Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

Танишинг: ЕЧЛнинг янги аъзолари

Баҳо:
+ | -

Поёнига етган мавсумда Европанинг топ-лигалар бешлигида кутилмаган, эҳтимол, шу пайтгача юз бермаган натижалар қайд этилди.

Яъни, кузда старт оладиган ЕЧЛ турнирида ҳар қайси лиганинг биттадан жамоаси иштирок этади. Ҳикоямиз шу ҳақда.

АПЛ: «Астон Вилла»

ЕЧЛ (ЕЧК) турнирида Бирмингем клуби 1983 йилдан бери илк бор майдонга тушади. Жамоа 1980/81 йиллар мавсумида Англия чемпиони бўлган, кейинги йилда «Бавария»ни 1:0 ҳисобида маҳв этиб, ЕЧКда ғолиб чиққан ва янги мавсумда ҳам иштирок этганди. Жорий мавсумни «Вилла» «Тоттенхэм» ва «МЮ»ни ортда қолдирган ҳолда 4-ўринда якунлади. 6 йил аввал ҳам у 4-поғонадан жой олганди, фақат Чемпионшипда. Элитани тарк этиш жамоа учун сабоқ вазифасини ўтаб, таркибни кучайтиришга туртки бўлди. «Вилла» АПЛда 1996 йилдан бери илк бор 4-ўринга кўтарилди.

Муваффақиятнинг асосий ижодкори - Унаи Эмери. У ўзининг ас мутахассис эканлигини исботлашда давом этмоқда. Эҳтимол, АПЛда ЕЧЛга чиқиш «Севилья» билан 3 марта ЕЛда ғолиб чиқишдан ёки Лига 1да «ПСЖ»дан устун келишдан қийинроқдир. Бироқ 2022 йилнинг ноябрида келган мураббий 1,5 йил ичида «Вилла»ни нуфузли турнирга олиб чиқди. Дарвоқе, Эмери ҳозир Юрген Клопп, Хосеп Гвардиола, Микель Артета ва Андони Ираола билан АПЛда мавсумнинг энг яхши мураббийи унвонига даъвогарлар рўйхатидан жой олган.

Ла Лига: «Жирона»

Мавсумда 3-ўринни банд этган Каталония клуби ўз тарихида илк марта нафақат ЕЧЛ, балки еврокубок мусобақаларида иштирок этади! Каталония Суперкубогини инобатга олмасак, «Жирона» шу пайтгача бирорта совринни қўлга кирита олмаган, энг юқори натижаси - 10-ўрин (2018 ва 2023). Жорий мавсумда ўз шогирдлари билан чинакам мўъжизани намойиш этган Мичел Испанияда касб­дошлари Карло Анчелотти, Эрнесто Вальверде, Диего Симеоне ва Марселино Гарсия Тораль билан мавсумнинг энг яхши мураббийи унвонига номзодлар рўйхатидан жой олгани бежизмас. 2021 йилда жамоани қабул қилган мураббий аввал Сегундадан Ла Лигага, энди ЕЧЛга олиб чиқди. Лекин «Жирона»нинг ЕЧЛдаги иштироки сўроқ остида. Боиси, у ва «Манчестер Сити» клуби City Football Group компаниясининг тасарруфидаги жамоалар. УЕФА «Жирона»га ЕЧЛда ўйнаш имкониятини бериши учун, компания бу икки жамоадан биридаги ўз улушини 30 фоизгача қисқартириши керак. Акс ҳолда, «Жирона» ЕЛга йўл олади.

