Бугун Тошкент вилояти "Дўстлик" жамоа хўжалигида жойлашган терма жамоалар маркази футбол майдонида Суперлиганинг 5-турида ўйин амалиётисиз қолган "Металлург" ҳамда "Навбаҳор" жамоалари ўртасида назорат учрашуви бўлиб ўтди. Қизиқарли ва муросасиз кечган баҳсда наманганликлар ғалаба қозонишди.
Учрашувнинг биринчи дақиқасидақ водийликлар ҳисобни очишга муваффақ бўлишди. Асад Собиржонов ҳимоя марказидан дарвоза томон йўл топа олди - 1:0.
Тайм якунида "Металлург" ўз дарвозасидан яна битта тўп олиб чиқди. Бу сафар дарвозабон тўпни биринчи ўринишда қайтарганди. Иккинчи темп билан берилган зарбага ҳимоячи қалқон бўлди. Бироқ қанот ҳаками ҳимоячи бош билан тўпни қайтаргунига қадар у ҳавода чизиқни кесиб ўтди, деган қарорга келди.
"Металлург" голлар оралиғида жавоб қайтариш учун бир қатор вазиятлар яратди. Айниқса Марко Миличкович дарвозабон билан яккама якка вазиятдан фойдалана олмагани афсусланарли бўлди.
Иккинчи бўлимда таркиб деярли тўлиқ ўзгарди. "Металлург"нинг ўйини ҳам бошқача — ҳужумкор тус олди. Жамоа бу таймда камида уч-тўртта гол уриши мумкин эди. Аммо Шаҳзодбек Убайдуллаев, Ризо Яздандўст, Сардор Абдураимовдан омад юз ўгирди. Убайдуллаевнинг беш метрдан берган зарбасини ҳимоячи тўсган бўлса, Ризонинг бош билан стандарт вазиятдаги зарбаларига бироз аниқлик етишмади. Абдураимовнинг хавфли зарбасини эса Лобанов қайтарди. Иккинчи таймда майдонга тушган Александр ўйин қаҳрамонларидан бири бўлди.
Мазкур назорат учрашуви ҳар иккала жамоа учун Кубок ўйинлари олдидан тайёргарлик вазифасини ўтаб берди.
Назорат учрашуви
"Металлург" - "Навбаҳор" - 0:2
Голлар: Асад Собиржонов, Филип Иванович.
Ҳакамлар: Илгиз Танташев, Андрей Цапенко, Тимур Гайнуллин.
Назоратчи: Равил Шояхметов.
"Металлург": Раҳимжон Давронов, Даврон Эргашев, Аббос Отахонов, Иван Йосович, Аброр Тошқўзиев, Шаҳзодбек Ғофурбеков, Керим Палич, Искандар Шайқулов, Марко Миличкович, Бобан Жоржевич, Шаҳзодбек Убайдуллаев.
"Металлург" (2-тайм): Акмал Ортиқов, Худойшукур Сатторов, Ризо Яздандўст, Мирғиёс Сулаймонов, Эргаш Исмоилов, Сирожиддин Қўзиев, Сардор Абдураимов, Ҳазрат Турсунқулов, Марко Миличкович, Бобан Жоржевич, Шаҳзодбек Убайдуллаев (Беҳруз Абдуллаев)
"Навбаҳор": Ўткир Юсупов, Фаррух Сайфиев, Филип Иванович, Азим Аҳмедов, Абдулхаев, Жамшид Болтабоев, Йован Жокич., Асад Собиржонов, Жамшид Искандеров Аброр Исмоилов, Тома Табатадзе.
Захирадан майдонга тушганлар: Александр Лобанов, Иброҳим Йўлдошев, Гиорги Никабадзе, Шодиёр Шодибоев, Наврўзбек Иминжонов, Озодбек Ўктамов, Нурмуҳаммад Тошпўлатов.