"Реал Мадрид" ярим ҳимоячиси Жуд Беллингем Мадрид клубига ўтгани ҳақида гапирди, шунингдек, "Лос Бланкос" раҳбариятига унга бўлган қизиқишлари учун миннатдорчилик билдирди.
"Реал Мадрид - ўзгача клуб. Бу клуб билан шартнома имзолаш мен билан содир бўлган энг яхши воқеа. Бу 2023 йилдаги ҳаётимдаги асосий воқеа.
Менга бўлган қизиқишлари учун "Реал"га раҳмат айтишим керак. Бу ерда кўплаб иқтидорли футболчилар бор ва улар менда жамоага мослашиш учун тўғри хислат ва характерга эга деб ўйлаганликларидан фахрланаман. "Реал Мадрид" менга қўнғироқ қилиб, кейинги бир неча йил учун режа ва лойиҳа ҳақида гапирганда, улар мени ишонтиришди. Бу ҳақда ўйлашим шарт эмас эди", — деди Беллингем Madrid Universal билан суҳбатда.
Беллингем 2023 йилнинг июлида Дортмунднинг "Боруссия" жамоасидан "Реал"га ўтган эди. Трансфер суммаси 103 миллион еврони ташкил қилди, футболчининг клуб билан шартномаси 2029 йилнинг ёзига қадар мўлжалланган. Transfermarkt 20 ёшли футболчини 180 миллион еврога баҳоламоқда.
Жорий мавсумда Беллингем барча турнирларда 38 та ўйин ўтказиб, 22 та гол урди ва 10 та голли узатмани амалга оширди.