Суперлигада 17-тур ўйинлари давом эттирилди. "Насаф" клуби бу тур ўз майдонида "Андижон"ни қабул қилди ва 3:0 ҳисобидаги йирик ғалабани қўлга киритди. Беллашувдан сўнг жамоа бош мураббийи Рўзиқул Бердиев матбуот анжуманида иштирок этди.
Барчани ғалаба билан табриклайман. Биринчи голимиз рақибнинг режасига таъсир қилди. Тезкор гол жуда муҳим. Бугунги ўйинда йигитлар совуққон ҳаракат қилди. Барча жабҳада эътиборли бўлдик. Ўйинни ва натижани назорат қилдик. Биз иккинчи баҳсдирки, уйда қизил карточка оляпмиз. Бу хафа қилади. Ўртадаги танаффусдан унумли фойдаланамиз. Кейинги беллашувларга эътибор қаратамиз.
Тақвимга назар ташласак, "Насаф" аввал "Навбаҳор" ва кейин Қувайт клуби билан кураш олиб боради. Танаффусда жамоанинг ўйинини йўқотиб қўйишига қарши нима қилмоқчисиз?
Бунга ҳозир эътибор қаратяпмиз. Аввал кузатилган холат бу. Машғулот жараёнларидаги айрим нарсаларни ўзгартирдик. Бундан аввалги танаффусдан яхши чиқдик. Олдин у қадар эътибор қаратмаганмиз. Энди, бу ички сиримиз. Кейинги танаффусдан сўнг ўйинга оптимал формада олиб келишга интиламиз. Жамоамизнинг жисмоний холати аъло даражада. Жуда муҳим нарса бўлгани боис, мавсумдаги қолган учрашувларга жиддий ёндашамиз.
Мана шу сценарийни бошқа жамоаларга ҳам қўллашнинг имкони йўқми?
Ҳар доим ҳам тезкор гол уришнинг имкони йўқ. Рақиб эътиборли бўлганида, шошиласиз, асабийлашасиз. Йигитларга қанчалик таъкидламайлик, имкони йўқ. Руҳан футболчилар бунга тайёр бўлиши керак. Режа амалга ошмаса, шошилмаслик керак.
Асабийлашганимизда ўйинларимиз чиқмаганини ҳам бир неча маротаба кўрганмиз. Ҳозир, шу масалада йигитлар билан ишлаяпмиз.
Бобур кўпроқ қанотда ҳаракат қилмоқда. Балки, марказда фойдаси кўпроқ тегар?
У биринчи бўлимда ҳаммасини аъло даражада уддалади. Дастлабки голда ҳам деярли ҳамма ишни у қилди. Абдухолиқовга нималарга эътибор қилишни таъкидлаган эдик. У ҳужумчи ва доим марказда ўзини яхши ҳис қилишини айтамиз. Ёдингизда бўлса, Акмал Мозговойдан марказий ҳимоячи сифатида фойдаландик. Футболчилар учун универсаллик муҳим.
"Насаф" ҳисобга ўйнаяптими? ОЧЛда бошқача "Насаф"ни кўрамизми?
Ҳар доим натижа биринчи ўринга чиқади. Баъзан, яхши ўйнаганимиз эсдан чиқади. Ёмон ўйнасак ҳам таблодаги ҳисоб қолади. Замон футболи шунга қараб кетмоқда. Шунга эътибор қаратганимиз рост, аммо мухлисларга ёқадиган яхши ўйинни кўрсатишга ҳаракат қиламиз.
"Андижон" билан уч бор куч синашдингиз. Аввалги тўқнашувлар билан таққослаганда жамоада қандай ўзгариш кўрдингиз. Кубокдаги имкониятларини қандай баҳолайсиз?
Биринчи даврадаги "Андижон"нинг ҳозиргиси билан фарқи катта. Руҳий, жисмоний ва иштиёқ масаласида "Андижон" ўзига ўхшмади. Футболчиларда бироз пасайиш бор. Биринчи даврадаги агрессив футболи ва жисмоний холати охирги ўйинларда кўринмаяпти. Ярим финалга етиб келгани бу тарихий натижа. Мураббийларнинг меҳнати бу. Омад тилаймиз кейинги учрашувларда.
"Насаф"нинг ёш футболчиларига қандай мотивация бера оласиз?
Доим, уларни кузатиб борамиз. Агар ўзини яхши томондан кўрсатса, биз имкон берамиз. Академиядаги ўйинларни доим кузатиб бораман. Ўринбосарлар жамоасига маслаҳатлашган холда жамоага таклиф этамиз. Улар тушиниши керак, мураббийлар эътиборида барчаси. Ўсиш бўлса, ўзини кўрсатиш футболчига осон бўлиб қолди. Маҳорат ва тажрибамизни сингдириб боришга тайёрмиз.
Бобур сариқ карточкаси бор пайтида ўзгартириш режаси бормиди?
Биласизми, Бобир бўлганда бу ҳақида ўйламайсиз. Ундан қизил карточка бўлиш эҳтимоли паст. Биз умуман кутмай эдик. Кейин, бошқа ўзгартиришлар қилишга мажбур бўлдик.