсумда ЕЧЛдаги ҳаракатлари билан катта клублар назарига тушди. 23 ёшли ҳимоячи ҳар икки қанотда ўйнай олади ва ҳужумни яхши қўллаб-қувватлайди. Унинг майдонни кўриш ва вазиятларни баҳолаш қобилияти ўта юқори даражада. Шундай экан, уни сотиб олиш фақатгина "Челси"га фойда келтиради. Қолаверса, Саша Боэнинг нархи лондонликлар учун ўта ҳамёнбоп – 22 миллион фунт.
2. Жоау Невиш, "Бенфика" – 105 миллион фунт
Невишни кўпчилик "Манчестер Сити" ярим ҳимоячиси Родрига қиёслашади. 19 ёш бўлишига қарамай, Невиш аллақачон "Бенфика" юрагига айланиб улгурган. Ҳа, айни дамда умумий нархи 222 миллион фунт бўлган Энцо Фернандес ва Мойсес Кайседолар "Челси" ихтиёрида бор. Бироқ, таянч ҳудудига яна бир футболчи зарур. Бу футболчи эса бутун ўйинни назорат қилиб, ҳимоя ва ҳужум орасида мустаҳкам боғлам ҳосил қила олиши керак. Ана шундай номзодлардан бири Невишдир. Суперкомпьютер унинг даражасини юқори баҳолайди. Негаки, у "Бенфика"да кўплаб ўйин аспектлари бўйича юқори кўрсаткичларга эга. Жоау Невиш 105 миллионга баҳоланмоқда. Жамоада аллақачон 100 миллиондан ортиқ маблағ эвазига олинган иккита ярим ҳимоячи бор. Учинчиси ҳам арзон-гаровга келмайди.
3. Эван Фергюсон, "Брайтон" – 100 миллион фунт
"Челси" худди ўтган мавсумдаги каби, ҳозир ҳам рақиб дарвозаси қаршисида муаммоларга дуч келмоқда. Яъни, жамоада гол уриш борасида муаммолар бор. Шу сабабли суперкомпьютер "Челси"га яна бир ҳужумчи керак эканини билдирмоқда. "Аристократлар" сўнгги пайтларда "Брайтон"нинг энг яхши харидорига айланган. Буни Марк Кукурелья ва Мойсес Кайседо харидлари орқали билиб олишимиз мумкин. Кейинги навбат ҳужумчига. Эван Фергюсон 19 ёшда. Аммо аллақачон етук ҳужумчилар сингари ҳаракат қила олади. Буни биз ўтган мавсумда кўргандик. Айни дамда ирландиялик футболчи 100 миллион фунтга баҳоланмоқда. Шу сабабли, "Челси" бу борада жиддий ўйлаб кўриши керак. Аммо ақлли харидлар орқали Почеттино жамоасининг аҳволи яхшиланишига шубҳамиз йўқ.
ИСМАТОВ Ж.