26 март куни ўтказиладиган Ўзбекистон – Ливан ўйинига чиқарилган 28 минг 300 дона чиптанинг 6 мингтаси 18 март куни сотиб бўлинди. Бу ҳақда ЎФФ матбуот хизмати твиттери хабар тарқатди.
ЖЧ-2014 саралаш 4-босқич 7-тур баҳслари доирасида ўтказиладиган Ўзбекистон – Ливан ўйини учун чипталар 18 март, душанба куни сотувга чиқарилиши ҳақида аввалроқ хабар берилган эди. ЎФФ матбуот котиби Санжар Ризаевнинг ўз твиттерида ёзишича, чипта сотилишига масъул бўлган шахслар 18 март куни 6 мингта чипта сотилгани ҳақида ЎФФ Терма жамоалар маркази директори Асқар Толибжоновга ҳисобот топширишган.
Айни вақтда, чипталарни сотиб олиш мақсадида «Бунёдкор» стадиони кассаларига ташриф буюрган мухлислар ушбу рақамнинг ҳақиқатга мос келмаслигини таъкидлашмоқда. @AAkramov никли фойдаланувчи 6 мингта чипта сотилгани ҳақидаги хабарга: «Ғирт ёлғон!», – дея муносабат билдирган бўлса, @Turoniy: «6000та билет сотилганига ишонмайман!», – деб ёзган. Стадионда чипталарнинг сотувга чиқарилишини олти соатга яқин кутганини маълум қилган @DjavaOfficial: «У ерда кўпи билан 500та чипта сотилди!», – деб ёзган. «Туҳмат қилиш гуноҳ-ку, лекин 6 мингта чипта сотилмади», – деб ёзади @sharipovdoniyor.
Айни вақтда, чипталарнинг аввал эълон қилинган вақтдан кеч сотувга чиқарилгани ортида, бир қатор интернет фойдаланувчиларнинг маълум қилишича, «Бунёдкор» стадиони кассалари олдида тартибсизликлар юзага келган. @Mr_Rakhmonov’нинг ёзишича, «Бунёдкор» стадиони кассаси олдида мухлислар ва тартибни сақлаш ходимлари ўртасида «ҳақиқий тўқнашув» содир бўлган. Кейинчалик, @Mr_Rakhmonov аниқлик киритиб, «тинчлик, касса олдидаги оломонда низо келиб чиқди», – деб ёзган.
Бундан ташқари, Kun’нинг Фейсбукдаги саҳифасида ижтимоий тармоқ фойдаланувчиси Elyor Mirzo томонидан қолдирилган фикрга кўра, стадион кассалари соат 17:24да ҳам очилмаган, касса олдидаги одамлар сони эса кўпайиб бораверган. «Патрул хизмати оломонни тинчлантиришга ҳаракат қилиб кўрди, ўхшамади. Вазият куч ишлатишгача бориб етди. Махсус гуруҳ «дубинкалар»ни ишга сола бошлади», – деб ёзади Elyor Mirzo. Фойдаланувчининг қўшимча қилишича, 2та касса соат 18:30да очилган.
Ўзбекистон ва Ливан терма жамоалари ўртасидаги баҳс миллий терма жамоанинг нафақат ЖЧ-2014 саралаш баҳсларидаги муҳим ўйини, балки «Бунёдкор» стадионида ўтказиладиган илк расмий учрашув ҳисобланади. Бунгача ҳали ушбу стадионда бирор марта расмий футбол учрашуви ўтказилмаган.