Кеча куннинг иккинчи ярмида “Металлург” Белек яқинидаги “Калиста” спорт маркази майдонида Қозоғистоннинг “Елимай” футбол клубига қарши баҳс олиб борди ва 1:1 ҳисобида дурангга имзо чекди.
Учрашув тенг курашлар остида ўтди. Жамоалар анча вақт майдон марказини қўлга олиш учун позицион ўйин намойиш этишди. Рақибнинг ҳимоя чизиғидаги заиф нуқтани биринчи бўлиб бекободликлар илғашди. Тўп назоратини қўлга олган Веско Стешевич шогирдлари “Елимай” дарвозаси ёнида хавфли вазиятларни содир эта бошлашди. Шундай ҳужумлардан бирида Ҳазрат Турсунқулов олис масофадан ўз омадини синаб кўришга жазм этди. Зарба эса кутилганиданда аъло даражада чиқди! Тўп дарвозанинг юқори бурчагига бориб тушди – 1:0.
Ҳисобда олдинга чиқиб олган бекободликлар ҳужум темпини пасайтиришмади. Семей шаҳри жамоаси ёнида яна бир қатор хавфли вазиятларни юзага келтирдик. Аммо дарвозани ишғол этиш футболчиларимизга бошқа насиб этмади. Қозоғистонликлар эса табиийки мағлубиятдан қутилиш чорасини қидиришди. Биринчи таймда улар бунга муваффақ бўлишмади. Аммо танаффусдан кейин Андрей Карпович шогирдлари битта жавоб голини киритиш уддасидан чиқишди. Бу учрашувнинг 71-дақиқасида содир бўлди. “Металлург” посбони ҳамда ярим ҳимоячисининг эҳтиётсизлиги боис жарима майдони яқинида тўпни эгаллаб олган семейликларнинг 21 ёшли ҳужумчиси Иван Свиридов олис бурчакни қийинчиликсиз нишонга олди – 1:1. Шундан кейин ҳам ҳар иккала жамоада қулай имкониятлар бўлса-да, мазкур ҳисоб ўйин охиригача ўзгармай қолди.
Энди “Металлург” 10 февраль санасида Премьер лиганинг бошқа бир жамоаси – “Жетису”га қарши назорат учрашувида майдонга тушади.
Назорат учрашуви
“Елимай” – “Металлург” – 1:1.
Голлар: Ҳазрат Турсунқулов (21), Иван Свиридов (71).
“Металлург”: Раҳимжон Давронов, Аброр Тошқўзиев, Аббос Отахонов, Зафар Раҳимжонов, Мирғиес Сулаймонов, Искандар Шайқулов, Алишер Хайруллаев, Ҳазрат Турсунқулов, Равшан Абдуманнонов, Беҳруз Абдуллаев, Шаҳзодбек Убайдуллаев.
“Елимай”: Денис Кавлинов, Берик Айтбаев, Сергей Кейлер, Султан Абилгази, Дмитрий Шмидт, Никита Корзун, Майком Родригес, Еркебулан Нургалиев, Нурсултан Советкази, Роман Муртазаев, Иван Свиридов.