Кириш Регистрация
14/11 05:00 Уругвай - Колумбия
14/11 05:00 Перу - Чили
14/11 14:10 Австралия 0-0 Саудия Арабистони
14/11 17:00 КХДР 2-3 Эрон
14/11 19:00 Баҳрайн 0-1 Хитой
14/11 19:00 Кувайт 1-3 Жанубий Корея
14/11 21:00 Уммон 1-0 Фаластин
14/11 21:15 Ироқ 0-0 Иордания
14/11 21:15 Қатар 3-2 Ўзбекистон
14/11 21:15 БАА 3-0 Қирғизистон
15/11 02:00 Венесуэла 1-1 Бразилия
15/11 04:30 Парагвай 2-1 Аргентина
15/11 05:00 Эквадор 4-0 Боливия
15/11 17:00 Индонезия - Япония

«Навбаҳор» раҳбарлари билан матбуот анжумани

Баҳо:
+ | -

Наманганнинг «Навбаҳор» клуби жорий мавсуми муваффақиятсиз бошлаб, сафарда «Пахтакор» (1-тур, 0:2) ва «Сўғдиёна» (3-тур, 0:2)га имкониятни бой берди. Хуллас, айни пайтда бирорта очкога эга бўлмаган ҳолда турнир жадвалининг сўнгги поғоналарида бормоқда. «Лочинлар»нинг бундай салбий натижалари албатта, жамоа мухлисларини бефарққолдирмайди. Хўш, омадсизлик сабаблари нимада? Жамоа ҳолатини яхшилаш учун қандай ишлар амалга оширилиши керак?

Ушбу саволларга жавоб топиш мақсадида 23 март куни матбуот анжумани ўтказилди. Унда «Навбаҳор» клуби раҳбарлари ва мураббийлари иштирок этиб, ОАВ ҳамда мухлисларни қизиқтирган саволларга жавоб қайтаришди. Йиғилишни Наманган вилоят футбол федерацияси вице-президенти Баҳром Холмирзаев кириш сўзи билан очиб, жумладан, шундай деди:
- Наманган азалдан футболсеварлар юрти. «Навбаҳор» эса мамлакатимиздаги энг кўп мухлисга эга клублардан бири. Жамоа ишқибозлари довруғи ҳаттоки, хориж давлатларига ҳам ёйилган. Кўп минг кишилик мухлислар аудиториясига эга клуб шунга яраша ўйин намойиш этиши керак. Аммо сўнгги йилларда «Навбаҳор» ишқибозлар кутган ўйин ва натижа кўрсатолмаяпти. Жумладан, анчадан буён совринли ўринларни эгаллолмай, ҳаттоки, айрим мавсумларда олий лигадаги ўрнини қийинчилик билан сақлаб қолди. Жумладан, жорий мавсумни ҳам омадсиз бошлади. Бу ерга йиғилишдан асосий мақсад - муваффақиятсиз старт сабабларига ойдинлик киритиш.

Шундан сўнг журналистлар ва мухлислар жамоа раҳбарлари ҳамда мураббийларига турли саволлар билан мурожаат қилишди. Уларга дастлаб «Навбаҳор» бош мураббийи вазифасини бажарувчи Усмон Асқаралиев жавоб берди:
- Мавсумни омадсиз бошлашимизнинг ўзига яраша объектив ва субъектив сабаблари бор. Жумладан, тайёргарликни бошқа жамоаларга қараганда анча кеч бошладик. Бундан ташқари, ўқув-машғулотлар йиғини доирасида назорат баҳсларини ҳам кам ўтказдик. Уларнинг сони лоақал 10тага ҳам етмади. Ўша пайт клуб ўз қароргоҳига эга эмасди. Бу ҳам маълум қийинчиликларни келтириб чиқарди. Селекция ишлари борасида камчиликлар вужудга келди. Умуман, аксарият йигитлар сафимизга мавсум бошланишига саноқли кунлар қолганида қўшилишди. Ачинарлиси, ўтган йили таркибни шакллантиришда йўл қўйилган хатолар ҳам ўз таъсирини кўрсатмоқда. Яъни биз умид билдирган футболчилар ишончни оқлолмаяптилар, ҳисоб. Шогирдларимнинг жисмоний ҳолатлари кўнгилдагидек эмас. Уларнинг ўз формаларини тиклаб олишлари учун вақт керак. Бу гапларим билан ўзимни оқламоқчи эмасман. Аммо омадсиз стартга маълум маънода шу омиллар сабабдир.

