Вали Келдиевни футбол ишқибозларига ортиқча таништириб ўтиришнинг ҳожати бўлмаса керак. Ўз вақтида олий лигада энг кўп майдонга тушган собиқ футболчи эндиликда мураббийлик касби билан шуғулланмоқда.
Вали Норпўлатович ҳозир «Машъал» футбол мактабида ёшларга футбол сир-асрорларини ўргатиш билан банд. Вали Келдиев бунгача 1996 йилда туғилган болалар билан ишлаб келаётганди. Бу йилдан эса ёрдамчиси Икрем Репатов билан 1997 йилда туғилган футболчиларга мураббий этиб тайинланди. Яқинда Келдиев билан қиқача суҳбатлашиб, жамоасига оид янгиликлар борасида сўрадик.
— Клубимизнинг янги спорт директори Абдураҳмон Юмангулов буйруғига биноан 1997 йилда туғилган футболчилардан иборат гуруҳнинг бош мураббийи этиб тайинландим, — дейди Вали Норпўлатович. Бунгача бу жамоани Николай Лапа бошқариб келаётганди. Биз билан 1996 йилда туғилган футболчилардан 9 нафари ҳам шуғулланмоқда. Қолаверса, уч нафар шогирдим биринчи лигада ўйнаш учун «Машъал»нинг асосий таркибига йўл олди. Яқинда гуруҳимиз «Наврўз» Кубоги саралаш баҳсларида қатнашди, бироқ айрим сабабларга кўра, гуруҳдан чиқа олмади. Энди эса бор эътиборни вилоят биринчилиги баҳсларига қаратамиз. Олдимизга футбол мактаб раҳбарияти томонидан «Машъал»нинг келажаги учун яхши савиядаги футболчиларни тарбиялаб бериш вазифаси қўйилган. Бунинг учун қўлдан келганча ҳаракат қиляпмиз. Ҳозирча янги мавсумга тайёргарлик яхши кетяпти ва ўйлайманки, шогирдларим кейинроқ бошланадиган Қашқадарё лигаси баҳсларида ўзларини кўрсатишади.