"Ливерпуль" сардори Виржил ван Дейк "мерсисайдликлар" Англия лига кубоги финалида Лондоннинг "Челси" жамоасини мағлуб этишига умид қилмоқда. Бу ҳақда у ўйиндан олдинги матбуот анжуманида айтиб ўтди.
"Бу клуб учун финалда ўйнашнинг ўзи ақл бовар қилмайдиган нарса. Албатта, биринчи навбатда, барчамиз ғалаба қозонишни хоҳлаймиз, лекин финал - барибир финал. Якуний ўйин - бу мавсумдаги биринчи совринимизни қўлга киритиш имконияти, бу бизга мавсумнинг якуний қисмига туртки беради. Мен кейинги ўйинни интиқлик билан кутяпман. Умид қиламанки, биз Лига кубогида ғалаба қозона оламиз, биз "Уэмбли"га айнан шу мақсадда келганмиз", - деди ван Дейк "Ливерпуль" расмий сайтига.