Ёш футболчилар нима учун майдонга тушмаяптилар? Ҳа, улар ўзларини яхши томондан кўрсатишяпти. Лекин асосий таркибда ўйнашга ҳали тўлиқ тайёр эмаслар. Клубимизнинг умидли футболчилари - Виктор Мочалов, Мақсуд Ҳаитов, Қаҳрамон Муҳаммаджоновга вақти келиб, имконият берамиз, албатта. Ўтган йилги мавсумда яхши ўйин намойиш этган Собир Ҳамидовнинг эса жисмоний ҳолати кўнгилдагидек эмас. Зеро, у мавсумлар оралиғидаги танаффусни асосан янги жамоа излаш билан ўтказиб, жамоамизнинг кўплаб ўқув-машғулотларида қатнашмади. Ҳамидов ўз формасини тикласа, унга ишонч билдирамиз. Мақсадимиз тажриба ва ёшлик шижоатини уйғунлаштирган ҳолда жамоа ўйинини шакллантириш. Аммо бунинг учун маълум вақт талаб этилади.

Энди «Пахтакор» ва «Сўғдиёна»га қарши баҳсларда хатоларга йўл қўйган футболчилар хусусида тўхталсам, улар ўтган йилги мавсумда яхши ўйин намойиш этиб, жамоа муваффақиятларига муносиб ҳисса қўшишганди. Мисол учун, Жаҳонгир Меҳмоновни олайлик. У ўтган йили фаоллиги билан ажралиб турганди. Биргина хатоси туфайли ёш футболчини захира ўриндиғига ўтқазиб қўйиш яхшиликка олиб келмайди. Бу унга салбий таъсир ўтказиши мумкин. Шу жиҳатларни инобатга олган ҳолда Меҳмоновга яна имконият бердик. Афсуски, у ўз асабларини жиловлолмай, Жиззахдаги учрашувда майдондан четлатилди. Натижада 10 киши бўлиб қолдик. Бундан мезбонлар самарали фойдаланиб, дарвозамизга 2 марта тўп киритишди. Энди кейинги ўйинларда иложи борича мухлислар ишончини оқлаш ва ижобий натижалар қайд этишга ҳаракат қиламиз.

Наманган вилоят Маданият ва спорт ишлари бошқармаси бошлиғи, «Навбаҳор» клуби вице-президенти Расул Низомбоев эса қуйидагиларни қўшимча қилди:
- Жамоанинг мавсумни омадсиз бошлашини очиғи, ҳеч ким кутмаганди. Клубимиз олий лиганинг янги аъзоси «Сўғдиёна»дан ҳам мағлубиятга учради. Тўғри, Жиззахдаги ўйинда имконият бой берилганлигига бир қатор омиллар сабаб бўлди. Жумладан, дарвозамизга тўп киритилган биринчи вазиятда рақиб футболчилари томонидан Денис Романенкога нисбатан қўполлик ишлатилганди. Аммо ҳакамлар бунга эътибор қаратишмади. Бундан ташқари, бир футболчимиз майдондан четлатилди. Аммо булар мағлубиятимизга баҳона бўлолмайди. Жиззахдаги баҳсда футболчиларимиз жуда бўш ўйин намойиш этишди. Шу сабабли клуб раҳбарлари, мураббийлар штаби ва футболчиларга мағлубият учун бир ойлик иш ҳақи миқдорида жарима солдик. Умуман олганда, бундан буён клубда интизомга қаттиқ эътибор қаратилади. Ўз вазифаси ва бурчини унутган футболчиларга нисбатан кескин чоралар кўрамиз. Жумладан, мухлисларга нисбатан ҳурматсизлик қилиб, турли қилиқлар кўрсатадиган футболчилар ҳам жазоланади.

Жамоанинг натижаси учун бош мураббий вазифасини бажарувчи Усмон Асқаралиев жавоб беради. Гарчи собиқ футболчи бўлсам ва футболни яхши тушунсамда, таркиб танлаш борасида унга ҳеч қандай босим ўтказмайман, у ёки бу ўйинчини майдонга туширишини талаб қилмайман. Буларнинг ҳаммаси асоссиз гаплар. Фақатгина ўйиндан кейин ўз маслаҳатимни беришим мумкин, холос.

Якунда апрель ойидаги учрашувларда вазият ўзгармаса, мураббийлар штаби алоҳида жавоб бериши таъкидланди.

УЛУҒБЕК тайёрлади.

Манба: www.lochinlar.uz
Киритилди: 15:41, 28.03.2013.
Ўқилди: 4344 марта.
Фикрлар: 2 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.