Хориж чемпионатларида тўп сураётган Ўзбекистон миллий терма жамоасининг бир нечта аъзолари ўтаётган ҳафтанинг дам олиш кунлари ўз клублари сафида расмий ўйинларда майдонга тушишди.
РОССИЯ
Маҳачқалъанинг «Анжи» клуби ярим ҳимоячиси Одил Аҳмедов Россия премьер-лигасининг навбатдаги турида ўз майдонида Москванинг «Динамо» клубига қарши учрашувда асосий таркибда майдонга тушди. Учрашувда 3:3 ҳисобидаги жанговар дуранг қайд этилган. Одил Аҳмедов эса, «Анжи»нинг учинчи голига ассистентлик қилди.
Қозоннинг «Рубин» клуби ярим ҳимоячиси Вагиз Галиулин сафарда «Амкар» клубига қарши кечган учрашув қайдномасидан ўрин олган бўлсада, майдонга туширилмаган.
Москванинг «Локомотив» клуби ҳимоячиси Виталий Денисов навбатдаги турда ҳам ўз жамоаси асосий таркибида майдонга тушди. Москва «Темирйўлчилар»и 20 апрель куни сафарда «Амкар» билан тўп сурди (0:0). Денисов учрашувда тўлиқ 90 дақиқа ҳаракат қилган.
ҚОЗОҒИСТОН
20 апрель куни Қозоғистон премьер-лигасида 6-тур учрашувлари ўтказилди. Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳужумчиларидан бири Улуғбек Бақоев тўп сураётган Павлодарнинг «Иртиш» клуби шу куни сафарда «Жетису» жамоасига қарши тўп сурди ва 0:1 ҳисобида имкониятни бой берди. Бақоев ушбу учрашувда 90 дақиқа ҳаракат қилган. Эътиборлиси, «Жетису» сафида яна бир ўзбекистонлик футболчи Шавкат Саломов тўп сурмоқда. Саломов мазкур учрашувни асосий таркибда бошлади ва иккинчи бўлим бошида алмаштирилди.
Уч нафар ўзбекистонлик футболчилар - Марат Бикмаев, Александр Гейнрих ҳамда Темур Кападзелар тўп сурадиган «Актобе» клуби 20 апрель куни сафарда «Астана» жамоаси устидан 2:1 ҳисобида ғалаба қозонди. Марат Бикмаев (90 дақиқа) ҳамда Темур Кападзелар (67 дақиқа) мазкур учрашувни асосий таркибда бошладилар. Александр Гейнрих эса, ушбу учрашув қайдномасига киритилмаган.
ХИТОЙ
19-21 апрель кунлари Хитой суперлигасининг 6-тур учрашувлари бўлиб ўтди. Ўзбекистон миллий терма жамоасига номзод футболчилардан бири - Камолиддин Тожиев якунига етган турда «Жиангсу» сафида асосий таркибда майдонга тушди. Миллий терма жамоасига номзод бўлган ҳимоячилардан бири ўз майдонида «Дальян» клубига қарши кечган учрашувда (0:1) 90 дақиқа ҳаракат қилган. «Бейжинг» сафида тўп сураётган яна бир ўзбекистонлик футболчи - Егор Кримец ҳам «Гуижоу» клубига қарши кечган учрашувда ўз жамоасининг асосий таркибида майдонга тушди ва 90 дақиқа ҳаракат қилган.
Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳимоячиси Анзур Исмоилов («Чангчун Ятай») ҳам Хитой суперлигасиниинг якунига етган турида учрашувида сафарда «Гуанчжоу» клубига қарши асосий таркибда майдонга тушди ва 90 дақиқа ҳаракат қилди.
Ушбу мавсумдан бошлаб Хитой суперлигасида фаолиятини давом эттираётган ўзбекистонлик яна бир футболчи Шавкат Муллажонов 6-тур учрашувида асосий таркибда майдонга тушди. «Лиаонинг» жамоаси ҳимоячиси сафарда «Шандонг Луненг»га қарши учрашувда тўлиқ 90 дақиқа ҳаракат қилди.
ЖАНУБИЙ КОРЕЯ
Ўзбекистон миллий терма жамоаси сардори Сервер Жепаров 21 апрель куни Жанубий Кореянинг «Сёнгнам Ильва Чунма» клуби сафида сафарда «Ульсан»га қарши асосий таркибда майдонга тушди ва тўлиқ 90 дақиқа ҳаракат қилди. Мазкур учрашувда «Сеонгнам» 1:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Таъкидлаш лозим, мазкур ғалаба «Сеонгнам»нинг чемпионатдаги кетма-кет учинчи ғалабаси бўлди. Бунгача, 17 апрель куни «Сеонгнам» ўз майдонида «ФК Сеул» жамоасини 1:0 ҳисобида мағлубиятга учратган эди. Жепаров ўша учрашувда 78 дақиқа ҳаракат қилган.
БАА
Ўзбекистон миллий терма жамоаси ярим ҳимоячиси Азиз Ҳайдаров БАА Про-Лигасининг навбатдаги турида «Аш-Шабоб» сафида асосий таркибда майдонга тушди. «Аш-Шабоб» якунига етган турда сафарда «Ал-Васл» клубига 1:2 ҳисобида имкониятни бой берди. Ҳайдаров учрашувда тўлиқ 90 дақиқа ҳаракат қилган.