«Бавария» клуби ва Германия терма жамоаси собиқ футболчиси Дитмар Хаманн «Реал» ярим ҳимоячиси Тони Крооснинг миллий жамоага қайтишини танқид остига олди.
«Тони Кроос ажойиб футболчи эканини таъкидлашимиз шарт эмас. У германияликлар орасида энг кўп соврин ютган футболчи бўлиши ҳам мумкин. Эҳтимол, у Германия футболи тарихидаги энг яхши ўйинчидир. Кроос биринчи рақамли ўйин намойиш этадиган жамоада муҳим футболчи. Унинг ёнида Камавинга, Вальверде ва баъзида Тчуамени бор. Улар жаҳондаги энг яхши ярим ҳимоячилар. Аммо биз Туркия ва Австрияга қарши учрашувларда ўйин назоратини ўз томонига оғдира олмаяпмиз.
Гросс (32 ёш), Гюндоган (33 ёш) ва Кроос (34 ёш) биргаликда 100 ёш. Нима деб ўйлайсиз, бошқа жамоалар биз билан қандай ўйнашади? Улар бизни тезликда ортда қолдиришади. Футбол ёш инсонлар спорт турига айланди. Вақти вақти билан ёши катта ўйинчилар ҳам ўзларини кўрсатишмоқда. Таркибида 3 нафар ёши 30 дан ошган ярим ҳимоячилар билан Европа чемпионати ёки жаҳон чемпионатига бориб бўлмайди», — деди Хаманн.
Эслатиб ўтамиз, Тони Кроос 22 февраль куни Германия терма жамоасига қайтишини эълон қилди.