Евромавсумнинг асосий кашфиёти - «Жирона». Каталониянинг камтарин клуби Ла Лига-2023|2024ни шундай ёрқин бошладики, кўпчилик бунга ҳалигача ишонолмаяпти.
Асосий фактга қаранг: Мичель бошқарувидаги жамоа август - ноябрь оралиғида Жуд Беллингем билан янада қўрқинчли рақиб тимсолига кирган «Реал» билан тенма-тенг юрди. Дастлабки 15та тур якуни бўйича айтсак, «Жирона» фақат голлар нисбати бўйича «Мадрид»дан бироз ортда қолди. Кўпчилик менсимаган жамоа шунинг баробарида 15та ўйинда Ла Лиганинг энг сермаҳсул иштирокчиси бўлди - 34та гол. Албатта, жироналикларга нисбатан қулай тақвим ҳам қўл келгандир, эҳтимол. Аммо бу клуб таркибида ўзгача иштиёқ билан тўп сураётган футболчилар хизматига соя солмайди асло. Қуйида sports.ru сайти маълумотлари асосида «Жирона»ни олға бошлаётган марказий ярим ҳимоячи Алейш Гарсияга эътибор қаратамиз. Ҳисобга олиш керак, ушбу материал 10 декабрь куни бўлиб ўтган «Каталония дербиси» («Барселона» - «Жирона»)дан олдин ёзилган.
«Вильярреал» тизими футболчиси. Алейш Гарсия гарчи «сариқ сувости кемаси» тизимида шуғулланган бўлсада, асосий жамоа таркибида атиги 1 марта майдонга тушган. Бинобарин, у эрта кунда қудратли «Манчестер Сити» эътиборини қозонади ва 2015 йили «шаҳарликлар» сафига қўшилади. Бироқ Алейшнинг Англия сафари узоққа чўзилмайди. «Манчестер Сити» раҳбарияти атиги 4та ўйинда майдонга тушган иқтидорли футболчини ижара келишуви асосида «Жирона»га юборади. Ўз ўрнида айтиш керак, ҳар икки клуб City Football Group концерни таркибида фаолият юритмоқда. Алейшга қайтсак, у кейинчалик «Динамо» (Бухарест) ва «Эйбар» жамоаларида ҳам ўйнаб кўради. 2021 йилнинг июль ойида эса эркин агент сифатида «Жирона»га қайтади. Каталонияликлар айнан ўша мавсум якунида Сегундадан элитага кўтариладилар.
Трансферлар баҳоси 10 миллион евро. Футболчи жорий мавсум Ла Лиганинг дастлабки 15та турида бехато майдонга тушди. Шундан 7та ўйинни ярим ҳимоячилар учлигида ўтказиб, ҳимояга боғланган футболчи ролини бажарди. Охирги учрашувларда эса Анхель Эррера билан тандем ташкил этмоқда. Алейшнинг ҳимоявий ҳаракатлардаги кўрсаткичига алоҳида тўхталиш керак. Бинобарин, у тўпни илиб олиб борасида 81 фоизлик натижа билан ўз позициядошлари орасида пешқадамлик қилмоқда. Эътиборли жиҳати, Алейшда ҳужум ҳаракатлари кўрсаткичи ҳам жуда яхши. У бу борада узатмалар сони ва сифати борасида мақтанишга ҳақли. Тўғри, ҳужумда алдаб ўтиш фоизи бироз паст. Лекин ҳар бир ўйинда 81 фоиз аниқ узатма - бу Ла Лигадаги энг яхши кўрсаткич. Энг яқин таъқибчилар - Тони Кроос ва Орельен Тчуамени 79 фоиз аниқ узатмага эгалар. Лекин «Реал» вакилларида узатмаларнинг умумий сони кам.
Диагонал ўтказма. Ҳар бир ўйинда ўртача ҳисобда 66,9та қисқа узатма. Алейш бу борада Испания чемпионатининг энг илғор 5 нафар иштирокчисидан биридир. Қисқа узатмаларнинг аниқлиги 94,4 фоиз. «Жирона» етакчиси бу масалада топ-3да. Хуллас, статистик кўрсаткичлар бўйича айтсак, Алейш Гарсия шубҳасиз, Ла Лига юлдузлари қаторида. Лекин навбатдаги ҳар бир учрашув нафақат лига кашфиёти, балки бутун «Жирона» учун ҳақиқий синов саналади. Демак, кузатишда давом этамиз.
А.АҲМЕДОВ тайёрлади