Аббос Файзуллаев — ЦСКАнинг мавсумдаги энг яхши ассистенти. У бу борада бутун РПЛ футболчилари орасида кучли бешликда.
Жамоада эса «Гол+пас» тизими бўйича биргина Фёдор Чалов 20 ёшли ҳамюртимиздан олдинда, холос. Россиялик журналистлар РПЛда илк мавсумини ўтказаётган Ўзбекистон миллий жамоаси умиди натижаларини баралла эътироф этишмоқда. Мана, Аббос Нижний Новгородда «Пари НН» билан ўйинда 2та ассист қайд этгач, Sport24 мухбири легионеримиз билан 10 дақиқача суҳбатлашди ва энг муҳим масала ҳақида ҳам сўрашга улгурди.
— Март ойида қисқача суҳбатлашганимизда, нега бошланғич таркибда тушмаётганинг ҳақида берилган саволга лўнда жавоб қайтаргандинг: «Мураббийдан сўранг». Энди ўша вазиятни хотиржам тушунтириш мумкинми? Орада фақат захирадан майдонга тушганингни қандай қабул қилдинг?
— Мутлақо хотиржам. Тушунарлики, ҳар қандай футболчи захирада ўтириш эмас, имкон қадар кўпроқ ўйнашни хоҳлайди, жумладан, мен ҳам. Жамоага иложи борича кўпроқ ёрдам беришни истайман, лекин баъзида шундай ҳолатлар ҳам кузатилади.
— Умумий ҳолатдан сиқилмадингми?
— Эҳтимол, қайсидир паллада сиқилгандирман. Муҳими, ўйин амалиётига қайта эга бўла бошлагач, яна ишончни ҳис қилдим.
— Шунга қарамай, аниқроқ жавоб берсанг: март ойида Федотов ишончини йўқотишингга нима сабаб бўлди?
— Шунчаки, машғулотларнинг катта қисмини ўтказиб юбордим. Дейлик, қишда жамоа билан жуда оз шуғулландим, мураббий эса аста-секин яна тезлик олишимни кутди. Фақат барчаси дарҳол изга тушгани йўқ.
— ЦСКА учун мавсум қандай ўтганини бир сўз билан тавсифлай оласанми?
— Ўртача. Мавсумни соврин билан якунламоқчи эдик, аммо Россия кубоги суперфиналига чиқолмадик. «Зенит»га пенальтилар серияси бўйича ютқазганимиз алам уйғотди, аммо бу — лотерея.
— Хўш, мавсум шахсан ўзинг учун қандай кечди?
— Яхши. Ҳар ҳолда, йил давомида ривожландим — ҳам ўйин, ҳам жисмоний ва ақлий жиҳатдан. Мақсад ҳам шу: мавсумдан мавсумга янада ўсиш.
— Кузда юқори даражада ўйнадинг, баҳорда эса май ойига қадар атиги 1тадан гол ва ассист қайд этдинг. Сабаби нима?
— ЦСКА сафига энди қўшилганимда, рақиблар менга нисбатан анча хотиржам қарашди. Ўзимни кўрсата бошлаганимдан кейин эса қатъийроқ қаршилик кўрсата бошлашди, олдингидек кенг ҳудуд қолдиришмаяпти. Шу жиҳатдан мураккаблик юзага келди.
— Олимпиада ўйинлари чиптаси расмийлаштирилгач, ўзингни қандай ҳис қилдинг?
— Бу ҳар бир футболчи учун катта хурсандчилик. Айниқса, ўзбек халқи учун. Ахир мамлакатимиз тарихида биринчи марта Олимпиадага йўл очдик — ҳар ким фахрланишга ҳақли. Эҳтимол, фаолиятимдаги энг кучли ҳис-туйғуларни туйгандирман...
— Олимпиада йўлланмасини нима билан таққослаш мумкин?
— U-20 тоифасидаги Осиё чемпионатида ғалаба қозониб, ёшлар мундиалига чиққанимиз билан. Ўшанда ҳам ўта кучли ҳис-туйғуларни бошдан кечиргандик. Осиё кубогини бошим узра баланд кўтарганим — энг юксак қониқиш.
— Олимпиада чиптаси қўлга киритилганини қандай нишонладинглар?
— Жуда кўп рақс тушдик, қўшиқ куйладик — автобусда ҳам, кийиниш хонасида ҳам. Спиртли ичимлик? Йўқ, асло! Бизда спиртли ичимлик бўйича қатъий тақиқ бор. Умуман, ҳаётимда ҳеч қачон спиртли ичимлик яқинига бормаганман ва бундай режам ҳам йўқ. Ўзим хоҳламайман, динимиз ҳам бунга йўл қўймайди.
— Олимпиада ўйинлари РПЛ мавсумига тўғри келади. Бу масалани ЦСКА раҳбарияти билан муҳокама қилдингми, клуб сени қўйиб юборишга тайёрми?
— Ҳали гаплашмадим. Ҳозирча фақат ҳордиқ чиқаришни хоҳлайман. Ахир менда деярли таътил бўлмади, роса чарчадим.
— Россия термаси ОФКга қўшилса, бундан хурсанд бўлармидинг?
— Ҳа, албатта! ЖЧ саралаши ёки Осиё кубогида Россия термаси билан ўйнаш қизиқ. Айниқса, Ваня Обляков ва Чаловга қарши ҳаракатланиш ёқимли бўлса керак. Менимча, Россия термаси Осиёда энг кучли жамоалардан бирига айланарди.
— Москвага кўчиб ўтгач, кундалик ҳаётда қандай қийинчиликларга дуч келдинг?
— Ҳеч қандай муаммо юзага келгани йўқ.
— Майли, умумий ҳолда-чи?
— Ягона жиҳат — оиламни соғиняпман. Лекин Москвага келишдан олдин ҳам яқинларимдан узоқда яшадим, шундай экан, ҳаммаси одатий ҳол. Қолаверса, Москвада ўзбек ресторанлари бор. Ўзбек дўстларим ҳам етарли. Шунингдек, ҳозир акаларим ёнимдалар, қулайлик йўқ эмас.
— Таом ҳақида — Москвадаги палов сифат бўйича Ўзбекистонда тайёрланганидан пастроқми?
— Йўқ, худди ўша таъм. Танишларим ўз «чойхона»ларида палов тайёрлайдилар, уларда ҳаммаси жуда яхши чиқади!
— Охирги савол: айнан нимани орзу қиласан?
— Терма жамоа билан ЖЧга боришни, ЦСКАда чемпион бўлишни. Агар яхши тайёргарлик кўрсак ва кўпроқ ишласак, кейинги мавсум Россия чемпиони бўлиш учун етарлича имкониятга эга бўламиз.
ЭЪТИРОФ
— Аббос Файзуллаев? Тўп билан муомаласи зўр, ҳаракатчан. Унинг ҳужумдаги ролини таъкидламасдан иложим йўқ. Қолаверса, шерикларини қойилмақом узатмалар билан таъминлай олади. Виктор Давила (ЦСКА ҳужумчиси).
«Спорт-Экпресс» нашри РПЛ 29-тури рамзий жамоасига Аббос Файзуллаевни ҳам киритди. Эътиборлиси, 20 ёшли ҳамюртимиз шу билан 7-марта бундай шарафга эришди. Қолаверса, Аббоснинг «Пари НН»га қарши ўйиндаги ҳаракатлари 7,5 баллга лойиқ кўрилди. У шу тариқа ўйинлардаги ўртача балл миқдори бўйича 7-ўринга кўтарилди.
А.АҲМЕДОВ тайёрлади