Мадриднинг “Атлетико” клуби ҳимоячиси Сесар Аспиликуэта “Реал”га қарши дербида жиддий жароҳат олди.
34 ёшли футболчи Испания кубоги 1/8 финалида (4:2) қўшимча таймларида майдонга тушди, бироқ ўйинни якунига етказа олмади. 116-дақиқада у жароҳат туфайли алмаштирилди. “Матрасчилар” матбуот хизмати хабар беришича, Аспиликуэтага менискус йиртилгани ташхиси қўйилган. Шу тариқа, Diario AS хабарига кўра, Диего Симеоне яқин икки-уч ой ичида тажрибали футболчидан фойдалана олмайди. Клуб яқин орада футболчига жарроҳлик амалиёти керакми ёки йўқми, ҳал қилади.
Сесар Аспиликуэта ўтган июль ойида "Челси"дан "Атлетико"га ўтган эди. Ҳимоячи мадридликлар сафида 22 та ўйин ўтказиб, битта голли узатмани амалга оширган.