«А» серияси: «Болонья»

Янги мавсумда Италиядан 5та жамоа ЕЧЛда майдонга тушади, Тьяго Моттанинг «Болонья»си эса топ-бешликдан жой олди. Жамоа 60 йиллик танаффусдан кейин нуфузли турнирга қайтмоқда. 1964 йилда у саралаш босқичида Бельгиянинг «Андерлехт» клуби билан куч синашиб, қуръа натижасига кўра йўлланмани бой берганди. Ҳа, ўшанда томонлар 3та учрашувда ғолибни аниқлай олишмаган, 3-ўйиндаги дурангдан кейин омад «Андерлехт»га кулиб боққанди. 1963/64 йиллар мавсумида «Болонья» ўзининг сўнгги чемпионлик совринига сазовор бўлганди. Янги аср­да жамоа 7-ўриндан юқорига кўтарила олмаган, ҳатто «В» сериясига тушиб кетган даври ҳам бўлганди. Бироқ энди Мотта ва шогирдларининг самарали ҳамкорлиги туфайли яна нуфузли турнирда қатнашиш ҳуқуқига эга бўлди. Шогирдлари билан эришилган муваффақият Моттага топ-клуб эшикларини очди, ҳозирда уни «Ювентус»нинг бўлажак бош мураббийи сифатида эътироф этишмоқда. Маълумотларга биноан, туринликлар унга 3,5 млн. евро йиллик иш ҳақи билан 3 йиллик шартномани таклиф этишган. Бунақа мулозаматни рад этиш қийин.

Бундеслига: «Штутгарт»

Германияда «Байер» ҳаммани титратгани рост. Лекин Леверкузеннинг мағлубиятсиз фантастик мавсуми бўлмаганида, «Штутгарт» барча мухлислар эътиборини ўзига жалб этган бўларди. Хотиржам мулоҳаза юритадиган бўлсак, шу камтарин жамоанинг 2-ўринни эгаллашини тасаввур қилиш «доришунослар»нинг ғолиблигидан кўра қийинроқ эди. Ахир бу жамоа охирги 2 мавсумни 15- ва 16-ўринларда якунлаган, 4 йил аввал эса умуман, 2-Бундеслига ботқоғидан базўр кўтарилиб олганди. Жамоа 2009/10 йиллар мавсумида сўнгги бор ЕЧЛда тўп сурган ва 1/8 финалгача етиб борганди. 10 йилдан бери еврокубок мусобақаларидан четда бўлди. Энди 42 ёшли Себастьян Хёнесс («Бавария»нинг собиқ президенти Ули Хёнесснинг жияни) ўтган йил апрелида жамоа бошқарувини ўз зиммасига олиб, бир йил ичида ЕЧЛга қайтарди. Унинг шогирдлари ҳам «Бавария»ни ортда қолдиришди. Мана шунинг ўзи ҳам мўъжиза эмасми?

Лига 1: «Брест»

Франция чемпионатида 3-ўринни эгаллаган «Брест» ўз тарихида илк марта еврокубок мусобақалари йўлланмасини қўлга киритди. Киритганда ҳам, шунчаки, ЕЛ ёки КЛ эмас, ЕЧЛда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлди. Эрик Руа жамоаси шу пайтгача совриндор сафидан жой олмаган, энг юқори натижаси бўлмиш Лига 1даги 7-ўринни олис 1987 йилда эгаллаганди. Жамоа ҳозир ҳам атиги 48 млн. евроли бюджет билан кифояланиб, камтарона фаолият юритмоқда. Бу маблағ Килиан Мбаппенинг бир мавсумдаги иш ҳақи учун ҳам камлик қилади. Мавсум якунига кўра, Руани лиганинг энг яхши мураббийи унвонига лойиқ топишди. Қимматбаҳо соврин танловида у Паулу Фонсека («Лилль»), Луис Энрике («ПСЖ»), Лука Элснер («Гавр») ва Франк Эз («Ланс») каби касбдошларидан устун келди. Ҳа, нисбатан тажрибаси жуда оз бўлган мутахассис шиддатли парвозни намойиш этди.

Содиқ СОБИР тайёрлади

Манба: «Интерфутбол» газетаси
Киритилди: 06:00, 12.06.2024.
Ўқилди: 3014 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.