Ижтимоий тармоқларда Тимур Кападзенинг “Пахтакор” футбол клуби бошқарувига келиши ҳақида хабарлар тарқалди. Мазкур хабар юзасидан мураббийнинг ўзи изоҳ берди.
“Пахтакор” менга алоқага чиқди. Ниятим қанақа, режаларим борасида сўрашди. Октябрда амалиёт ўташга бораман, гаплашиб қўйганман. Ҳали Максим Шацких бош мураббий постида турибди. Ҳали истеъфо бергани йўқ. Кўрамиз. Ҳозирча расман клубдан таклиф йўқ. Фақатгина мендан бўлғуси режаларимни сўрашди. Буни вақт кўрсатади, — деди Ўзбекистон Олимпия терма жамоасининг собиқ бош мураббийи.
Бундан ташқари мураббийнинг ўзи шундай таклиф бўлса, нима деб жавоб бериши мумкинлиги сўралди.
Ҳисоблаб кўрилса, футболчилик фаолиятимнинг катта қисмин “Пахтакор”да ўтказган эканман. Клуб Ўзбекистондаги энг совриндор жамоа ҳисобланади. “Пахтакор”га меҳрим ўзгача. Умуман ўйнаган жамоаларимнинг барчасининг ўрни бор. Бу мен учун яхши чақириқ бўларди. Агар режалари, мақсадлари яхши бўлса, нима учун бу таклифга йўқ дейишим керак. Ҳозирда турли клублардан таклифлар бор. Аммо режаларим сабаб уларни ортга суряпман, — дейди Тимур Кападзе.
Маълумот учун, Кападзе “Олимпик” клуби ва Ўзбекистон Олимпия жамоаси бош мураббийи сифатида фаолият олиб борди. Тарихда илк бор йўлланмани қўлга киритган жамоа гуруҳда бир очко тўплаб, сўнгги ўринни эгаллади.