Мамлакат миллий чемпионати – Суперлига-2024 мусобақасининг биринчи давра баҳслари "Металлург" жамоаси учун муваффақиятли кечди, деб айта олмаймиз. Жамоа 13 та ўйиннинг ярмидан кўпроғи – 7 тасида рақиблар билан очколарни бўлиб олди. 6 та баҳсда эса имкониятни бой берди. Киритилган ва ўтказиб юборилган тўплар фарқи ҳам манфий – 10:18.
Мураббийлар штаби биринчи давранинг 13 баҳсида 21 нафар футболчининг хизматидан фойдаланди – 2 нафар дарвозабон, 9 нафар ҳимоячи, 6 нафар ярим ҳимоячи ва 4 нафар ҳужумчи.
Биринчи даврада "Металлург"нинг 6 нафар футболчиси барча 13 та учрашувда майдонга тушишди. Булар - Аброрбек Тошқўзиев, Шаҳзодбек Ғофурбеков, Иван Йосович, Сардор Абдураимов, Искандар Шайқулов ҳамда Далер Шариповлардир. Мирғиёс Сулаймонов, Эргаш Исмоилов ҳамда Беҳруз Абдуллаевлар эса фақтгина биттадан ўйинда тўп суришди. Ўйинчиларнинг майдонда бўлишини дақиқалар мисолида таҳлил этадиган бўлсак, энг кўп ўйин вақти Аброрбек Тошқўзиевда – 1126 дақиқа.
Жамоанинг етти нафар ўйинчиси рақиб дарвозасига гол киритишни уддалади. Улардан ярим ҳимоячи Марко Миличкович, ҳужумчилар Далер Шарипов ва Шаҳзодбек Убайдуллаевлар 2 тадан гол муаллифлари бўлишди.
Ўйинларни бошқариб борган ҳакамлар "Металлург"нинг 13 нафар аъзосига сариқ карточка кўрсатди. Энг кўп огоҳлантирилганлар – Ризо Яздандўст, Аброрбек Тошқўзиев, Шаҳзодбек Ғофурбеков, Иван Йосович, Искандар Шайқулов ҳамда Далер Шариповлардир. Мазкур футболчиларимизда 3 тадан сариқ карточка бор. Аброр Тошқўзиев огоҳлантиришларининг 2 тасини битта ўйинда олиб, майдондан четлатилган. Искандар Шайқулов эса давранинг охирги учрашувда тўғридан тўғри қизил карточка олди.
Қуйида "Металлург" футболчиларининг биринчи даврадаги статистик маълумотлари эътиборингизга ҳавола этилмоқда. Батафсил танишиб, ўзингиз хулоса чиқаринг.