Одатда январь ойидаги трансферлер ойнаси анча қизғин кечарди. Аммо бу сафар ундай бўлмади. Масалан, бундан бир йил олдинги трансферлар ойнаси футбол тарихидаги энг кўп пул сарфлангани бўлди. Бугун эса катта клублар қоидалардан четлаб чиқмасликка ҳаракат қилмоқда. Шунга қарамай, айрим паст нархли футболчилар сотилиши ёки ижарага берилиши мумкин. Қуйида уларнинг номларини билиб оласиз.
Жон Дуран
Дуран "Челси" радарига тушган сўнгги номлардан бири саналади. Ёш ҳужумчи узоқ келажакда "аристократлар" учун фойдали харидга айланиши мумкин. 20 ёшли футболчи Почеттино томонидан қадрланади. Унинг нархи ва маоши бошқа вариантларникига қараганда анча арзондир. Харҳолда, Карим Бензема Дурандан каррасига кўп маош талаб қилиши турган гап.
Конор Галлахер
"Челси" ҳужумчи сотиб олишни ўйламоқда. Аммо Фейр Плей қоидалари асосида бу клуб хариддан олдин сотиш ишларини амалга ошириши ҳам талаб қилинади. Жамоадан кетиши кутилаётган номларнинг энг каттаси бу Конор Галлахердир. 23 ёшли ярим ҳимоячига "Тоттенхэм" қизиқиш билдирган. "Челси" эса Галлахер учун 50 миллион фунт талаб қилмоқда.
Мигель Алмирон
"Ньюкасл Юнайтед" молиявий Фейр Плейга амал қилиши лозим. Бунинг учун Алмирон қурбон қилиниши мумкин. 29 ёшли ҳужумчига "Ал-Шабаб" ҳамда "Ал-Аҳли" жиддий қизиқиш билан қарамоқда. Агарда клуб ўтган мавсум каби 73.4 миллион фунтлик зарар кўришни истамаса, тезроқ бунга қарши чоралар кўриб қўйиши керак.
Кирнан Дюзбери-Холл
Ярим ҳимоячи "Лестер Сити"дан кетиши айтилган. Дюзбери-Холл АПЛга қайтиши мумкин. Унга "Брентфорд" ҳамда "Брайтон" жиддий даъво қилмоқда. "Тулкилар" ўзи учун муҳим саналган футболчини 35 миллион фунтдан камига сотмаслигини билдирган. Ҳозирда томонлар музокараларни давом эттирмоқда.
Жейкоб Ремзи
"Астон Вилла" футболчисига бутун Европадан таклифлар бор. Унга топ-клублар жиддий қизиқиш билан қарамоқда. 22 ёшли вингер учун "Бавария", "Ньюкасл" ва "Тоттенхэм" даъвогарлик қилади. Ремзи учун белгиланган нарх эса 50 миллион фунтни ташкил этади. Жамоа бош мураббийи Унаи Эмери Ремзини сотилмаслигини билдирганига қарамай, яхши таклиф трансферни рўёбга чиқариши аниқ.
ИСМАТОВ Ж.